Виллем Клос (1859-1938)

Виллем Клос (Willem Johannes Theodorus Kloos) – нидерланд шоири, носир, адабий танқидчи. Амстердам университетида филология бўйича таҳсил олган.“Янги етакчи” журнали (1885) асосчиларидан бири. ХIX асрнинг 80-йиллари сўнгида Клос нидерланд адабиётининг етакчи шоири сифатида тан олинган. Клос кўп жиҳатдан Шелли ва Китс каби жаҳонга машҳур шоирларнинг шеърияти таъсирида ижод қилган; Клоснинг энг яхши шеърий тўпламларидан бири, шубҳасиз, унинг сонетларидан таркиб топган “Норасида ва Тангри китоби” мажмуасидир.1890 йилдан сўнг у ўз ижодини бутунлай фалсафий мушоҳадаларга эътибор қаратади. Бу борада, айниқса, унинг “Шеърий бандлар” деб аталмиш учта мажмуаси кенг шуҳрат топган (1894,1902 ва 1913 йилларда нашр этилган ).

ОҚШОМ

Оқшом чўкаётир сут каби ойдин,
Наъматак гуллари кундузгидан оқ.
Дераза ортидан қуйилар бетин,
Қушлар қанотидан тўкилган титроқ.
Ҳавога ҳарир бир нафосат инар,
Осмон елкасида зумуррад ридо,
Заминга оҳиста сукунат қўнар,
Кундузги ташвишга ясаб интиҳо…
На булут, на шамол беради дарак,
Шовқину ифорнинг йўқдир асари.
Бироқ нимагадир безовта юрак,
Тун қаро чодрасин ёйгани сари.
Бу қадар изтироб, ҳадик, ҳаяжон
Нимани англатар, не-га ишора?!
Билмайман,эҳтимол,қалбдаги туғён –
Ҳасратим енгмоққа излайди чора…
Оқшом чўкаётир сут каби ойдин…

ЭЙ, БЕОРОМ ДЕНГИЗ, ЭЙ, АСОВ ТУҒЁН…

Эй, беором денгиз,эй, асов туғён,
Беқарор тақдирнинг холис кўзгуси.
Эй, гуноҳи азим мулкига султон,
Эй, саховат аҳли аро эзгуси!
Ложувард тус, намхуш либосда пинҳон
Тутгайсан минг турфа қиёфанг,чеҳранг.
Лек, томчи заррангда мингларча исён,
Мингларча тазарру ҳолинг қилар танг…
Сендаги шиддатга маҳлиё бўлдим,
Мовий ёлқинларинг уйғотди ҳавас.
Кошкийди,Сен каби долғали кўнглим
Тин олса, ҳасрату ғамдан бир нафас…
Турмушнинг адоғсиз ташвишларидан,
Қутулсам, чулғаса – жисмимни ором.
Шум қисмат – тақдирнинг ёзмишларидан
Юз бурсам-у озод бўлсам батамом…
Кошкийди, бахт кулиб менга ногаҳон,
Касб эта олсайдим Сен каби қудрат,
Кошки, бўлиб қолсам денгиз, ё уммон,
Кўнглим эса Сендек бўлса бесарҳад…
Эй, беором денгиз, эй, асов туғён…

МЕН ШОҲМАН ЎЗ РУҲИМ САЛТАНАТИДА…

Мен шоҳман ўз руҳим салтанатида,
Кўнглимда ўзимга тахт қилдим бунёд.
Вужудим ҳар кунжи, ҳар бир бандида
Ўз ҳукмим, қонуним қилганман ижод.
Шодлик – ўзимники, ўзимники – ғам,
Дастёр мақомида менга фол, афсун.
Сайландим,тикландим,тан олди олам,
Энг улуғ тож бўлди раво мен учун.
Мен шоҳман ўз руҳим салтанатида…
Бироқ армонлардан эмасман холи,
Бу шуҳрат меъдамга тегар гоҳида,
Юракда бўй чўзса ишқнинг жамоли.
Бундай чоғ ўлим ҳам қўрқинчли эмас,
Фақат бир истагим мустажоб бўлса:
Жон, дея тахтимдан воз кечишим рост –
Севгилим лабидан берса гар бўса…

КЕЧ КУЗАК

Кеч кузак.
Дарахтлар заррин либосда,
Аёзли қаҳратон ташрифин кутар.
Гўё куз ҳавоси айни шу тарзда
“Ҳаётга алвидо!” қўшиғин битар.
Бир умр муҳаббат,
шеърият ҳамроҳ,
Ҳамдам бўлди Менга, табиат ростгўй.
Лек, умрим кузида
англадим ногоҳ:
Яшнамоқ ортидан – завол берар рўй…
Ва бунда ҳеч бир зот эмас гуноҳкор,
Ҳаёт ортга қайтмас, қайтаролмасмиз.
Умр дарёсининг тезоб, шиддаткор,
Мавжида биз киммиз – оқувчи хасмиз…
Ва яна бир аҳком абад устувор,
Унга мудом бўйин эгмоқлик жоиз,
Ҳеч кимга яшамоқ берилмас такрор,
Қайта гул очмагай кесилган илдиз…
Гарчи қадим аҳком
қолажак шундай.
Лек, истисно бундан ижодкор, шоир,
Зеро, у ҳар шеърда қайта тирилгай,
Шоир умри – бақо ҳукмига доир…

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси