Николас Петрус Ван Эйк (Pieter Nicolaas van Eyck) – шоир, носир ва эссенавис. Ўтган асрнинг 20-йилларида “Янги Роттердам газетаси”нинг Римдаги ва Лондондаги мухбири бўлиб ишлаган. 1930 йилда “Лейдинг” номли журналга асос солди. 1935 йилдан Лейден нидерланд адабиёти профессори бўлиб ишлади. 1909 йилда “Безалган лабиринт” номли биринчи шеърий тўплами чоп қилинган. Лирик шеърлардан ташқари “Медуза” номли эпик достони бор.
УЛУҒ ЎЗГАРИШ
Кимники қийнаган бўлса кўп азоб –
Олдинда кутади байрамлар сархуш.
У шикоят қилмас, бўлмаган бетоб,
Ҳаётини бўғган аччиқ изтироб –
Уни қул қилолмас, у энг озод қуш.
Севмас ичқоралик, шубҳагўйликни,
Билар: тақдир унга бермади омад.
Мерос қилиб олган қутли бойликни,
Дард унга келтирди ўзга дўстликни,
Нотенг курашларга киришмас ҳеч вақт.
У ҳаёт қозонин қолдирар бутун,
Хотиржам бажарар бурч дарсларини.
Исроф ҳам қилмайди қалбининг ўтин,
Қизил қуёш ёққа боргайдир сокин,
Ўрганар оқимнинг тинч тарзларини.
Кун йўлин битказган ерда ҳалокат,
Ундан ўзлаштирар фақат саботни,–
Шарқда нур чақнашин қилиб башорат
Кумуш оқимларга термилар фақат,
Қутлар бутун борлиқ, мангу ҳаётни.
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси