Лакшми Прасад Девкота (1909-1959)

Лакшми Прасад Девкота (लक्ष्मीप्रसाद देवकोटा) – Непал шоири, драматург, адиб. У Непалнинг Меха Киви (“Энг улуғ шоир”) унвонига сазовор бўлган. Шоир илк таълимни Катмонддаги Олий Дурбар мактабида олди, санскрит имлоси ва инглиз тилини ўзлаштирди. Сўнгра санъат коллежида бакалавр даражасини қўлга киритиб, Патна университетини тугаллади. Орадан ўн йил ўтиб, адвокатлик касбини эгаллади. 1930 йилда отаси, онаси ва икки ойлик боласининг фожиали ўлими туфайли кучли руҳий зўриқишларни бошидан кечириб, узоқ йиллар шифохонада даволанади.

БИЗ – НЕПАЛЛИКЛАР

Непалликлар!
Биз баҳор тонгининг фарзандларимиз,
Уйғонган Осиё болалари,
Ҳимолай ўғлонлари.
Бунда қуёш чорлар,
Туғилар тонглар.

Қад ростладик қадим
Гулгун ўлкада,
Будда тупроғи – ёш.
Аранико сувратлари сўзлайди биздан
Сахий, беқиёсдир ҳосил туҳфаси.

Аждодлар орзуси – ёруғлик сари,
Йигирманчи аср непалликлари.
Нафратимиз кучли зулмга,
Қадрлидир инсонлар эрки.

Дунё қўшиқларида
Ҳозирча сокин
Таралади бизнинг овозлар…
Аждодларимиз
Барча амаллар
Ҳимолай гуллари бўйида.
Шараф бўлсин осмон,
Тоғларимизга,
Кенгликларимиз
Ёввойидир, ибтидойидир.
Биз – дунё даракчилари,
Чорлагаймиз –
Муҳаббат
Табиатга меҳр,
Халқлар, мамлакатлар –
Барига – тинчлик.

Жилғаларда
Ҳинд тупроғига
Ҳаёт оқар
Ҳимолайнинг қорли кўксидан
Биз – шарқликмиз,
Қуёшга яқин,
Қуёш йўлга чиқар шу ердан.
Шу улкан сайёра – бизнинг уйимиз,
Яшагаймиз бағрида абад.
Барча каби,
Халқлар сингари.
Кимнинг кўнгли очиқ –
Оғамиз, дўстдир,
Кириб келсин очиқ юз билан!

БАҲОР

Арилар ғув-ғуви
Қуш сайрар тонготар
Камалак шуъласи
Тоғ этаги лиқ-лиқ қуёнлар…
Келди,
Келди мафтункор фасл!
Юрак
Тўхтаб қолган каби
Ҳайратдан
Олисларда
Ибтидоий ғира-ширалик,
Қачонлардир худди шундай
Қувонч чақнаган:
Илк бор ерни ёритган
Нурлар,
Дарёларда оққан
Бинафша тўлқин.
Ҳимолайнинг
Қоронғи тепаликлари
Ёришиб кетган
Чўққилардан энган шуъладан.
Бу тонг кўз очиб
Дунёга қаради меҳрибон Шива2 .
Қара,
Қуёш саф-саф чўққилар аро!
Осилиб,
Ярқирар
Улкан қора кўланка узра.
Илк бора учрашдик
Урваши билан,
Викрам қотиб қолди
Ҳайратдан.
Барча донолару
Парвоналарни
Бир жойга йиғиб,
Биринчи парвозга йўл олди озод –
Кўз ўнгида ястанди олам.
Бу очун-эзгуликлар макони,
Фаровон абадият.
Ғувлайди каптар
Мадҳ этар
Борлиқ севинчин
Яшил новдалар соясида.
Кўнгилларда
Мангу
Муқаддас
Ишқ жавоҳири,
Барча кириб борар
Оқ дарвозага.
Фусункор фаслда гуллайди кўклам,
Орзу юксалади,
Қудратлидир илҳом қаноти,
Куртаклар, куртаклар…
Муздай шаффоф ҳаво
Атиргулларда…
Юракни тарк этмас умид
Чек-чегара билмас
Гўё гулзорлар.
Атиргул бўйидай
Таралади бахт.

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаcи