Нелли Закс (1891–1970)

Нелли Закс (Nelly Sachs) – таниқли немис шоираси. Берлинда яҳудий оиласида туғилган. Ўн беш ёшидан мифологик сюжетли шеърлар ёза бошлайди. 1940 йили Германияда юзага келган сиёсий кескинлик туфайли онаси билан Швецияга кўчиб ўтади. У ерда швед шоирларининг асарларини немис тилига таржима қилиш билан машғул бўлади. 1960 йили шоира Аннет фон Дросте-Хюльсхофф мукофотини олади, 1961 йили Дортмунд шаҳри ҳокимияти унинг номида мукофот таъсис этади. 1966 йили Нелли Закс адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати бўлган.

ЖИМЖИТЛИК

Шундай пайтлар бўладики
вақт шаффофликка айланар
ва қуёш уфққа ёнбошлаган чоғ
ўт-ўланлар қоплаган қабрда
ўзидан хабар берар нариги дунё.

Пальма япроқлари товланиши
саҳро ёлғиз эканига далолат.
Ўтган умр нурга тўла
ибодат калимасида
мармар манба юзасида сокинлик ичра.
Қулоққа тутилган чиғаноқ
мусиқа қутисидай садо берар.

О, митти қулоқдаги азамат уммон!
Оҳ, муҳаббат рақси
даврнинг юпқарган китобин жилди.

Ва бунинг ҳаммаси умр эди –
бефарқ тушдир қора жодугарнинг салтанатида
ва унут бўлган
қонли атиргул тикани
ёдингга ханжардек санчилар.

Синган чақмоқ
бўроннинг ниқобин ёритар,
фил суяги соҳили
чўкар қоронғиликка.

ҚАЙДАКИ ТУН – СЕН БОР

Қайдаки тун – сен бор
дунёни тарк этмоқ сабоғин олгувчилар-ла
узоқдан
қўлларинг мачтани ранго-ранг бўяр
қулоқ чиғаноғингга ноталар йиққан
нотаниш денгизнинг жуғрофий харитаси-ла
кўприк у пойдеворларни
бундан унга элтмоқ
энг оддий вазифа
бунинг жавоби
ўлаётганларгагина маълум.

ЭНГ СЎНГГИ МАВТ БЎЛГУВЧИ

Энг сўнгги мавт бўлгувчи
қуёш заррасини
олиб кетар дудоқларида.
Тунда момақалдироқ даҳшат солар
жон талвасасида.

Қон ила жўшган
барча тушлар,
Чақмоқ қиличида
узилиб тушади елкаларидан
Ва осмон терисида излар қолдиради
Сирли Ибтидодан.

Ва юлдузлар кўчасин кезиб
Заминга тушиб келар
Нуҳ кемаси.
Шунинг-чун бу ерда
ким қазо қилса охирги бўлиб
кавуши сувда қолар.

Унда балиқ сузар
Ватандан мосуво
унинг сузгичи ёйилган қора муҳитга
ва қабрга элтади, холос.

КУН ОЁҚЛАГАНДА

Оқшом қоронғисига кун чўккан маҳал
шакллар йўқолган паллада
ягона бирликка қўшилса ёлғиз овозлар –
ҳайвонлар йиртқичлигин қилмайди ортиқ
ёки ўлжа бўлмас бошқаси –
фақат гул атрини сақлайди бироз.
Ибтидода бўлгани каби
ҳамма нарса ўз исмини унутган чоғда
сен вақтнинг ер ости йўлакларидан борасан,
улар ошкор этади
Интиҳода ким турганини –
қоронғи борлиқдан
юрак зарралари ўсаётган жойдан
сен пастга тушасан –
ўлим ортингда қолар
у бор-йўғи йўлнинг кичик нуқтаси –
чиқиш йўлагига боқмасдан туриб музлаганча
аллақачон янги бир юлдуз
нурин тўккан кўзларингни очасан

Рус тилидан Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси