Габриеле Келлер (1937)

Фолклоршунос олима, моҳир сураткаш, этнограф, ҳикоянавис ва шоира Габриеле Келлер хоним (Gabriele Keller) 1937 йил 10 апрелда Германиянинг Фрайбург шаҳрида таваллуд топган. Унинг “Етти тош”(1987), “Бир бор экан…”(1996), “Самарқанд эртаклари”(2001), “Ўзбекистонда аёллар маданияти”(2002), “Мактабда эртакни ўрганиш”(2002), “Эртаклар ватани — Ўзбекистон”(1999) сингари асарлари босилиб чиққан. Олмониялик бу ижодкор аёлнинг ватанимизга чексиз муҳаббати унинг фаолиятида бўй кўрсатиб турибди. “Мен озод ва ҳур Ўзбекистонни, унинг меҳнаткаш, бағри кенг, меҳмондўст халқини узоқларда туриб соғинаман. Бу халқнинг эртаклар оламига мафтунман. Шу эртаклар боис кўнглимда шеър ёзишга рағбат уйғонди”, дейди Габриеле хоним.

ИБТИДО ВА ИНТИҲО

Қуёшу ой, юлдузли осмон,
Миллиард йиллаб чайқалган уммон.
Гўдак қалби – шабнамдек тоза
Ҳаёт номли сирли дарвоза.
Кулиб кутиб, йиғлаб кузатиб,
Гоҳ гул тутиб, гоҳ тошлар отиб,
Шундай яшар…
Ибтидодан интиҳо қадар…

* * *

Қордек оқ қуш келиб – бир оққуш келиб
Мени олиб учди боқий дунёга.
Атлас қанотлари шовуллаб кетди,
Тоғларнинг устидан учдик баландроқ,
Қанотларнинг ипак шивирларидан
Баногоҳ ўз исмим чиқди ёдимдан.

Пастликда лимиллаб оқарди дарё,
Ажаб дарё тўла хушбўй қовунлар…
Тўлқинлар кафтига қўйиб бошини,
Гўё полизларнинг олтин тошлари,
Оқиб чиқар эди дарё тубиндан.

Шунда менинг қордан оқ оппоқ қушим,
Атлас қанотлигим, ипак товушим,
Пастликка шўнғиди, синдириб тунни,
Тўлқинлар бағрига ўзимни отиб,
Ундан тутиб олдим битта қовунни.

Бир илоҳий сувлар, гўзал томчилар
Ёмғирдек қуйилди устимга шу он.
Патлари шалаббо бир оққушсимон,
Ҳайратдан лол қотдим. Сокин ўлтириб
Жаннат бўйларини жонимда туйиб,
Мен мириқиб едим, сирли қовунни…
Ёнимда ҳис қилиб совуқ ўлимни…

Сўнг кўзимни очиб оқ тонгни кўрдим,
У атлас қанотли оққушим эди…
Бир нафас кўз юмсам, қўрқинчли товуш:
— барибир мен бир кун қайтаман, деди…

Ажабо, бу ёруғ, кенг пешонамга
Неларни битибди тақдири азал.
Уриниб-суриниб яшаймиз мудом
Инсон боласи деб бўлсин мукаммал.
Паймона тўлганда ойдек тўламиз,
Не ёзуғ борлигин шунда кўрамиз…

* * *

Мен – навқирон, дунё навқирон,
Куз фаслининг келмайин гали.
Боғимга бир қушча келарди
Олмалар ғарқ пишган маҳали.

У қандайин қуш эди, ё раб,
Чақмоқ эди зар қанотлари.
Боғлар бахтдан энтикар эди,
Гўзал ранглар – қуш баётлари.

Бизнинг жажжи, файзли гўшада
Узоқ-узоқ қолиб кетарди.
Мевалардан тўйиб ерди у,
Ўзи билан олиб кетарди.

Ўғлонларим қуш орзусида
Не тунларда бўлса-да соқчи.
Сочларини силаб, оғушлаб
Уйқу эди гўзал пойлоқчи.

Аммо бир тун кенжатой ўғлим
Қушни отди ўз камонидан.
Боғлар уввос тортиб юборди,
Томчилади қон армонидан.

Қора қонга бўялган эди
Сирли қушнинг нозик патлари.
Унда чил-чил синиб ётарди
Чақмоқ ёнган зўр қанотлари.

Ёруғ олам жавоҳири ул!
Ўғлонларим қийқирди шодон.
Сўнг қуш излаб, йўлга чиқдилар,
Топишолмай, излашар ҳамон…

ОҚҚУШ МАЛИКА

Мени севмоқ учун, қул қилмоқ учун,
Ўзимга бўлсин деб гўзал асира.
Оққуш қанотларим кесиб ташладинг,
Само саодатин унутгин дея.

Рўзғорнинг туби йўқ чоҳига отдинг,
Раво кўрдинг менга одам қисматин.
Дунё ташвишлари, нафс талвасаси,
Адоқсиз уқубат, ҳаёт ғалваси,
Қанотлар шитирин тингладим беун.

Сен қайга яширдинг пат либосимни,
Мен уни изладим бир умр маҳзун.
Тўрт фасл – ёзу қиш беилож ва хун
Нурдан бино бўлган, тонгдайин маьсум,

Оҳ, уни топсайдим, топсайдим қани,
Учардим самога қалбимни очиб,
Сенинг дилхун, ишқсиз боғингдан қочиб,
Оққушлар тўдасин айлаб Ватаним…

* * *

Сеҳрли либосинг ўтга отганим,
Махлуқ терисини ёпганим учун,
Кетиб қолдинг сен.

Энди сени излаб, дайдиб, тентираб,
Дунё кўчаларин кезмоғим даркор.
Гоҳо тўқ, гоҳ бурда қотган нонга зор.

Балки сўнгги бурда нонимни егач,
Зилол булоқлар ҳам бир калом дегач,
Сени топарман.

Қўлимда тутганим темир ҳассам ҳам,
Игнадай ярқираб ерга тушганда,
Темир кавушларим йўл азобидан
Тўзиб, қиёфамни ажин босганда,
Сени топарман…
Бироқ, мен танишингга қиламан гумон…
Махлуқ либосингни ёнгани армон.
Аммо сени севган ва ё сен севган товуш
Ўша… ўша ҳамон…
Сен уни танийсан бегумон…

* * *

Ой ва юлдуз нурларидан
Кўйлакчалар тикдим сизга.
Шудринг ила ювдим уни
Нурлар сепдим изингизга.

Бу кўйлаклар қайчи тиғин,
Нина заҳрин сезмаганлар.
Унда ўсган меҳрим гулин
Жоҳил қўллар эзмаганлар.

Бу кўйлаклар чокларига
Томган меҳримнинг тотлари.
Бу кўйлаклар муҳаббатнинг
Гўзал олтин қанотлари.

* * *

Оҳанграбо – тилсим тош
Оташга жим қўйган бош,
Руҳим ила ўйнайсан.

Кўкрак – юрак қафаси,
Ернинг илиқ нафаси…
Туясан ё туймайсан.

Кўздан томган жолани-
Юракдаги нолани
Ёки кўзга илмайсан..

Сен юлдуздек парпираб,
Қуёш каби ярқираб,
Кўз оласан – синмайсан.

Аллоҳдан келур нидо:
“Йўқдан бор бўлган дунё”
Руҳ шодланар жилмайсам.

Оҳанграбо – тилсим тош,
Менинг олов фариштам,
Сен қалбимни билмайсан…

Шарифа Салимова таржималари