Ханс Магнус Энценсбергер (1929)

Ханс Магнус Энценсбергер (Hans Magnus Enzensberger) жаҳонга машҳур немис ёзувчиларидан биридир. У насрнавис сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам бирдек танилган. Шунингдек, ноанъанавий усуллар тўғрисидаги адабий- танқидий мақолалари адабиёт ихлосмандларида қизиқиш уйғотган.
У 1929 йилда Германиянинг Кауфбойрен шаҳрида туғилган. Ҳозирги даврда Мюнхенда истиқомат қилади. “Булутлар тарихи”, “Ребус”, “Вужуд остида” сингари кўплаб шеърий тўпламлари босилган. Унинг шеърлари ўзбек тилига илк бора 1997 йилларда ўгирилган. Робия Абдуллаева ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржимасида “Ёшлик” журналида босилган ўша шеърлар “Танишув” китобига (Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 2000 йил) киритилган.

ВУЖУД ОСТИДА

Бу зим-зиё коинот
вужуд остидаги коинотдир.
У хаёл сурмайди.
сен пинакка кетар экансан оромингга ором қўшар у.
Ер ости маъбуди Плутонга хос нотинчлик,
ерда, кўкда содир бўлажак зилзилалар
улкан кимёвий офатлар чизгилари
зоҳир бўлган идишга у ҳам алоқадор.

Туш кўраётганинг – чакалакзорлар
энг олис ўтмишларга хос.
кўзни алдайдиган ранглар.
ҳовури чиқаётган ҳаво.
оби ёвғон.
урчитилаётган текинтомоқлар.
антиқа тўда
йилт этиб ўтиб кетаверади,
қирилиб битар йилт этганида.
Цайтрсфер асбобида шундоқ тасвир,
сен эса не бўлаётганини билмайсан.
Тинчгина, сокингина нафас олиб ётибсан,
ҳеч нени кўрмайсан, ҳеч нени эшитмайсан.
нелар содир бўлаётир – ишинг йўқ.
Оператор эса
ичингга
резина ичак юбориб
кузатиб турибди
улкан экран оша
тан аъзоларининг
қий-чув шовқинларини.

ЛЕВИАФАН*

Бу тарвақайлаб кетган махлуқ
бўрни паққос туширди кўз олдимизда.
оқ тишларини кўрсатиб тиржаймокда у.
Агарда гапирмоқчи бўлса
тепадан пастга қараб гапиради
ўзининг тушуниксиз олмон тилида.
Биз аниқ биламизки,
у қатлиомда устаси фаранг,
ҳар жойда ҳозиру нозир.
Очофат. Овқат берсанг еб тўймас сира,
одамови,
ёкимсиз.
Гоҳо гандираклаб йиқилиб қолар,
сўнг ўрнидан туради аранг.
У бизсиз, хеш-ақраболарисиз
ҳеч кас эмас.
У елимталоқдек бизга ёпишар,
бу абадий мижғов жонимизга теккан,
бу бефойда махлуққа
иши тушмас ҳеч кимнинг.
_____________
* Левиафан – Тавротда номи келтирилган денгиз ҳайвони.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржималари