Малачи Эдвин Ветамани (Malachi Edwin Vethamani) – Тайлор университети профессори, Ноттингҳам университети файласуфи. Замонавий малай адабиётининг йирик намояндаси, шоир, публицист, ҳикоянавис. Бир қатор халқаро мукофотлар совриндори.
ЁШЛИКДАГИ ТУЙҒУЛАР
Ёшлик туйғулари шафақ рангида –
Куюк, ошкора
Сўнмоқда қувват
Бемажоллик таъқиб қилмоқда
Бесамарлик ундар руҳият сари
Ақлсизлик ақлни қилар калака.
Мудҳиш ҳақиқатлар сўник орзуларнинг
Ўрнин эгаллар –
Буткул тугатар.
Тўзғиб юрар истаклар
Таъсирин ўтказар инқироз
Тўхтовсиз ихтилоф чарчатган уни
Ақл, йўқолган қувватга тўкади кўз ёш.
НОТАНИШ ЙЎЛ
Манзил олис, масофа олис,
Аён этмоғимнинг ўзи ноаён.
Рўпарамда туради тилсим
Рўпарамда адоғсиз макон.
Не махлуқот, не синоат у,
Зулмат ичра тўқнашган девор.
Оёғини судраган базўр
Она маймун ғамбода, ночор.
Машинанинг ғалат товуши
Тўхтатдими сени йўлингдан?
Оёғингда турибсан титраб,
Ҳадикдасан мендан… ўлимдан…
Секинладим, секин тобора
Сенга тикдим икки кўзимни.
“Чекинарми бу жонли девор?”
Деган хаёл чулғаган кўйи.
Йўқ, сен-да менга тикилдинг узоқ,
Сўнг қичқира кетдинг дафъатан.
Кўзларингда акс этар сўроқ,
Кўзларингни қайғу қоплаган.
Ўтдим-кетдим сенинг ёнингдан,
Ортга қайрилмоққа бетламас юрак.
Ич-этимни тирнар қайғу ҳам уят,
Лек Ҳаёт дегани баридан юксак!
ҚАСАМ
Ҳозир ҳаяжон-ла жаранглар илк Сўз,
Истаклар, орзулар бирлашган нуқта.
Илк сўз. Сўнгсўз.
Узун кечаларда тасалли, таскин,
Туйғулар озодлик истайди бунда.
Ҳамкорлик ўлимга қадар. Тугамас.
Ҳузур-ҳаловатнинг ўйи шундадир,
Асир истакларнинг кўз ёши шунда.
Хира соя бир зум тарк этмас.
Парвозлар тўғнағич измида,
Эслатар болалик ўйинларини.
Ўлим томон элтар Озодлик.
Тугаб битар муаттар ифор,
Қўли билан имлайди Ўлим.
Сен айтасан такрор ва такрор:
“Бажараман! Шу сўнгги сўзим!”
Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси