Иван Чаповски (1936)

Иван Чаповски македон шоири, романнавис ва публицист. 1936 йили Воденскода туғилган. Скопье давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Илк китоби 1963 йили нашр этилган.

ЮРТ САРҲАДИ

Бобом ёш чоғида ғайрати жўшиб,
Топмоқ бўлди юртин бўйига мезон.
Йўл босди денгизга қадар ўн беш кун,
Тепаликка чиқиб тикилди ҳар ён.
Уфқ – бепоён.

Сўнгра юрт энини ўлчамоқ бўлди,
Оналар қўшиғин тинглаб босди йўл.
Тепаликка чиқиб боқди-ю, бироқ –
Ҳайрат ичра қотиб қолди ул:
Ҳали йўл йироқ.

Энди тоғ томонга ташлади қадам,
Ўқдону милтиғин қўлига олди.
Неча бор алмашди ўқдон, милтиқ ҳам,
Аммо юрт сарҳади қаёқда қолди?
Охири толди.

Йиқилди Ватанин тупроғин қучиб,
Юрагу милтиғи занглаб беомон.
Деди: яна бир кун бўлганда кучим,
Македонияга топардим мезон.
Шу бўлди армон!

Носир Муҳаммад таржимаси