Хосе Форнарис (1827-1890)

Хосе Форнарис (José Fornaris) – Куба шоири.

ЎЛКАМ ТОНГИ

Мунча гўзал, мунча шукуҳли
Уйғонишнинг қувонч ҳузури.
Сирли титрар нам япроқ узра
Саҳар чоғи ойнинг оқ нури.

Ана, тўти, қанот қоқади,
Гуаява шохлари ора.
Мафтун этар сеҳрли патлар,
Товланаркан ранго-ранг, сара.

Товланади гоҳ зумрад бўлиб,
Жимирлайди каҳрабодай гоҳ.
Бунда хурмо — жаннат меваси,
Манголардан кўз қувонар, оҳ!

Қаҳвазорлар оралаб тонгда,
Уватлару сўқмоқлар бўйлаб,
Африкалик қоровул борар
Найига дил розини сўйлаб.

Бошланади қушлар чуғури,
Сайраб қолар қумрилар ёниб,
Ҳар томондан вовуллар итлар,
Қўй-қўзилар маърар уйғониб.

Чигирткалар чириллаб ҳали,
Завққа тўлиб чалар созини.
Чала уйқу қишлоқ хўрози
Ишга солиб бор овозини,
Бўйнин чўзиб қанот қоқарак,
Тонг отди деб бермоқда дарак.

Мен бўлсам-чи, ердан кўз узиб,
Тикиламан кўкка юз буриб.
Осмон узра туманлар ора,
Эриб борар хира ой нури.

Биламанки, мана шу осмон,
Англиянинг осмони мисол
Бўлса ҳамки рутубатли — нам,
Гўзалроқдир асли юз чандон
Италия осмонидан ҳам!

Менинг учун жуда ҳам азиз,
Болалигим тиниқ осмони,
Порлаб турган шу ёруғ қуёш.
Бир замонлар унга энтикиб
Боқмаганми, онам кўзда ёш?!

Шу ерда мен биринчи даъфа,
Севган эдим ўтда тутоқиб.
Ва севгилим чаккаси узра
Қўйган эдим нилуфар тақиб.

Мен шу мовий осмон остида
Қамишзорлар ичра улғайдим.
Ҳавосидан гупурди қоним,
Навосидан кенг қулоч ёйдим!

Бутун қалбим билан севаман
Юрт осмонин ҳаддан зиёда:
Ахир менга бундан гўзалроқ
Бошқа Ватан йўқдир дунёда!

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.