Рохелио Синан (1902-1994)

Рохелио Синан (Rogelio Sinán) – атоқли панама шоири ва носири, педагог. Асл исми Бернардо Домингес Альба. Панама Миллий институтини тамомлаган. Сўнг Чилида таҳсил олади ва бу ерда Пабло Неруда ва Габриела Мистраль каби машҳур шоирлар билан ҳамсуҳбат бўлади. Йигирма беш ёшида илк шеърий тўплами – “Тўлқин” чоп этилади. Кейинчалик “Тўлин ой” романи, шеърий китоблари, кўплаб ҳикоялари эълон қилинган. Р.Синан болалар учун ҳам асарлар ёзган. Рикардо Миро номидаги мукофот ва бошқа нуфузли совринларга сазовор бўлган.

САЙР

Булутлар – болалар
бошланғич синфда
китобларин олиб
йўлга тушдилар.

Шамол – учқур тулпор
элтар уларни
нозик белида.

“Чу!” “Чу!” Ана кетишди.
ва фақат
“Хайр!” – дер мўрилар,
тутун дастрўмолин силтаб.

ЮЛДУЗЛАР

Тунги дарахтга
барин осарлар.

Ким уларни йиғиб олади?

Ҳеч ким!
Чунки тонгда қуёш –
бободеҳқон
барин етилган деб
узиб олади.

Ажойиб ҳосил!
Юлдузлар!
Шарбати қандай тиниқ!

ОФТОБ

Қари қуёш нуридан сармаст
безовтаҳол ухлар пишиллаб
шумлик қилиб тўйган боладай.

Оғзидан оқади томчи-томчи нур.
Қара! Дарёларга тўкилар биллур.

(Кунларнинг ёлғиз чироқчиси
Меридианда ҳорғин тўхтади.)

Бечора
қари чироқчи!..

Нури шаробидан сармаст
қуяр уни дарёлар узра.

Ахир, бу дала учун эмасмиди?

САРОСИМАЛИК

Кўзларинг туҳфа этган
сўзларни йиғиб
туздим
дудоқларинг учун
севги қўшиғин.

Ўзингдан яралгач,
нозик ва қувноқ бўлармикан?
Ёки ғамгусор?

Бари шубҳа ичинда!

Менга шивирладинг-у
сўзлар
телбаларча уча бошлади.

Сеникимиди?
Меникимиди?

Бизни тан олмади улар!

Энди улар тун ичра қолган
унсиз қалбимизнинг садоларидир.

Испан тилидан Ҳилола Рўзиева таржимаси