Мигель Отеро Сильва (Miguel Otero Silva) Венесуэла адабиётининг йирик вакили, “Навқирон 28-йил авлоди”га мансуб шоир ва адиб. 1925 йилда адабий журналда илк шеърлари эълон қилинган. 1930 йилда унинг “Тўмтоқ симфониялар” деб номланган юмористик шеърлари чоп этилган. “Сув ва ариқ” (1937), “25 поэма” (1942), Андрес Элой Бланкога аталган “Мунгли қўшиқ” (1958), “Уммон – ҳалок бўлиш демакдир” (1965), “Самовий туйғулар” (1965), “Бўсаға” (1966) шеърий тўпламлари нашр қилинган. 1955 йили Миллий адабиёт мукофоти билан тақдирланган.
БУРҒИ
Нефть конлари бор ерни,
Венесуэла ерини
чуқур-чуқур қазар бурғи.
Қора терга ботар ишчи.
Венесуэлалик ишчи.
Ўкириб ишлайди машина,
Америкада чиққан машина.
Дўқ уради инженер, сабаби
у ҳам, машина ҳам аслида – янки.
Венесуэланинг берч тупроғини,
Венесуэланинг метин тошини
майда-майда қилар машина,
Америкада чиққан машина.
Ҳиндуми, ҳабашми, мулатми –
Венесуэланинг нефтчиси
америкаликнинг очкўзлигини,
унинг нефтга ўчлигини
қондириш учун
ўз юртининг юрак-бағрини
бурғи билан тилка-тилкалаб,
қора терга ботади.
Янки – инженерлар дўқ урар,
Янки – машиналар ўкирар,
Янки – цистерналар карвони елар.
Кумуш қувурларнинг ичидан
мушфиқ Венесуэланинг
нефть дарёси оқади ғамгин.
Нефтнинг қайнар булоғини
кемалар бандаргоҳида –
Венесуэла бандаргоҳида
янки – танкерлар ютар.
Венесуэла ишчиси
уйга қайтар ярим тун
ҳорғин, оч, уст-боши кир.
Отасини қарши олар
қорни оч бола-чақа
остонада мунғайиб.
Эрнинг коржомасин олиб,
кир ювар экан хотин
тоғорада сасиб кетар
бадбўй мойли мағзава.
Аёл қўрқиб яшар доим:
қўшнининг навқирон ўғлин
янкиларнинг машинаси
қилган эди жувонмарг.
Аёл қўрқиб яшар доим:
бечоранинг эрини ҳам
янки – машина чайнаб,
нобуд қилади бир кун…
Кечки овқат учун аёл
ярим коса ловияни
эр олдига қўяди.
Оғир танкир зўрға силжиб,
бандаргоҳни тарк этар…
Рокфеллерлар даромади
ошар, тошар, кўпаяр.
Лондонда ишбилармонлар
Парижга бориб-қайтиш
қулай бўлиши учун
Ла-Манш бўғози узра
кўприк қуришни кўзлар.
Нефть, бу – кони фойда, дейди
мазахўрак бўлганлар.
Нефтнинг шарофати билан
кемалар, ресторанлар,
авто, манто, палаццолар,
жанобларнинг мундирига
зар пагонлар, зар жияклар,
хонимларнинг ғоз бўйнига
шода-шода дур-маржонлар.
…Венесуэланинг олис
қишлоқларида эса
капалаб-капалаб
тупроқни ейди
очликдан шишиб кетган
норасида болалар…
Акциялар кўтарилди,
ошиб кетди дивидендлар.
Венесуэла нефтининг
шарафига қарсак чалинг.
Чуқур-чуқур қазар бурғи
нефть конлари бор ерни,
Венесуэла ерини.
Янки – машиналар ўкирар,
янки – инженер дўқ урар,
янки – цистерналар карвони елар.
…Қора терга ботар ишчи.
Венесуэлалик ишчи.
СЕНИНГ ОВОЗИНГ
Сенинг овозинг
Менинг шеърларим
жанг қилаётган ҳандақларни
гулларга буркайди.
Сенинг овозинг
менинг руҳимнинг
митти осмонини
мусаффо кенглик,
чароғон юлдузлар билан қамрайди.
Сенинг овозинг
теран кўлнинг ўртасига
митти тошча отилган пайт
сув чамбарак мавж бўлиб таралганидек
менинг қоним денгизида
ҳалқа-ҳалқа бўлиб тарқалар.
Сенинг овозинг
сукунатни бузган чоғда
менинг юрагимдан отилиб чиқар
қўнғироқлар жаранггию
қушлар парвози.
Тоғдаги булоқларнинг
шарқирашин жонлантириб
куйлашингни севаман.
Гуллаган боғнинг
хушбўй ифорини анқитган
баҳор шамолининг титроғидек
мусиқий овозингни севаман.
Мен ҳаттоки,
сенинг жимжит
турганингни ҳам севаман.
Чунки
қўшиғингнинг дебочаси эрур сукунат.
Ўлим каби аниқ, муқаррар
муҳаббат билан
Сенинг овозингни севаман.
Узуқ-юлуқ сўзлар билан –
баҳор ва қон ҳиди келган
сўзлар билан,
адашган болалардек
тунда мени излаган сўзлар билан,
оловнинг зангори тиллари ила
вужудимни ялаб, руҳимни тилиб
куйдирган сўзлар билан,
ҳатто сўзга ўхшамаган сўзлар билан,
бироқ бахтга ўхшаган эрка сўзлар билан
менинг қучоғимга тўкилган овозингни севаман.
Севгимизнинг бепоён ўрмонларини
чулғаган ёнғин овозингни,
кундуз куни ҳам оқшом
ёнимда ҳар доимо
юракдан чиққан овозингни севаман.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси