Мануэль Фелипе Рухелес (Manuel Felipe Rugeles) шоир, журналист ва сиёсий арбоб. Венесуэланинг Буэнос-Айресдаги элчихонасида адабий маслаҳатчи, Таълим вазирлиги муассасасида директор ва бошқа лавозимларда хизмат қилган. Унинг “Кўза” (1937), “Дайди куй” (1942), “Туман қоплаган қишлоқ” (1944), “Осмон эшиги” (1945), “Сендан таралаётган ёруғлик” (1947), “Жануб ва шимол қўшиғи” (1954), “Олтин бекат” (1961) ва бошқа китоблари нашр қилинган. 1955 йилда Миллий адабиёт мукофотига сазовор бўлган. Умрининг сўнгги йилларида “Пико-Пико” номли болалар журналига асос солган.
МЕНИНГ УЙИМ
Менинг уйим сут билан асал конидир лим-лим,
Супрам тўла оппоқ ун, омбор тўла буғдой дон.
Меҳмонми, мусофирми, эшигимдан келса ким,
Дастурхонимда тўла иссиққина хушбўй нон.
Буғдойзорлар олтиндек қамаштиради кўзни
Тонг сутдек оқарган пайт, қуёш ботётган палла.
Илоҳий пайғомлардан тинглаймиз эзгу сўзни:
Нурда пишиб етилгай ун бўлмоқ учун ғалла.
Ғариб, гадолар учун либоси жанда-жулдур,
Бунда нон ёпадилар бепул, текин, беминнат.
Барчанинг эгнига тенг қуёшдан тушгандек нур.
Худо асли инсонга туйғу берган илоҳий:
Одамзод кўнглидаги меҳру шафқат, муҳаббат
Токи дунё тургунча яшагай умрбоқий.
СОПОЛ КЎЗА
Булоқ сувини ҳам, майни ҳам қадим
Сопол кўзаларда асраб ичганмиз.
Кўзада май сақлаш азалий удум,
Тупроқ билан сувдан кўза пишганмиз.
Қорни кенг, бўғзи тор кўзада жисман
Инсоннинг қисмати жо бўлган буткул –
Чўлда йўловчининг чанқоғи билан
Қудуқдан тортиб то қудуққача йўл.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси