Леон Де Грейфф (1895-1976)

Леон де Грейфф (Francisco de Asís León Bogislao de Greiff Haeusler; 22 июль 1895, Медельин — 11 июль 1976, Богота) — колумбиялик шоир.
Ижодида турли услубларни қориштириб юборган ўзига хос лирик шоир. Леон Де Грейффнинг асарларига нозик ишоралар ва аччиқ киноя хос “Белгилар китоби” (1930), “Ҳеч нарса атрофидаги турли аломатлар” (1936), “Шеърий сайланма” (1942) каби тўпламлари нашр этилган.

РОНДО

Кўнгилни муҳаббат тарк этди… Кетгач,
уни унутамиз ва ғам таъмини
биз ўзимиз билан олиб кетамиз.
Шуни англаш мумкин кўзларга қараб:
ёлқинлар ўрнида қурум ва сароб…

Севги кетди… Кетди… Унга алвидо,
энди у унутдир, турфа ташвишлар –
гирдобига олар бизни баногоҳ,
ғам таъми айланар тилларда узоқ.
Энди олисдаги сен – сен эмассан,
мен – мен эмас, оҳ!..

Ишқни унутамиз ва кўзлар қири –
Ёлқин ўрнидаги кулга тушажак…
Биз шунда деярли унут энтикиш,
ярим унутилган ичикмоқ ила
қуриган лаблардан табассум сизиб,
яна иккимизни куйдираётган –
муҳаббат ўтини қоламиз сезиб!

ҚЎШИҚ

Аллақачон тинган бонг садолари…
Балки улар ҳечам янграмагандир?
Кўпиклар остидан таралган сасни –
машшоқлар қўшиққа жойламиш бир-бир.
Хўш, бонг янградими ва ёки ёлғон?

Шамолми, қум узра титраб рақс тушган?
Тошни сийпалаган тўлқинми тошган?
Ғамгин оҳангларнинг маъюс йиғиси
вужудимни буткул чулғаб олгуси…

Эй, машшоқ, сен учун барчаси осон,
бир ёки ўн уч бор бонг чалиб шодон,
ёқимли куй ҳамда овоз сеҳри-ла
ҳар нени ҳар қачон гоҳи қўшиққа –
ва гоҳи кўпикка айлантирасан.

ЎЗИМ КЎРМАГАН ДЕНГИЗ ҲАҚИДА ҲАР ХИЛ УЗУНЛИКДАГИ САТРЛАР
БИЛАН ЁЗИЛГАН БАЛЛАДА

Ҳа, денгизни кўрмаганман мен.
Бу қорачиқларим –
жуфт ажиб мавжудот, кеча қўйнида –
ҳадсиз бўшлиқ узра адашган маёқ,
Сўнги йўқ коинот гирдобларида –
ул заррин шуълалар ичра саргардон,
Викингнинг кулранг қорачиғи ҳам –
улар нигоҳида, қарашларида,
ҳушдан айрилмоқнинг даҳшати зоҳир.
Менинг бу кўзларим юлдузлар рақси,
самовий кенгликка мангу маҳлиё,
ҳали ҳеч денгизни кўрмаган ахир…
Уммоннинг нур эмган, шаффоф мавжлари
ҳали орзуимни тебратолмаган.
Ҳали эшитмадим бонг йиғисини…
Симоб шуъласига тўйинган, денгиз
кўзим куйдирмади, қамаштирмади.
Ҳали ҳеч босмади овозларимни –
тўлқинлар босқини, сукут даҳшати:
қойилмақом яна зўр бир важоҳат,
уларнинг ортидан – вазмин ҳорғинлик,
бирдан бўронлардан толиққанича,
кумушранг ялтирай бошлайди яна,
мовий тошга сепиб ой нурларини…
Мен ёддан биламан,
Севгимнинг паришон сочларин ҳидин…
Ютоқиб ичганман, ичганман хушбўй –
қизлар нафаси ва нафис бўйини,
неча бор баҳорий боғ ҳидин суйдим,
оппоқ гулбаргларнинг сармаст ифорин.
Беҳиштдан ваъдалар бергувчи сандал
новдаси димоғим остида куйди…
Мен тез-тез татиган нафис бўйларни
қай бир оташпараст жодугар туйди?
Бироқ мен танимам йоднинг шўр нами
ила қувватланган уфқнинг ҳидини,
Қуруқшаган лабим совитолмайди
тўлқиндан кўпирган аччиқ шаробни…
Менинг қуруқшаган қақроқ лабларим,
жонсарак, телба ва чанқоқ лабларим,
кўпирган уммоннинг сувидан эмас –
севикли дудоқлар шаробидан маст.
Олис булутларга юзландим яна,
ахир улар менинг биродарларим.
Биродарман, оппоқ елканлар билан,
куйлаб ўтар экан “Учар голланд”ни –
Дайди булутларга, дўстман, жўраман.
Шамол қувғинига маҳлиё бўлиб –
тентираб, ўйларга чўмганда идрок,
бошим узра дўстларимни кўраман.
Мен – қари денгизчи,
беўхшов тунда –
тақдир чархпалаги қояга отган.
Жаҳлдор уммоннинг пасту баланди
Аллақачон ўжар лотимдан ўтган.
Сиз бўлса, ҳа, менинг беҳуш тушларим!
Сиз – кемасиз қояларга урилиб синган,
чалкаш харита-ю қароқчиларсиз…
Кўпчиган тўлқиннинг заҳар нағмаси!
Кўзларим – тунларнинг зиёратчиси –
бутун борлиқ бўйлаб улоқтирилган,
осуда, малҳамнок тун фожиаси –
ва ҳижронлар ила томирин кесгай…
Қорачиқларимнинг тубига чўккан
тушларнинг парчаси:
тасаввурлар,
мавж ва ҳузурлар,
азобли оғриқдан синган соялар
ва афвга интилган қасос шарпаси,
адоғи йўқ бўшлиқ ва баланд юлдуз
ва севги машъали тоғда адашган…
Буларнинг барчаси бир бўлиб тонгда
Менинг кўзларимни чегаладилар,
денгизни кўрмаган бу кўзларимни!

Рус тилидан Ориф Тўхташ таржимаси