Ида Грамко (1925-1994)

Ида Грамко (Ida Gramcko) – шоира, адиба, драматург. Венесуэла шеъриятининг улкан намояндаларидан бири. 1943–1946 йилларда мамлакатнинг йирик газетаси бош муҳаррири бўлган. Венесуэла Марказий университетининг фалсафа факультетида таҳсил олгандан сўнг шу ерда талабаларга дарс бера бошлаган. Фалсафий ва муҳаббат мавзуидаги шеърлари билан машҳур.

СЎЗСИЗ ИСТИОРА

Сўзсиз истиора –
сукунат.
Бироқ унинг ичидан
бизга интиқ интилар,
минг турли нидолар,
турфа товушлар.
Ахир, дунёдаги ҳар нарсанинг
ўз олами бор,
ўзлигини ошкор этишни истар улар ҳам,
пинҳон сирларини айтгиси келар,
бизга ҳамроз бўлгиси келар,
яшагиси келар бизники бўлиб.
Ахир, нарсаларнинг сукути жонсиз эмас,
Сукутнинг ҳам жони бор.
Биз эса чор-атрофга елиб-югурамиз,
ҳовлиқиб шошамиз,
айюҳаннос солиб, беҳуда тентираймиз
нарсаларнинг
оддий, кучли, жонли
тилини билмай…
Аммо
беихтиёр ақлимиз билан эмас,
жонимиз ва руҳимиз билан
лабларнинг ҳаракатини,
дунёнинг лаблари қимирлаб гапирган ҳолатини
ҳис этамиз
ҳар лаҳза…
Тингланг эй, зўр шоирлар, кучли шоирлар,
Сўз афсунгарлари, шеър султонлари,
Жимжит, сўзсиз, сирли жаранглаётган
Бу сокин, бу ичкин нидони тингланг!
Фаввора тубида,
кўзгунинг қаърида яшаётган куйчини
умрингизда бир бора ҳам
кўрмаган бўлсангиз, наҳот?
Сиз
устунларни,
пештоқларни,
аркларни
нафас олмай авжга чиқиб
куйлаш учун доим тайёрсиз,
бироқ атиги бир марта бўлса ҳам
уларнинг тилсимли тилу забонини
тушундингизми?
Ҳар қайси гул,
ҳар бир майсанинг
борлиғида яшайди шоир…
Шеър ёзади улар ҳам сўзсиз,
ижод қилар улар ҳам сўзсиз
оддийгина ҳаракат,
ногаҳоний титроқ,
илкис тебраниш билан,
сўз билан айтиб бўлмайдиган
истиора орқали
интилади юрагимизга
энг қадимий қўшиқ, абадий нидо –
сукунат.

АЧЧИҚ КЎЗ ЁШЛАР

(парча)

Олис юртлар,
сирли ороллар томон
узоқ йўлга отланган поездлар, кемалар
хайрлашув лаҳзаларида
фарёд қилиб гудок чалаётганин тинглайман.
Жуда сезгир қулоқ янглиғ менинг руҳим
қадамларинг товушларидан
хайрлашув оҳангини илғайди дарҳол
иккимизнинг орамизга ҳижрон тушган бўшлиқда.
Бандаргоҳда соғинчни, бекатда азобни ҳис этаман
агар ёнимда йўқ бўлсанг.
Туманот одамлар орасидан,
бадқовоқ эркаклар, қизиққон аёллар ичидан
сени излаб
чақираман номингни айтиб,
уларнинг оқ кўйлаклари,
видолашаётгандек
силкитаётган оқ дастрўмоллари –
оппоқ матолар
яхлит бўлиб улкан кафанга ўхшар.
Барча вокзалларда, бандаргоҳларда
одамлар бир-бирларин ўпар ютоқиб,
гўёки уларни
кутиб турган каби ҳалокат…
Мана, поезд қўзғалди, вагонлар жилди,
вагон деразасида кўринар юзинг
мотам портрети ромидаги суратдек…
Атрофда бетартиб изғир оломон,
тушунарсиз ғала-ғовур,
сўқир тўполон.
Оҳ, менинг кўзимга вагонлар,
лапанглаётган тобутлардек кўринар нечун?
Ҳайқираман, бўғилиб қолган товушим –
сени яна бир лаҳзагина бўлса ҳам
ёнимда ушлаб қолиш учун
интилишим беҳуда…
Атиргуллар тутган қўлларим эса
мени пайқамаган нигоҳларингни
ўзига жалб қилмоқ учун титрайди.
Сен эса
ҳайкал каби қотгансан жонсиз,
бегона фарёдларга,
атиргуллар тутган
бегона қўлларнинг титроғига
маъносиз боқиб,
ташлаб кетаяпсан
бекатларни, бандаргоҳларни.
Мен эса туманот одамлар орасида
олисларга термулиб қоламан,
тутунларнинг қабри узра қора тошдек,
тўлқинларнинг қабри узра оппоқ тошдек.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси