Гильермо Валенсия (1873-1943)

Гильермо Валенсия Кастильо (29 октября 1873, Попаян, Колумбия – 8 июль 1943, Попаян) – колумбиялик шоир ва таржимон.
Ўз даврининг таниқли шоири Г. Валенсия ижодида оҳангдорликка катта аҳамият беради, рамзларни моҳирона қўллайди. Шеърий шакллар устида турли тажрибаларга қўл урган шоирнинг “Шеърият” (1898) тўплами дунёнинг кўп тилларига ўгирилган. Г. Валенсия Европа ва Хитой шеъриятидан қилган таржималари билан ҳам машҳур.

ТУЯЛАР
(парча)

Ташналик, шишган бурун… Чўзилган карахт бўйин.
Нигоҳида ёнади заҳардай кўм-кўк ёвшан…
Сариқ жунга ўралиб, олисга боққан кўйи,
Нубий саҳросин ўлчар туялар қадам билан.

Ногоҳ тумшуқ кўтарар, кўзлари олазарак,
Икки ўркач бир маром сузишини бузади.
Осмон пуркаган олов қумни этар жизғанак,
Ер остида жилғанинг жилдирашин сезади.

Кўчманчи гиламига тушганда мудроқ зулмат
Жазирама уфққа юмалаб ботганда кун,
Қорайган фалак буржи келтирар ногоҳ кулфат
Ҳасратнинг шарпасидай чўкади, қучади тун.

О, аламнинг биродарлари! Чайқалар тиним билмай,
Шамолдаги пальмадай эгилади ўркачлар.
Мисоли бадбуруш дев, вақтни назарга илмай,
Фақат оқшом чарчоғи қақраган қалбни ғашлар.

Византия куйчилари, лаб босинг бир он,
Аччиқ нигоҳ оҳангига, саҳро бағрига.
Борлиқ дардин айта олур туя бу замон
Қайноқ қон-ла интиларкан само шаҳрига.

ЯНГИ ЙИЛ

Бугун – оппоқ оқшом. Бугун – оқ шамол
Қанот қоқар аёз кабутарлари.
Изғирин қизларнинг кулгиси мисол
жаранглайди акс садолар сингари.
Бугун ойдин кеча. Дунёда йўқдир,
бутун дунёда йўқ ҳасрату алам.
Қутб юлдузи ёрқин, аммо барибир
қиз кўзлари ёрқин юлдузлардан ҳам.
Бу кеч оппоқ. Тунда кемалар ўтар
лимон япроғидан тутиб оқ елкан,
қор қўшиғи мудроқ тонгни уйғотар!
Йиғиб қанотларин, шўнғимоққа шай
нурли қушлар учадилар самодан,
оқ сел қуяр қор бўронда пайдар-пай.

УМР

Чўқинтириш. Мактаб. Дорилфунун. Диплом – мана.
Қашшоқлик. Қарзлар. Баҳс. Жанжал – ютуққа гаров.
Номзодлик. Амал-мансаб. Муҳим босқичдир, дарров:
Сафарлар. Лондон. Париж. Рим. Ва ўша уйинг яна.

Келин. Никоҳ. Кўз ёришлар. Қиз экан. Давом –
Йўргак. Мактаб. Нур. Қаллиқ. Кулгидан дил маст!
Асал ойи. Рашк. Саҳналар. Кулгили эмас.
Набира. Мактаб. Дорилфунун. Яна диплом.

Ногоҳ – кексалик. Бемадор. Бедор. Хапдорилар.
Қўрқув. Бош айланар. Сўқирлик. Қалб зориллар.
Ва – ёлғизлик. Ва – атроф кимсасиз. Ноилож.

Юрак… Қабр. Йиғи. Ёдлашлар. Ҳатто нашрда.
Табассумлар. Кулги. Черковгача сайрда.
Қабр тоши. Қичитқи ўт. Нуқта. Хоч.

Рус тилидан Ҳумоюн Акбар таржимаси