Энрике Гонсалес Мартинес (1871-1952)

Энрике Гонсалес Мартинес (Enrique González Martínez) – мексикалик шоир, модернизм оқими вакили. Унинг шеърияти Ламартин, Бодлер ва Верлен каби машҳур шоирларнинг ижодига кучли таъсир қилган. “Пегас” адабий журнали асосчиси. 1920–1931 йилларда Аргентина, Чили, Испания ва Португалия элчиси сифатида фаолият кўрсатган. 1944 йил Мануэля Авило Камачо адабиёт мукофоти билан тақдирланган.

МАРДОНА ЎТ ҲАЁТ СИНОВЛАРИДАН

Мардона ўт ҳаёт синовларидан,
совуққонлик билан дадил, шошмасдан.
қорлардан ранг олган юзларинг, санам,
юз очар кўк майса, оловранг гуллар.
Барчаси қалбингда майли, қолдирсин,
чуқур, ишончли ва ўчмас изларни:
фавворалар қилсин ажиб хонишлар,
жимирлаб чақнасин олис юлдузлар.
Шамоллар тақдирни ҳукмига отган,
Сен Эола арфасин торлари билан
оятлар ва жониворлар наърасига
уйқаш товушларда овоз бера ол.
Майли, юрагингга бўлсин бегона
инсон қавмин қизиқтирган бари
қалбни тиғлаб-тиғлаб
олдинг мукофот,
жимликни тинглайсан,
қоронғиликни кўра бошлайсан.
Ўзингни сев қатъий юрак билан
токи унда дўзах ва коинот этсин акс.
Юрагингга нигоҳ ташлашни ўрган,
бепоён дунёни тушунмоқ учун.
Ҳаёт кишанларин чилпарчин эта
сен ўзинг яратган дунёларни ол.
Ва ҳаёт юрагин ҳар бир зарбида
тингла жарангдор шеърингни хушҳол.

ЙЎЛДАГИ УЙ

Йўлдаги уй ўхшайди менга,
юрагимдай очиқ ва ғамгин.
Ўтган йиллар мобайнида,
қанча-қанча сайёҳ қўнди унга.
ҳувиллаб қолди у кундан-кунга.
Бу уй охири йўқ туш кўрди
ҳаётнинг қувончларию сарсонликлари,
оний учрашувлар ва айрилиқлар ҳақида.
Шундай, ўткинчи йўловчи ҳам

жуда кам ҳолларда
ўзидан сўнг келадиган
янги меҳмонга
тунни чароғон қилувчи оловни
қолдирар.
Ва қадрдон остонани тарк этарак
мактуб қолдиради эсдалик учун.
Йўқ, бу уйни кўплар шошиб тарк этар,
базўр тез ботган кун таҳликасида…

Ва бунда ўлган қўшиқлар кўланкаси,
тош зиналарни емирган излару
лаш-луш ва ғамларин бизга қолдириб…
Шунинг-чун нотаниш бир йўловчи
рутубатли тун аро олов ёқса гар –
– Ким экан бу? – дея фол очаман:
Бу ўша кечиккан муҳаббатмикан,
ёки яна қайтдимикан эски фалокат?

БОҒ ХОТИРАЛАРИ

Бу ёмғирлар яна ўради дунёни,
нокерак ғамлардан ҳаёт кўп оғир.
Руҳ эшигин чертади азоб,
дайдиган оч тиланчи мисол.
Тунги боғда ясминлар нафаси…
Жароҳатим даволар гуллар ҳиди.
Оқшом эсга тушар… Булутлар судралар,
ёмғир томчилар ва ҳамма ҳар ёнга кетишга тайёр.
Ясмин ифори…
Мудроқ онгда уйғонар бехос
ёмғирнинг ҳўл баргларга айтган розлари.
Бу мавҳум шуурда ҳасрат пайдо қилар
кимнингдир кўз ёши,
шамолда учган рўмоли
ва азалий сукутда кетаётган кемаси.

Рус тилидан Абдумажид Азим таржимаси