Бонифасио Бирне (1861-1936)

Бонифасио Бирне (Bonifacio Byrne) – Куба шоири.

УХЛАЁТГАН ҚУЛ

Барча қувончлардан маҳрум саркаш қул,
Кийгани, егани чаладир унинг.
Эртадан-кечгача билмайди тиним
Фақат илинжида зумлик уйқунинг.

У қаҳр-ғазабни ичига ютган,
Кўникиб қолгандир хокисорликка.
Бутунлай унутган болалигини
Хўжаси юзига боқолмас тикка.

У ухлар. Шовқин-ла ўтманг ёнидан,
Шўрликка не фойда уйғонганидан —
Ҳеч нарса сололмас қалбига шодлик!

Оромини бузманг, уйғотманг асло,
Эҳтимол шўрликнинг айни шу асно
Тушига кирмоқда эрку озодлик!

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.