Антонио Арраис (Antonio Arráiz) Венесуэла шеърияти авангардчиларининг “Навқирон 28-йил авлоди”га мансуб шоири ҳамда фольклорчи ва носир, шунингдек, ҳиндулар мавзусининг асосчиси сифатида танилган. Унинг “Шиддат” (1924), “Симфониялар” (1939) ва бошқа шеърий китоблари дунё юзини кўрган. 1945 йилда болалар учун “Қоплон амаки ва Қуён амаки” эртак китоби чоп қилинган.
ҲИНДУ МАЛИКА
Эшигимни тақиллатар бир куни
соҳибжамол қиз.
Нақадар чиройли,
нақадар гўзал…
Руҳимда уйғонар мусиқий товуш.
У менинг ҳаётим,
у менинг тақдирим эканин
ҳис этаман юрагим билан.
Унга юрагимни этаман изҳор:
“О, менинг Маликам,
Ҳинду жононим!”
Қорамағиз гулим,
Қоракўз оҳум,
Қорасоч гўзалим,
Хипчабел моҳим,
Билаклари юмшоқ,
Қўллари майин,
Ҳинду Маликам, деб
атайман уни.
Уни дея ҳар нега тайёрман мудом,
Керак бўлса, жоним этурман фидо.
Ов бошланар дафъатан.
Қора терга ботаман,
учқурқанот ўқимни
камонимдан отаман.
Сўнг бор ваҳший ўкириб,
Жонсиз қулайди йўлбарс.
Майин мўйнаси бўлур
Маликамга пойандоз.
Ҳунарманд заргарнинг
устахонасига бостириб кираман,
кучли бармоқларим,
қаттиқ чангалим билан
қариган қилтириқ томоғидан бўғаман,
чиройли кўзаларни ҳам,
антиқа идишларни ҳам,
бетакрор нур сочиб товланган
қимматбаҳо тошларни ҳам
тортиб олиб кетаман-да
Маликамнинг оёғига сочаман.
Олис-олис,
Баланд-баланд тоғ чўққиларидан
Минг тусда жилоланган
Илоҳий тошларни
Излаб топаман.
Олмос, олтин, гавҳарлар
қамаштирар кўзини
ҳар қандайин аёлнинг.
Бебаҳо тошлар. Ноёб тошлар.
Тоғдан асал топиб келаман.
Хушбўй гуллар олиб келаман.
Товус патин юлиб келаман.
Жарангдор, шўх, дилрабо
ашулалар айтаман,
қўшиқларимнинг барин,
бирам нозик, чиройли
оёғига тиз чўкиб,
унга атаб куйлайман.
У эса ҳадя этар менга муҳаббатини,
қаноти синиб, ерга қулаган
кабутар сингари
тортиниб питирлайди.
У овутувчи сўз каби
ҳароратли, ёқимли.
У тропик ўлканинг
жазирама қуёшидек
қиздиради танамни.
Унинг пешонаси офтобдай нурли,
кўнгли пахтадай оппоқ.
У албатта
ҳадя этар менга муҳаббатини.
Юрагимни изҳор этиб,
чорлайман уни:
“О, қаердасан, ҳинду Маликам!”
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси