Амадо Нерво (1870-1919)

Амадо Нерво (Amado Nervo) – мексикалик шоир. Наярит штатининг Тепик шаҳрида туғилган. Шоир дастлаб Муқаддас Луис Гонсага коллежида, сўнг Нерво Рим католик семинариясида таълим олади. Шу масканда унда ижодга қизиқиш пайдо бўлди. Нерво кейинчалик бир қатор нашрларда фаолият кўрсатди. “Бакалавр” романи чоп этилгандан кейин Нерво миллий адабиётда шон-шуҳратга бурканди.

СИРПАНИБ БОРАСАН ДАРДЛАРИМДА

Сен гўё тугаётган дардларим узра
сув сиртида ой нуридек сирпанасан,
Муаттар исларга чулғанмоқ истар
Азоблардан абгор бўлган руҳ
Сен дунёга келаяпсан, мен видолашгум,
аммо сен рад этиб лаҳза кучини
аламларим ўпқонида сирпанасан.
Умидим куйдирсин, майли, хазин куз
Фақат шеърларимни истаса фалак.
аламларим ўпқонидан кетасан ўтиб
сув юзида ой нури каби.

КУЗ КЕЛДИ

Оддий кунлар,
танҳо онларни,
мен жон қадар севаман чунон…
Канарейкалар шўх хониши
кўнгилларни этар нурафшон..
Ҳаводаги дарахтнинг иси,
деразамдан оқар. Мовий кўк..
куздан дарак оқ табаргуллар
шиддатига асло тараф йўқ.
Қорли чўққи кумушранг тусда,
эриб борар илиб кунма-кун.
Табиат шу, ҳар доим кузда
ўз юмушин қилади якун.
Ва муқаррар видо онида,
ожизгина қуёш нурлари
туссизланар қари чол мисол.
Кечиккан ва паришон гуллар
толиққанча йиқилар алҳол.
“Мен хазонман, – дейди у сенга, –
ғамлар билан тўлиқ, андармон…
келди навбат сирли афсунга,
Жим бўл ҳамда фикрла инсон”.

КЕЛИНГ, СЕВАЙЛИК

Агар ҳеч ким билмаса, нега куламиз,
Нима учун йиғлаймиз, билмайди ҳеч ким.
агар ҳеч ким билмаса, нега туғиламиз,
нима учун ўламиз, билмайди ҳеч ким.
чуқурда юрсак, тўхтаймиз қайда
соқов у тун бизларга бирор сўз демас.
Ақалли, севайлик бир-биримизни,
Эҳтимол, севгидан топармиз нажот.

Рус тилидан Абдумажид Азим таржимаси