Альфонсина Сторни (Alfonsina Storni; 29 май 1892 — 25 октябрь 1938) — аргентиналик шоира ва ёзувчи, Лотин Америкаси модернизмининг атоқли намоёндаларидан бири. Асарларининг бош мавзуси – тақдир синовларига матонат билан дош берувчи инсон жасорати, унинг қувончу ҳасратга тўла кечинмалари. А.Сторнининг “Лаззатли оғриқ”(1918), “Тузалмас”(1919) каби қатор шеърий тўпламлари чоп этилган.
ОРЗУ
Қани эди тушолсанг илк кўйингга,
Гул баргига теккизолсанг бармоғинг.
Чаман ичра етолмасанг ўйингга,
Бўза ичиб, синдирмасанг бордоғинг.
ҒАМГИН СОҚЧИ
Мени кузатади тиғ тутган соқчим,
Ўзимдан ҳокисор қари пойлоқчим.
Бу бемаъни азоб – уйқусиз кезмоқ,
Ҳар ишда калтабин ўзликни сезмоқ.
Далага сув эмас, шудринг оқармиш,
Шамол ила олов ерни ёқармиш.
Ўлим қондирармиш чанқоғимизни,
Топибсиз-да роса аҳмоғингизни.
Бу бемаъни азоб – кезмоқ уйқусиз,
Яшамоқ қайғусиз, ҳиссиз, туйғусиз.
Тилимни кессалар, ўйсалар кўзим,
Унчалар қайғуга тушмасман ўзим.
Қўрқмагайман энди ёв қийноғидан,
Кишанларнинг оғир шалдироғидан.
Бу оч жониворлар, йиртқич ҳайвонлар
Қолдиролмас мени унча ҳайронлар.
Қўлу оёғимни чопсалар ҳам мен,
Пашша чаққанчалик чекмасман ғам мен.
Мен гулларни суйдим, гарчи ўзим – гул,
Сувларни суйдим мен, муз ила машғул.
Мен осмонни суйиб, кирарман ерга,
Бироқ, пойлоқчимни соларман шеърга.
Чунки, ҳар кунги йўл, йўналиш тайин,
Мен юравераман, соқчимга қийин.
МЕЛАНХОЛИЯ
Илож қанча?
Мабодо ўлсам,
Бўйларимга шу хона тўйсин.
Изимдан ҳеч қолмаган “кўлкам”
Манглайимдан бир ўпиб қўйсин.
Ўлим, сени чорлаяпман-у,
Мен ҳаётни севаман ҳали.
Таним қабул айларкан тобут,
Бир ярқ этсин само машъали.
Муз танимдан сесканмасин тонг,
Видолашсин баҳорий насим.
Менга ҳар тонг жилмайган офтоб
Ҳар саҳар сиз учун порласин.
КИЧКИНА ОДАМ
Кичкина одам, ҳой, кичкина одам,
Қўйиб юбор энди сайроқ булбулни.
Қушчаман, сенга ҳеч ҳамдам бўлолмам,
Мен севгум чаманда очилган гулни.
Ҳой кичкина одам, бу темир қафас
На сенга ватандир, на менга ватан.
Озодликда фақат оларман нафас,
Мен учун ватандир боғу роғ, чаман.
Менга тузоқ қўйган, қафас тутгансан,
Кичкина атадим сени шунинг-чун .
Ҳой, кичкина одам, қонлар ютгансан,
Англай оларсанми мени бирор кун?
Ахир, мен ҳам сени англашим оғир,
Бу дунёда қанча одам бор, қуш бор?!
Сен ўз йўлингга, мен учмоғим шартдир,
Гулни суйдим, сени суймоғим душвор.
Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси
ОРОМ ИСТАГИ
Энагам, туҳфа қил шудринг рўмолин,
ёш майсалар қўлин, гуллар тишин оқ.
ёйгин юмшоқ йўсин қанотини, тин
олай, чойшаб каби ёзилсин тупроқ.
Мени аллалагин, энажонгинам…
бош томонда шамлар шуъласини туй.
қай юлдуз туркумин танласанг, шу дам
уни сал пастроққа энкайтириб қўй.
Мен ёлғиз қоламан… яшилланар барг,
тебранади қўллар, кўкка кўз солсанг,
қушлар кўтарарлар қўндирмасдан гард,
уни унутсин деб…Ўтинчим: яна
агар у қўққисдан сим қоқиб қолса,
чиқиб кетган эди, деб қўйгин, эна!…
Зуҳра Асқарова таржимаси