Кристионас Донелайтис (1713-1780)

Литва бадиий адабиётининг улкан намояндаларидан бири, забардаст шоир Донелайтис (Kristijonas Donelaitis) Шарқий Пруссиянинг Лаздинеляй қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Кёнигсбергдаги мактабда, кейинчалик университетда таълим олди. Авваллари у ўқитувчилик қилди, сўнг 1743 йилдан тортиб умрининг охиригача пасторлик вазифасида ишлади.
К. Донелайтисдан бизгача олтита масал, иккита шеър ҳамда «Йил фасллари» номли бир достон етиб келган.
Унинг «йил фасллари» достони «Баҳор қувончлари», «Ёз меҳнатлари», «Куз неъматлари» ва «Қиш ташвишлари» деб аталган тўрт бўлимдан иборат бўлиб, ҳаммаси тахминан уч минг шеърий мисрани ўз ичига олади.
Достонда литва деҳқонларининг машаққатли ҳаёти, меҳнати ва урф-одатлари зўр маҳорат билан чизиб берилган.
К. Донелайтис — айниқса қишлоқ табиати манзараларини чизишга уста шоир. У ўзининг шеър, масал ва «Йил фасллари» номли катта достони билан қардош халқлар классик ёзувчилари қаторидан фаҳоли ўрин эгаллади. Донелайтиснинг ижоди ўзидан кейинги литва шоирларига ижобий таъсир кўрсатди.


ЙИЛ ФАСЛЛАРИ

«БАҲОР СЕВИНЧЛАРИ» БОБИДАН ПАРЧА

Кўкдан қуёш нур тўкади, исинади бўз тупроқ,
Кекса қишнинг салтанатин қулашини кузат, боқ!
Ортда қолди аёз тунлар, қанот ёзди навбаҳор,
Эриб битди ўз-ўзидан онда-сонда қолган қор.
Яйдоқ дала, адирларда еллар эсар хиромон,
Қор остида жунжиб ётган кўкатларга кирди жон.
Япроқ ёзди ўрмонзорлар, кўкарди гул-майсалар,
Олисларда баланд тоглар кўк гумбазин найзалар.
Куз шамоли эсганида қалб увишар, дил дардли,
Япроқларни тўкиб кетар изғирин-у намгарлик.
Аммо баҳор келганда-чи, олам яшнар бир бошдан,
Бутун борлиқ баҳра олар кўкда сахий қуёшдан.

«ҚИШ ҲОЗИРЛИГИ» БОБИДАН ПАРЧА

Сен эй, эгар устидаги танқа бурун, мағрур бош,
Мазлумларнинг кўзларидан оқизасан бунча ёш?
Кеча-кундуз шўрликларни қўймайсан ўз ҳолига.
Ушалардек туғмаганми сени ҳам бир волида?
Сўйла, сўйла, меҳнаткашни қийнайсан не сабабдан,
Сенга қандай завқ, сурур бор улар чеккан азобдан?
Модомики, тангри сенга берибди кўп имтиёз,
Номардларни гумдон қилгин, ботирларни эт эъзоз.
Гуноҳсизни ранжитмоққа, айт-чи, қандай ҳаққинг бор?
Мазлумларни эзаверма, тушун ахир, қилгин ор.
О, гуноҳкор кўзларингни яширмагин сен бу чоғ,
Оллоҳ сенга амал бериб қилмоқдадир қўғирчоқ.
Бир кун келиб унинг ўзи жазонгни хўп беради,
Қилган барча жиноятинг кўз ўнгингга теради.
Ҳақ ўрнини топар бир кун, янграр жўшқин садолар,
Озодликка чиқар йиллаб юк кўтарган гадолар.
Ҳақиқатнинг ҳукми билан йўқолади зулмлар,
Мазлумларга бахт кулади, жарга қулар золимлар.
Елкасидан улоқтирар эллар алам тошини,
Арт, эй деҳқон, арт, эй чўпон, кўзларингнинг ёшини.
Утган оғир кунларингни мумкинми ҳеч унутмоқ?
Узинг бизга раҳм қилгин, парвардигор, қодир ҳақ.
Дардга бўлиб тез мубтало кетди азиз Амтман,
Афсус, афсус, бу дунёдан ўтди азиз Амтман.
Эй Амтман, сен бизларни ташлаб кетдинг нега ҳам,
Ташлаб кетиб кўзимизни ёшлаб кетдинг нега ҳам?
Фироқингда куйиб ёндик, аччиқ-аччиқ йиғладик,
Қалбимизни қайғу-ҳасрат тиғи бирла тиғладик,
Биз шу қадар йиғладикки, овозимиз бўғилди.
Йиғимизни тўхтатайлик, қадрдонлар, бас энди,
Ёш тўкишни тўхтатайлик, жонажонлар, бас энди.
Ватандошлар, аввалгидек йиғлайверсак куну тун,
Кўз ёш билан ўзимиз ҳам қуримайлик бус-бутун.
Охир келиб аҳволимиз қандай бўлар, ёронлар,
Таъзим қилсак бир оз шафқат қиларми бой, хоқонлар?
Халқ ерини тортиб олди, уларда йўқ инсонлик,
Ундайлардан нажот кутмоқ ўзи ўта нодонлик.
Майли, хабар олишмасин оч-яланғоч гадодан,
Тилагимиз: ўшаларга келсин қодир худодан.
Бас қилайлик, биродарлар, ғамни нари отайлик,
Қўл ушлашиб тўғри йўлдан бирга-бирга кетайлик.
Қулоқ солинг, ёш гўдаклар йиғлагандек пиқирлаб
Бизни кутган рафиқалар сўзлашади пичирлаб.
Саманимиз, ҳўкизимиз, чўчқамизга емиш йўқ,
Бечоралар боқар бизга кўзларини қилиб лўқ.
Тумшуқларин ерга суртиб эчкилар, қўй-қўзилар
Чўзиқ-чўзиқ маърашади, кўриб бағринг эзилар.
Сабр қилинг, юртдошларим, сабр қилинг, азизлар,
Порлоқ, маъсуд хуш кунларга етажакмиз тез бизлар.
Алам буткул унутилар, келар шундай бир замон,
Минг хил нозу неъмат билан тўкин бўлар дастурхон.
Фақат ҳар иш қоидасин яхши билиб олайлик,
Ҳайвонларга эргашмайлик, инсон бўлиб қолайлик.

Ҳ. Салоҳ таржимаси