Анатоль Имерманис (1914-1998)

Анатоль Имерманис (Anatols Imermanis, 18 ноябрь 1914 — 13 ноябрь 1998) — латвия ёзувчиси, шоир, журналист, сценарист. Латвияда хизмат кўрсатган маданият ходими (1974).

НАВОИЙ

Ойбекка

Қуёш михлангандай шаҳар тепасида,
Ҳоври ёндирарди Ҳиротни беҳад.
Шундай жазирада куйиб беадад, —
Серҳашам шаҳарнинг чанг кўчасидан,
Серқубба бинолар остидан гурлаб,
Халқ оқар шаҳаншоҳ саройи томон.

Тўлқин бозор босиб ўтарди, шошқин,
Анвойи гиламлар осиғлиқ дорлар,
Офтобда сочилиб ётган анорлар —
Оралаб ўтарди, сел каби тошқин,
Кўриниб қоларди гоҳо арабий —
Тулпори от минган беклар ҳам бу он…
Не бўлди, сафардан қайтдими султон?

Ё бирон муҳимроқ ҳодиса борми?
Не боис? Яна қон, яна хун, — дорми?
Йўқ! Бу халқ довулин қўзғатган уммон, —
Хуш хабар бермоқда:
улуғ Навоий
Саройдан биз томон чиқмоқда шу он!

Сурон тинмас эди бир дақиқа ҳам…
Сув ташир иссиқда сарпойчан — мешкоп.
Туйқусдан сукунат ёғилди шу топ,
Мармар устунлар-ла кўкка юксалган —
Саройдан кўринди улуғ Алишер,
Лекин шод эмасди у буюк инсон…

Боқмади бекларнинг арзи додига,
Серҳашам муҳит ҳам ёқмади унга…
…Қўлини узатди ўз Фарҳодига,
Халқига узатди қўлини, ҳам тез—
Ижодга ўтирди тўлиб шу замон.

Сўлиб бораётган гулга топди жон.
Ваҳший қояларни бузиб емирган,
Дарёни жиловлаб саҳрога бурган —
Фарҳод қиссасини – хаёлда маржон
Тергандек ипакка – терди назмга!
Алишер, Алишер… Шоири даврон!

Халқнинг орасига кирар Алишер,
Орзулар самодек кенг, юксак ва ҳақ.
“Менинг фикрларим, дейди, муҳаққақ!”
Одамлар узатиб қўлларини, дер:
“Илоҳо умидинг, савоб ишларинг
Бор бўлсин ўзингдек тўғри, бенуқсон!”

Янграрди кенг само халқ дуосидан,
Борлиқ қалби билан ўйларди шоир:
“Инсон иқболини тўсур қандай сир?
Буни на подшоҳ, на хон, на хоқон…
Бу сирни билади фақатгина халқ
Ва Фарҳод сингари баҳодир ўғлон!

Туроб Тўла таржимаси