Пак Мок-Воль (1917-1978)

ОЙ

Гуллаётган шафтолининг
Шохларига яшириниб
Ой сузиб борар.
Недонг-мён ёки Одонг-мён
Қишлоқлари устидан,
Пульгукс ибодатхонаси турган жойлар,
Кёнгчжу вилояти узра.
Ой сузиб борар
Гуллаган шафтолининг
Шохларига бурканиб.

ТОҒ ШАФТОЛИСИ ГУЛЛАДИ

Тепалик,
Хугасан тепалиги,
Қизил тошлари ял-ял тепалик.
Гулга кирди тоғ шафтолиси,
Гуллари битта ёки
Иккита шохида, холос.
Қўнғир-яшил сув тошқинларида
Эрир баҳор қори,
Унда оҳу, она оҳу
Ўзининг оёқларини ювар.

КАБИСА ЙИЛИ БАҲОРИ

Қарағайзор чанглари чарх урар
Олис тоғ чўққисида.
Кабиса йилининг баҳор куни жуда узун.
Какку сайрай бошлаганда,
Қияликдаги қабристон қоровули уйида
Кўзлари кўр қиз
Турар эшик кесакисига босиб қулоғин…
Ниманидир эшитар.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.