Ким Кван-Куин (1914)

ҚОРЛИ КЕЧА

Қоронғи тун изсиз йўқолар
Олиб келишганда менга нохуш хабарни.
Пилик тугаб борар, мойчироқ шуъласи липиллар,
Қор эса ёғади эски хотиралар ғуссаси янглиғ.
Энтикиб кетаман, оғзимдан чиққан буғни тутаркан,
Юрагим бўшлиғини ёритаман чироқ шуъласи билан.
Либос сасларини эшитаман, аёл вужудидан тушаётган.
Қор ёғар зулмат сари,
Унут хотиралар бўлакларин йиғиб,
Уйғотиб юракда ўтмишнинг дилгир ўкинчларини.
Ёғар қор паға-паға — рангсиз ва ҳидсиз,
Бироқ тикар танга совуқ либослар
Ва менинг ғуссам ҳам қорда
Уюмга айланиб, тобора каттариб борар.

КУЗ АЙЁМИ СЕЗГИСИ

Ердаги хазонлар поляк муҳожир ҳукуматининг
қоғоз пулларини эслатар,
Кузги осмон,
замбарак ўқларидан вайрон бўлган Торунь шаҳри.
Йўллар, эгри-бугри, мисоли ечилган ва
ғижимланган бўйинбоғ,
Кундуз қуёши шарпаси остида йўқолар –
Ҳалқа-ҳалқа тамаки тутунларин чиқариб,
Яна учар ирода устидан икки соатли поезд.
Оппоқ теракларнинг яланғоч шохлари аро
Завод томлари кўринар, оқ тишлар каби.
Шамол майишган темир тўсиқ бўлагин ўйнар,
Тепада сувқоғоздан булут осилган,
Оёғим-ла бузаман,
ёввойи ўтлар-ла чирмашиб кетган
буталарнинг пишиқ деворин,
Бунда ўрин йўқ
хотираси нигун ёлғизлар учун.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.