Елена Ельцова (1979)

Ельцова Елена Власовна (Алена Ельцова) Коми Республикасининг Усть-Кулом қишлоғида туғилган. Коми пойтахти Сиктиквар шаҳридаги адабиётга ихтисослашган лицейда, сўнг Коми Давлат университетининг Коми филологияси факультетида, Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олган. “Тонгги ёмғир”, “Кабиса йили”, “Назокат, сен чексизсан”, “Лайлак қор” шеърий китоблари чоп этилган. Шеърлари инглиз, рус, француз, фин, эстон, ўзбек тилларига таржима қилинган. Россия Ёзувчилар уюшмаси, Фин-угор Ёзувчилар ассоциацияси аъзоси. Ўзбекистон ҳақида “Қуёши кулган юрт” эссеси чоп этилган.

* * *

Оёқ товушимни эшитдингми тунда
демакки япроқлар тўкилаяпти,
ортига қарашмас,
шамол олиб кетган уларни.
Тунда қара
япроқлар ёритар оламни
овозсиз ётганча юракда
шивирлашар сенга мен ҳақда.
Ҳавонинг авзойи бузуқлигида
олам қорайганда ёмғирдан
сафар қилар кўкка юрагим.
Жаннатни ёритган капалак –
япроқлар.

Эшитяпсанми тунда оёқ товушимни….

* * *

Қуёшли ёмғирни чизиб бер менга
у четидан – бу четигача
қуёш-ла лиммо-лим ёмғирни.
Қўй, майли у менга
тикилсин ёқимли кўзлари билан
недандир ғамланар кўнглимиз.
Нотаниш ёмғирнинг
сувратини солиб бер менга,
майли у югурсин деразаларда
жимисин сўнгра
ва осмон тўкилар кўлмакка.
Ҳарир булутларни оралаб
сен ила кетяпмиз болалик томон.

ҚОРАЙГАН СУВДА ЧИРОЙ

Кўрдингми, куз башорат қилди барини,
Энди ўзгармайди, ҳеч не, ҳеч нима.
Деразам ортида ҳаво ранг қор ҳам
Ҳафталаб супурди, ернинг юзини.

Ва қандай бўлмасин нафас олмоқ шарт,
Яшаш керак тунлар, яшамоқ кундуз.
Қўлингда нокерак менинг ҳаётим,
Ва унутиб бўлмас, ҳар битта юлдуз.

Одимлайман ер шарининг қирғоғи бўйлаб,
Ер чети шундоқ ёнимда.
Қўлларимда бахтли юлдузлар

Ва жуда қаҳрли ёмғирли қор ҳам.

* * *

Қара, юлдузлар – митти сепкиллар каби –
Тунги осмон саҳнида шовуллар оқшом.
Титрайди юлдузлар, жимирлайди сув,
Сукутнинг қаърида дукурли калом.

* * *

Шаҳарни ўрмондай ёқар аланга,
Кўчаларнинг қоши эрта қорайди.
Ўпич олади куз тафтсиз лабимдан
Ялангоёқ ёмғир йўлни ўрайди.

Куз шоми юрагим қоронғи, қора
Унга чўкиб кетган ёзнинг бир куни.
Тушунгиси келмас сира ҳам, сира
Қоронғи йўлакда бир ўзим нега…

БАҲОР

Кўкнинг тунги ёши ерга қуйилар,
Ер шарига аста кира бошлар жон.
Илиқ ёмғир ила юзини ювар
Дала, дарё ва ўрмон.

Оппоқ сочбандини тўғрилайди Ой,
Баҳорнинг тафтидан юрак ҳам қайноқ.
Фақат аччиқ соғинч дилга чўзар бўй,
Қиш кетиб боради қорли оқ чақмоқ.

* * *

Мовий шеърлар билан келдим умрингга
Қушлар шевасида уйқу бермайман.
Соғинчинг сўйлайман мен ўз тилимда,
Ҳорғин дилга энди қанот бергайман.

Осмонда кўз ёш-ла сузар юлдузлар,
Кафтимда титрайди ярқираган сув.
Сени севишимни тинглар ҳар гузар,
Тун билиб барчаси кетиб борар жим.

***

Куз пиқиллаб йиғлар. Томчи ортидан томчи қуйилар,
Ҳовучим халқоб.
Тун жарлик яратар, мени нималар кутар,
Берухсат азоб.

Сўз оралаб сўзлар югурар, юракка чўкар,
Кузги шеър.
Бор эди шодлик ва алам, йўқ энди улар,
исинарди ер.

Япроқ ортидан япроқ, қуйилади олтин доналаб
Муқаррар.
Эшит, барини қайтариш мумкин. Кечикмас талаб
Ҳозирча хайр.

ҚИШ ТУНИДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Жимгина тўкилар пахмоққина қор,
Совқотган аёзнинг ҳошиясига.
Пинакка кетгандир ўрмон, беозор
Қўшилар дераза сукут сасига.

Фақат ой дийдирар сўник ва ҳорғин,
Тийра қоронғида кўзин юммайди.
Осмон қирғоғида сузади беун
Оққуш қанотидай йиғинолмайди.

* * *

Юракка уч, эй қор, ёритгин,
Қалбим қанот қоқсин, осмон қаърида.
Ҳорғин ерга ётган мусаффо қорим
Мана сас инмайди қадамларимга.

Очиқ юзларимни тутгум қора самога
Чексизликка қўнган юлдузли чангни.
Ана, қанот қоқдим, етяпман кўкка
Юрак ёнар ўчириб бўлмайди энди.

ПАРИЖ

Мен денгизни кўрмаганман ҳеч,
Бегонадир куйи, қўшиғи…
В.Савин

Мен Парижда бўлмаганман ҳеч,
Кўрмаганман гўзаллигини.
Елисей даласи бермаган тутқич,
Биламан, Вичегда афзаллигини.

Эйфель миноридан қарамаганман,
Бошим айланади баландлигидан.
Фаранг ширинлигин тотиб кўрмасдан
Луврга кирмаганман тирбандлигидан.

Мен биламан, ҳали келади бир кун,
Ташриф буюраман, шодланар чеким.
Шинам қаҳвахона, ёзги кун учун
Менга шеърлар ўқиб беради Верлен.

Минор тепасига олиб чиқар у
Кўзни қамаштирар ёруғ бу олам.
У ердан қарайман олис-олисга,
Кўриниш берарми бизнинг Усть-Кулом.

* * *

Қаҳ-қаҳ урар кўкда оппоқ ой –
Қорайган сувда жимирлар чирой.
Табиат тўлқини титрар, югурар,
Кўксимда юрагим ғамгин дам урар.
Дил халос бўлади оғир вужуддан,
Шуъла иниб келар олис юлдуздан.
Капалакдай юлдуздан юлдузга қўнар –
Тин олмас бир лаҳза, учар, қувонар.
Гулдан нектар йиққан каби жонҳалак,
Ой гирдида рақсга тушар капалак.
Балки ёниб кетган юлдуз чангида,
Эҳтимол, жимиган тун жарангида.

* * *

Вақт деразамни оҳиста чертган,
Вақт чақнаган чақмоқнинг бечақмоқ саси,
Вақт ўрмон гулханида
Вақт қиров тушган дарахтлар,
Вақт дарахт, сувга бошини эгган,
Вақт йиғлаётган дарахтлар,
Вақт дарахт, ярқираган қуёш нурида
Вақт дарахт, мўйнасига ўралиб олган,
Вақт дарахт уч-учларини қайириб олган,
Вақт болаларин ерга қўйиб юборган дарахт.
Мен ярқираган қорни севаман,
Ғарчиллаган қорни,
Тошдек қотиб қолган қорни,
Мўрт, синувчан вақт қорларин яхши кўраман.
Мен яхши биламан:
Шундай вақт келарки, унда гуллар сув.
Сен дединг:
Мен ёнингда бўлмаган пайтлар
Шеърларингга синггиб яшайман сен-ла.
Ҳозир менинг биттагина вақтим бор –
Бу – сенли вақт.

* * *

Сени эслаяпман. Бу дунё қулфланиб қолган.
Йўқдир шовқин кўча, совиган уйлар.
Меҳмонларни кутгум – бир хил туюлар,
Кутганим йўқ, кераксиз ҳаётим тўлган.

Сени эслаяпман.Умид юрагимни сиқади.
Ҳар бир сас юракка инонмас сира,
Овозингни эшитдим. Аталган менга.
Йиғлашдан толдим мен. Тонг кечикади.

Сени эслаяпман. Деразадаги қор оралиғида
Кўзимда акс этар сокин, маъюс дард.
Шаҳрим мени туш кўрар, уйқуси бегард,
Мен сени эслаяпман осуда…

* * *

Елкан менинг юрагим…
Александра Мишарина

Не ҳақда гаплашдинг мен билан денгиз?
Нени уқтиради шаддод мавжларинг?
Қирғоқни ювгувчи тўлқинлар шаксиз,
Нафас ростламайди, юммас кўзларин.

Гоҳ майин, гоҳида ёввойи сасинг –
Беозор, гоҳ шаҳд-ла оқади сув ҳам.
Ҳеч топа олмадим, тилингни сенинг
Тезюрар кемалар кўзга кўринган.

Узун қиш, қадрдон қор қирғоғида
Эсладим, шамоллар суҳбатин тинглаб.
Чорладинг елканинг бўлмоғлигимга
Мен етиб келмадим сўзлар саралаб.

МИНИАТЮРАЛАР

ОЙ

Тун бўйи юрагим ойга эврилди. Нима ҳақдадир сукутга чўмди, нима ҳақдадир ўй сурди, нима ҳақдадир титради ёлғизлик бағрида. Кейин эса тўсатдан тунги сукунатни дўқиллатиб ура бошлади. Ва юрагимда сенинг аланганг чўғланди, сенинг тафтинг билан исиндим.
Кейин оҳиста оқаринқирадим, ёришдим, совий бошладим ва ўчдим. Тун сўнггида менинг юрагим – Ой – шабнамга ўранди. Кумуш томчилар майсалар юзини ёритди.

ХОТИРА

Менинг хотирам – улкан шохли дарахт кабидир. Қишда жимийди, гўёки уйқуга чўмади, шимол шамоли унинг яланғоч бутоқларида ҳуштак чалади. Баҳорнинг оёқ товушидан дарахтларда яшил новдалар кўринар экан, хотирам сесканганча кўзини очади. У илиқ шабадада қалин китобнинг юзлаб бетларини варақлай бошлайди ва яна юзлаб одамларнинг шивири эшитилади қалбимдан.
Мен қулоқ соламан. Варақлайман хотирамнинг чексиз тарихини. Кечаги куннинг тирилаётган ҳар бир саси диққатимни тортади. Титраётган тилла барглар ҳали заминга тўкилмасидан, шивирлаган дарахтлар саси тинмасдан уларни эшита бошлайман.
Мен сени эшитаман, Хотира. Юрагингга қулоқ тутяпман, мана. Кел, суҳбат қурамиз.

ДЕВОР ОРТИДАГИ ОДАМ

Икки ойна ва эшиги бор кичкина кулбамнинг. Эрталабки шабадага юзма-юз, тунги юлдузларни бошга кўтариб, четан баргларининг шитири билан ёнма-ён кўчага чиқишга ошиқаман: деразага қараш мумкин – агар ҳаво совуқ ва ёмғир ёғаётган бўлса. Ва яна кўчага чиқиш, дераза ортидаги одам билан учрашиш мумкин.
У тез-тез уйимга ташриф буюради: шошмасдан атрофни айланади, деразадан қарайди, сокингина эшикни чертади. Мен бу одамни яхши танийман – у узоқ йиллардан буён шу ерда. У билан кўришишни, суҳбатлашишни хоҳлайман: ўзим ва уйим ҳақида гапиргим, шеър ўқиб бергим келади. Биламанки, бундан у ҳам шодланади.
Фақат кунлар ўтаяпти, мен унга пешвоз чиқмаяпман. На деразани, на эшикни очаман. Гўё ненидир кутяпман, недандир ҳайиқаман.
Мен чиндан ҳам сени кўргим келади девор ортидаги одам. Сен мени эшитаяпсанми ёки йўқ?..

БАХТ

Бахтим менинг, ярқироқ, олис ва қўл етмас юлдуз. Сен биттасан. Бошқа ҳеч кимим йўқ. Қачонлардир олис-олислардаги қорамтир осмонда кўрганим сўнмас шукуҳингдаги ловуллаган аланга менинг юрагимни ёритди.
Сен доим мен билан биргасан, менинг абадий севгим. Кунлар ва ойлар ўтаяпти, вақт сувдай оқмоқда, нима қилмай – йиғласам ёки кулсам, чексиз йўллардан ўз-ўзимдан қочиб бораётсам, самодаги ёғдуни ва бошқа юлдузни севаманми – сенинг жимжит нигоҳларингни доим ҳис қиламан ва кўраман.

СЕНСИЗ

Бугун эрта тонгданоқ юрагим ўз ўрнини тополмай, дарахт бутоқларида адашиб қолган қушдай питирлайди.
Ва ҳаммаси чексиз айлана ҳосил қилиб, кўз олдимдан лип-лип ўтади: тўхтовсиз ва узлуксиз югуради. Ойлар ва йиллар, кунлар ва лаҳзалар оппоқ изғирин билан қаердандир келади ва қайгадир йўл олади. Унинг ортидан устал ва курсилар, ойна ва деворлар, китоблар, бўм-бўш ва ёзиб ташланган қоғозлар, чиқиллаётган майда соатлар айланиб чирпирак учиб киради. Бошим қаттиқроқ ва яна қаттиқроқ айланади. Қўлларимни узатаман, бу айланма дарвозани тўхтатгим келади, увиллаган шамол мени чангаллайди, чир-чир айланаётган тубсизликка тортиб кетади.
Ва тўсатдан бу тартибсизликлар аро сенинг овозинг эшитилади. У мен билан ниманидир оҳиста гаплашади. Ҳаммаси тўхтаб қолади, ўз ўрнига туради: устал ва курсилар, ойна ва деворлар, китоблар, бўм-бўш ва ёзиб ташланган қоғозлар, ҳатто чиқиллаётган майда соатлар ҳам. Юрагим эса кўксим узра бетиним питирлашдан, узилишдан тўхтайди.
Бугун саҳарда мен шуни қайта тушундим: овозинггина мени ер шарида ушлаб туради.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси