Жузеппе Унгаретти (1888-1970)

Жузеппе Унгаретти (Giuseppe Ungaretti; 1888-1970) — таниқли итальян шоири. У Мисрдаги Искандария шаҳрида тугилган. Бу ерда француз мактабини битиргач, Парижда, Сорбонна дорилфунунида ҳуқуқ, адабиёт, фалсафадан таълим олган. Биринчи жаҳон уруши бошлангач, Миланга борган, урушда қатнашган. Урушдан сўнг Римда газеталарда, университетда ишлаган. 1939-1942 йилларда Бразилиядаги Сан-Поло университетида дарс берган. Сўнгра Италияга қайтиб, Римдаги университетда хизмат қилган.
Жузеппе Унгаретти шоир ва олим сифатида 1932 йилдан бошлаб бутун Оврўпога танилди, 1962 йилда Оврўпо Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган. Унгаретти француз символизмидан илҳом олиб, ўз даврини тимсоллар орқали чуқур ифодалай олган шоирдир. Шеърият соҳасидаги учта маҳаллий ва халқаро мукофот билан тақдирланган. Асосий китоблари: “Юкка ботган лиман”, “Оқшомлар қувончи”, “Уруш», “Замон туйғуси”, “Изтироб”, “Ваъда қилинган дунё”, “Бир инсоннинг ҳаёти”.

ОЧИҚ КУН

Эски туман тарқалгач
бирин-кетин кўринди
порлоқ юлдузлар
Мовий кўкка қараганча
симираман
салқин ҳавони
Шу мангулик
чархи кажрафтор
ичинда
бир адашган
шошган
ҳорғин руҳман мен

ЖОНТАЛАШ

Кўр лайчадай ғингшиб ингиллаб
яшагандан кўра
тўрғайдек
саробларга боққанча чанқоқ
ўлган яхшироқ
Итдан баттар бўлиб минғиллаб
кун кўргандан
битбилдиқ каби
уча-уча тоғ оша овлоқ
бир бўзқирда ўлган яхшироқ

АСКАРЛАР

Совуқ кузда
оғочлардаги
аранг турган
япроқдир улар

САН-МАРТИНО БИНОЛАРИ

Вайрон бўлди уйлар
бинолар
аянч йиқиқ
парча-пурчадан
бошқа ҳеч не қолмади бунда
Суҳбатдошлар
мактубдошлар ҳам
бир-бир ўтиб
қолмади кимса
Аммо қолди ҳар бир юракда
санчилганча бир мозор хочи
Шу юрагим
энг эзилган
энг хароб ўлка

ҲАЙҚИРИШНИ ТЎХТАТИНГ

Ўликларни ўлдирманг ортиқ
ҳайқирманг бас
жим бўлинг энди
Улар ҳақда сўзлаб
урманг дўқ
эшитилмас жавоб
улар йўқ
сўниб битди улар товуши
қадам етмас қабрлар узра
ўсган ўтлар шивирлашига
улар товши кетмиш қовушиб

БОШҚА БИР ТУН

Қора туннинг ич-ичида
муздай қўлларимнинг учи-ла
пайпаслайман
юзимни
Тасаввур этурман
ўзимни
чексизликнинг ичи-ичида

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси

ЖИМЖИТЛИК

Бир шингил пишди, ҳайдалди дала.
Булутдан халос бўлди тоғ.

Ёз ловуллаб ёнган ойнага тушди соя.
Бесўнақай бармоқлар орасидан

шуълалар кўринди тиниқ ва узоқ.
Илашди қалдирғоч қанотига охирги кукун.

Икром Отамурод таржимаси