Жозуэ Кардуччи (1835-1907)

Жозуэ Кардуччи (Giosuè Carducci; 1835-1907) — машҳур итальян шоири, Тоскана вилоятида туғилган. Флоренцияда мактабни битиргач, Пиза университетининг адабиёт факултетида ўқиди. 1860-1904 йилларда Болония университетида дарс берди. У 1890 йилда бир умрга сенатор этиб сайланган. Ўн ёшидан шеърлар ёзган шоирнинг илк китоби «Қофиялар” номи билан 1857 йилда босилган. “Шайтонга мадҳия” тўпламидаги шеърлар итальян жамиятидаги эски тушунчали кимсалар ва риёкор диндорларни фош этгани туфайли муаллифга шуҳрат келтирди. “Ямблар ва эподиялар”, “Янги шеърлар”, “Қасидалар”, “Шеърий оҳанглар” каби китоблари билан ХХ аср итальян шеъриятининг энг машҳур вакилига айланди. 1906 йилда унга Нобель мукофоти берилган. Асарлари дунёнинг бир қатор тилларига таржима қилинган. Меркурий юлдузидаги бир ёнартоғ унинг номи билан аталади.

ЭСКИ ДАРД

Ўшанда у маъсум қўлларинг ила
Тегаркансан анор шохига
Бирдан қип-қирмизи гуллар очилди

Яшилланди у кун ҳар томон яна
Танҳо дарахтзор ҳам сурурга тўлди
Ҳар жон бот жонланди ёз неъматидан
Ҳар ёнга ёз тортиқлари сочилди

Энди сен қуриган бир дарахтимсан
Қуриган ул оғочимнинг чечаги
Маъносиз умримнинг сўнгги тилаги

Совуқ тупроқ ичрасан энди
Ёлғиз қора ерда қоронғи ерда
На қуёш севинчи кўринар сенга
На ишқнинг қўллари
Уйғотар сени

БЎРОНДА

Шовуллаб ўкирар ҳайбатли денгиз,
Писта пўчоғидек кемамиз сузар.
Қалдироқ гумбурлар, оламни бузар,
Барча ҳолдан тойган, денгиз шафқатсиз.

Қирғоқ қайда дея кўзларим тикиб,
Қанча қарамайин, тўлқинлар тўсар.
Кемачи умидсиз, минғирлаб қўяр,
Даҳшат қоронғида қўрқувга чўкиб.

Шунда мағрур Даҳом кўринар порлаб,
Денгиз ўртасига ёғилар нурлар,
Гурлаб эшитилар ботир товуши:
— Туманли томонга сузинг! Қўрқмангиз!
Оқариб кўринган ёққ ташланг кўз,
Унут бир қўналға ундадир, шошинг!

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржималари

ШОИР ҲУКМИ

О Данте, кабир зот, буюк юртдошим,
Мудҳиш ўрмон аро хаёлларга банд
Юрганинг маҳали — хам қилиб бошинг,
Чиқди рўпарангдан осийлар тирбанд.

Беназир куйчиси гўзал севгининг,
Тавалло, фарёдга эловсиз мутлоқ,
Олов нигоҳларинг найзасин санчдинг,
Самога қасида битиб беадоқ —

Ва тутиб қўлинг-ла гарданлардан даст,
Қотилу мурдорни аямай алҳол,
Улоқтирдинг зулмат чоҳларга бадар.

Осийлар гуноҳи мудом басма-бас
Дўзах равоғидан тутундек бурқсар,
Данте боқар унга жаннат узра лол.

ВEРГИЛИЙ

Кун бўйи қоврилган адирлар узра
Қуяди тўлин ой муздек нафасин.
Оқади йўғрилиб оппоқ нур ила
Саркаш тоғ дарёси, ютгандек сасин.

Фароғат ичра лол булбул қайдадир
Мудроқ кенгликларни кўмар навога;
Йўловчи ҳам ғамни унутиб, асир —
Бўлар тағин илк ишқ — олис рўёга.
Она ҳам — ҳасратдан кўзлари ожиз,
Қабрдан самога олар нигоҳин,
Сокин ёғду дилга ҳузур бебаҳо;

Куйлар уммон, тоғлар тун ичра ҳаргиз,
Шамол тебраб ўтар дов-дарахт шохин…
Сенинг шеъринг шундоқ, илоҳий даҳо.

АРНО ВОДИЙСИДА

Кўнглимга илк илҳом, завқ-сурур солган
Тоскана қирларин кўролмам энди;
Унда шўх ирмоқлар янграрди хуррам,
Уларнинг жаранги мен учун тинди.

Кўм-кўк адирларнинг бағрида мозор
Туғишган акамни қучгандан буён —
Кечмиш хотиралар сукутда гирён,
Кўзимдан ёш оқмас бехос шашқатор.

Бизни жазб этмади, о, не-не хаёл!
Қалбларда ёшликнинг сурури тун-қун
Ёқмади не-не хуш орзу — истиқлол!

Умрим сарфлайман мен ақлим пешлаш-чун,
У эса ётибди ерда — навниҳол,
Янги майсаларга кўмилиб бутун.

Мирпўлат Мирзо таржималари