Эуженио Монтале (Eugenio Montale; 1896-1981) — Италиянинг атоқли шоири, ёзувчиси, публицисти, адабиётшуноси, бир умрга сенатор қилиб сайланган давлат арбоби, Нобель мукофоти совриндори (1975). Биринчи жаҳон урушида қатнашган. 1925 йилда илк шеърий тўплами “Мураккаб балиқнинг суяклари” нашр этилган. Унда шоир замон фожиаларини, аччиқ ҳақиқатларини тимсолий сўзлар воситасида санъаткорона тасвирлаган. 1939 йили босилган “Ҳолу ҳолат” китобидаги шеърларда Оврўподаги зулм даврини шафқатсизларча фош эта олган. 1938 йилда итальян фашистлар партиясига кирмагани учун тазйиққа учраган. Ҳаётида ва ижодида ҳақиқат, адолат, халқчиллик йўлини тутди. Унинг шеърлари мазмун, маъно жиҳатидан халқ онгига ва жонли тилига жуда яқин. Импрессионист шоир фожиалар дунёсидаги инсоннинг ёлғизлигини теран тасвирлаган. “Паканалар совути», “Ҳолат”, “Финистерра”, “Бўрон», “Сузгич”, “72-73-йиллар кундалиги”, “Тўрт йил дафтари” каби китоблар муаллифи. У адабиёт соҳасида Нобель мукофоти соҳиби бўлган.
ИСТАМА
Шу бичимсиз руҳимизга бичим бўлажак
Сўзлар менда йўқдир, уни истама мендин.
Ўт қилиб ёқу сўзларни, кулини совур!
Махмургулдай эшакнози қилма, бас энди.
Шу одам, кўр, бошқаларга ва ўзига дўст.
У ўзига ишонади. Ўз куланкасин
Ит кунининг қуёши шу тўкик деворга
Уришидин қўрқмас,
Қўрқмас совуришидин!
Ойни олиб беришимни истама мендин.
Қуруқ бутоқ каби сўзлар менинг бор-йўғим.
Бироқ биз ким бўлолмадик,
Нега етмадик –
Буни сенга айта олгум, шу бас, қароғим.
ТАМАЛ ТОШИ
Дунёнинг асоси тўртта моддадир,
Тўрт тамал тошдир.
Ўйлашимча, мужрим малаклар
Қитъаларга қувғин этилмиш.
Биз уларни туя олмасмиз.
Туярлимас қушлар биздан-да,
Ҳаттоки энг зиийраклари-да
Малакларнинг ташриф замонин
Қай чоғлигин англата олмас.
Биз ҳам аниқ сўйлай олмаймиз,
Архимеднинг таянч нуқтасин
Ўлар айтиб турса-да ҳатто,
Ҳақиқатни таъкид этса-да,
Буни кимса кўрмас ва туймас.
Шу одамнинг турган-битгани.
Асли бизга бошқа кўз керак.
Биз кўролмас бўлиб қолдик-ку.
Ҳақиқат бор ахир бу Ерда,
Уни кўрмай яшаш мумкинмас.
Уни яксон қилай деб минг йил
Нафрат билан яшаш мумкинмас.
Оёқни бош, эгрини тўғри,
Ростгўйларни ёлғончи, ўғри
Дея яшаш мумкинми ортиқ?
Аён ахир, ниқоблар йиртиқ,
Шу риёкор муҳитингизда
Ўтмиш, бугун тилкаланмишдир,
Келажак-да бўлибдир чўпчак.
Ўзингизни тоғларга бўйлаб
Кун кечирмоқ масхарамасми?
Англанг — дунё тамали сизмас,
У мукаммал яратилмишдир:
У собитдир, емрилмас, тўзмас.
Тоҳир Қаҳҳор таржималари