Чезаре Павезе (1908-1950)

Чезаре Павезе (Cesare Pavese; 1908-1950) — машҳур шоир ва адиб. Кунео вилоятидаги Санто-Стефано-Бельбода туғилган. Турин университетининг инглиз адабиёти бўлимида таҳсил олган. Дефо, Диккенс, Мелвилл, Жойс, Ш. Андерсон, Г. Стайн, Фолкнер, Дос Пассос асарларини итальянчага таржима қилган. Оиласи тазйиқи остида фашист партиясига аъзо бўлган, аммо аксилфашист фаолият олиб боргани учун партиядан ўчирилган ва бир муддат қамоқда ўтирган. Урушдан кейин коммунистларга яқинлашган. Америкалик киноатриса Констанс Доулингга бўлган муҳаббати фожиали якунланган. 1950 йил 26 август куни ўз жонига қасд қилган.
Илк шеърий тўпламларида оддий итальянликлар турмушини тасвирлади, ўз замонининг фожиаси бўлган фашизмни лаънатлади. Бу йиллардаги ҳаёти, муҳити ва замон манзаралари “Турма” романида,“Тирикчилик” деб номланган кундаликлар тўпламида теран акс этган. Чезаре Павезенинг “Августдаги таътил” ҳикоялар тўплами, “Ой ва базм гулханлари”, “Гўзал ёз’ “Сенинг қишлоқларинг”, “Тепадаги уй”, “Тепадаги шайтон”, “Ёлғиз хотинлар орасида», “Ўртоқ» романлари машҳур ва кўплаб тилларга таржима қилинган.


ЎЛИМНИНГ КЎЗЛАРИ

Ажал келар бир куни
Кўзи кўзингга боқар

Ногоҳ келар у эски виждон азоби каби
Бахтиқора етимнинг қора хўрлиги каби
Ҳар кимса ҳам бўлгувчи бемаза одат каби
Ортимиздан қувалаб юрган бир офат каби

Ажал келар бир куни
Кўзи кўзингга боқар
Бўм-бўш бўлар у кўзлар
Маъно ранг туйғу бўлмас
Ойнада кўрганингдай қувонч ё қайғу бўлмас
Қотиб қолган ҳайқириқ
Сукутга тўла бўлар
Эй умид-орзу-ҳавас
Англармиз у кун сенинг
Бир ҳаёт бўлганингни
Бир ҳечлик бўлганингни
Ўлим учун ҳамма бир
Унинг учун ҳамма тенг

Ҳар кимнинг ҳам олдига бир ажал келиши бор
Арвоҳ юзин кўзгуда кўриб қолгандай ногоҳ
Ногоҳ нохуш бир феълдан тамом қутулган каби
Тош қотган дудоқларга қараб маъно туйгандай
Тубсиз қора гирдобга жим-жим бота кетгаймиз


ИЗТИРОБ

Кўчаларда сайр этурман роса чарчаб толгунча
фикрим ётиб қолгунча
отиб қолмоқ яшамоқ
ким дуч келса ҳар кимнинг кўзига тик боқаман
томиримда қайнар қон
қоронгини ёқаман

Ҳар тонг аввал яшанмаган бир ҳис-ла уйгонаман
ўзимни вужудимдан кўра кучли туяман
ҳар тонг совуқ бир титроқ билан титраб қўяман

Йигирма ёшимдаги тонглар қолди узоқда
Йигирма бир яна неча йиллар бари тузоқда
Бари ер-кўк орасида шув этди ўтди-кетди
Эрта мени инсонлар янги кўз билан кўрар
Бир расмга боққандай кўз ташлаб кетар нари
Бир расмга боққандай кўз ташлаб ўзим сари
Ўйлайман
Ҳа ёш эдим ёшлигимни билмасдим
У олтин кунларимга кўрдай парво қилмасдим

Худди заиф бир бола йилларча давом этган
йигили алаҳсиган уйқусидан уйгонди
Ҳа энди у йигилар ҳечам бўлмагандайин
Фақат ранглар қолди бу қаршимдаги дунёда
Ранглар эса йигламас
Ранглар уйготар мени
Хотинлардай қизлардай кўчага чиқар ранглар
Ҳар бир вужуд бир рангдир
Болалар ҳам бир рангдир

Сўлгинликдан сўнг шу оч-қизил кийимлик тана
Янгидан қовушажак ўз ҳаётига яна
Теграмдан менга боққан кўзларни ҳис этаркан
Мен-да ўз борлигимни англаб руҳан яйрайман
Одамлар орасида кезиб йўлга қарайман
Ҳар тонг йўлга чиқаман рангларни ахтарганча…

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржималари