Таригану (Tariganu) – индонезиялик шоир, рассом, мусиқачи. Ўтган асарнинг мураккаб 60-йилларида ёш шоирнинг зулм ва истибдодга қарши янграган ижоди кўпнинг назарига тушади. “Қуёшга пешвоз чиқиб” (1982) тўпламида “Сен келдинг”, “Бўса” каби меҳр-муҳаббат куйланган шеърлари баробарида “Муллалар”, “Мужоҳидлар” сингари сиёсий мазмундаги асарлари ҳам ўрин олган.
МУҲАББАТ МЎЪЖИЗАСИ
Айвонингга, ана, ёнбошлади ой.
Сен ҳам ойсан.
Табассуминг телба қилди, севгилим.
Қалайсан?
Кафтимни куйдирар қайноқ кафтларинг.
Бўғзимга тиқилди бор ҳаяжоним.
Ичимда бир йўлбарс ўкирди бирдан:
Бормисан, жоним?!
Тилим ишқ шаробин тотарди тинмай,
Тортинмай…
Кетяпман. Кузатиб келдинг эшикка.
Кафтларинг чизиғи – хатнинг сатридай,
Бармоқлар оралаб келар нафасинг,
Лабингнинг ифори жаннат атридай.
Сўзлайсан, абадий покдир исматим.
Ҳаёт – сокин сувда нилуфар гулмас.
Яхшилик, ёмонлик уйқаш қисматим,
Ахир, жангсиз асло ғалаба бўлмас.
Ё сен қалбим туққан йўлбарс қурбони,
Ё ишқнинг макридан чиқади жоним…
Мен келдим!!!
ЧАНГАЛЗОР ЖИНИ
Гоҳида келади чангалзор жини,
Гап бошлар оҳиста,
Аврар ёсуман.
Чорлар мени секин чангалзор томон.
Чирилдоқ ташлайман унинг олдига,
Бургутга қурбонлик бергандай товон.
Жин секин чекинар, кечар ўчидан.
Йўқолиб боради туман ичида…
Карим Баҳриев таржимаси