Ҳариванш Рай Баччан (1907-2003)

Ҳинд шеъриятининг ёрқин намояндаларидан бири Хариванш Рай Баччан 1907 йил 27 ноябрда қадимий Оллоҳобод шаҳрида туғилган. У, Умар Хайём, Байрон, Шелли, Китс шеърияти руҳида шаклланган. Оллоҳобод дорилфунунини битирган.
Унинг асарлари теран реализм, инсонпарварлик, гражданлик, ватанпарварлик билан йўғрилган. Хариванш Рай Баччан Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Қоҳира (1962 йил), Байрут (1967 йил), Деҳли (1970 йил) конференцияларининг фаол иштирокчиларидан ва ташаббускорларидан бири бўлди. Шоир Пушкин, Лермонтов, Тютчев, Некрасов, Маяковский, Блок, Есенин шеърларини ҳинд тилига ўгирган.  У машҳур киноактер Амитабҳ Баччаннинг отасидир.

***

Хаёл оти мени йироққа
Олиб кетса ҳамки ногаҳон.
Тушсам ҳамки бир зум фироққа,
Унутмасман сени, Ҳиндистон.
Десаларки, юр шоир, ахир
Боғи Эрам мевалари соз.
Лекин юртим, мен сенинг тахир
Илдизларинг этардим эъзоз.
Бўлсин дея сенга бир ҳадя
Юлдузларни этсалар нисор.
Бир чимдим ҳинд тупроғи дея
Этар эдим барисин бекор.
Агар мени қуёшдай хушҳол
Кўтарсалар осмон-фалакка.
Уринардим парвона мисол
Ҳиндистоннинг васлига якка.
Агар кўкда қўлимга лов-лов
Қт берсалар хурсанд бўлардим.
Лекин ўша заҳоти дарров
Ҳиндистонга томон елардим.
Оби кавсар тутқазиб агар
Десаларки, ўзгасидан кеч.
Лекин дўстлар, уни мўътабар
Ганг сувига алишмасман ҳеч.
Жаннатда ҳам маҳбусдай ғамгин
Қтирардим неча кун-тунки,
Ҳиндистонда қайтадан тағин
Туғилмоқни ўйлардим чунки.

Абдулла Орипов таржимаси

УЛКАН ВА МАЙДА

Ўз қалбимнинг эзгу ўйларин
кундалик ташвишлардан,
кураш бўронларидан
асрадим.
Эҳтиёт сақладим —
мавруди келганда, осойиш пайти,
ниҳоят бағишларман, деб,
ақлимнинг бутун ўткирлигини,
илҳомимнинг бутун алангасини,
қўшиқчилик кучимнинг бўтун шиддатини!
Лекин бундай фурсат
етмади, ёҳу:
Мен яшамадим —
куйдим-пишдим, бизбизак бўлдим,
сарфлана-сарфлана
майда-чуйдага…
Кунлвр эса олға интилар,
туш кўргандай — умр оқизоқ.
Кўнглим сезаётир сўнгги кунимни.
Нима бўпти,
ҳаёт юкин ортмоқла тезроқ.
Эзгу ўйларингни қўйиб қўй —
унут.
Яна бир бор туғилишинг кут.

РУС МАТРЁШКАСИ*

Рангдор улкан матрёшканинг
ичига жойланган бошқаси,
ясанган бошқа матрёшканинг
ичида тағин бири.
Яна бир,
тағин бир,
бошқа бир
матрёшка —
бири бошқасининг ичида!
Улардан энг митти, энг безанганига
бердим шундай савол:
«Биласанми,
нечта қўғирчоқнинг ичида яшайсан,
биродари азиз?..»
Аввал ўйлаб кўрди,
жим турди,
кейин, мана, нима деди жимитвой:
«Ақл етмас даражада улкан
коинотнинг ичига жойланган бошқаси,
бу, кўз илғамас даражада бепоён
коинотнинг ичида
яна бошқа бири.
Яна бир,
тағин бошқа,
бундан ўзга коинотлар —
бири бирисининг ичида!
Ҳар нарсанинг тубига етмоқ истаган эй одам,
сенга саволим бор шундай:
«Биласанми,
неча коинотда яшайсан,
Ер фарзанди?»
____________
* Матрёшка — бир-бирининг ичига солинган ёғоч қўғирчоқлар.

Муҳаммадали Қўшмоқов таржималари.