Важа Пшавела (1861-1915)

Важа Пшавела (ვაჟა-ფშაველა) Грузиянинг тоғли ҳудуди – Пшавининг Чаргали қишлоғида, ўз қадимий анъаналари, бой тарихи ва қайнар булоқдек фольклорига эга бўлган муҳитда туғилиб, вояга етган. Шоирни оламга танитган ном: “Важа Пшавела” – “Пшавилик эр” ёки “Пшавилик киши” демакдир.
У ўз шеърларида ватандошларининг жонли образларини ва табиатнинг кўнгилни ҳайратга солувчи манзараларини яратди. Ўз достонларида ёрқин характери билан бир умр эстетик таъсир этувчи – кучли, баркамол, довюрак одамлар образларини жонлантирди. Алуда (“Алуда Кетелаури”), Гоготур (“Гоготур ва Апшина”), Звиадаури, Жокола (“Меҳмон ва мезбон”), Квириа, Зезва, Лухуми (“Бахтриони”) каби қаҳрамонлар шулар жумласидандир.

НЕ СИР, ЯРАЛИБМАН МЕН ИНСОН БЎЛИБ
(Қўшиқ)

Не сир, яралибман мен инсон бўлиб?
Не сир, гўзал, олий, билгисиз олам –
Аро, булутларнинг тўпида тўлиб,
Яралмабман бўлиб бир қатра шабнам?
Не сир,юксакларда, биров сермаб тиғ
Мени ёмғир, қордек қувламас ҳар дам?
Ғаму ташвишлардан айларкан фориғ
Мени бошқа қайси йўл билан эгам?

Даргоҳига олса эди қайтариб,
Айрилмаса эди мендан ҳеч қачон,
Шунда шод яшардим, бўлмасдим ғариб,
Қутуларди аччиқ қисматдан бу жон.
Қуёшдан завқланиб, тошиб қалб наҳри,
Бепоён юртларга сузсам эрта-кеч,
Тепада – кун, пастда – заминнинг бағри,
Ватанимдир улар – икков бирга, эш.
Ҳаволардан қараб, тоғлар силсила –
Тева қаторига айлардим ҳавас,
Унда, мен бахш этган баҳра – нам ила
Кўклам чечаклари унгай басма-бас.
Ёш дилим берардим сочилиб-сакраб,
Тонг – кунга, шом – ойга: шу қўш сулувга,
Юртим томонларда, иссиқдан қақраб
Чатнаган чўллар ҳам тўярди сувга.

Серқирра қорларга дўнсам силиниб,
Зарра парвойимга келмас буюқ ҳам,
Парчинлансам, кўкдан қояга иниб,
Мангу давом этмас: ўлимим – бир дам.
Ўлгандай бўлардим ва ўша заҳот,
Бир қарасанг, яна урар эдим барқ,
Кўклам оламига қайтардиму бот,
Уни табассумга қилар эдим ғарқ.
(1913)

ҲАЁТ ҚОНУНИ

У – ҳаётнинг тартиби: адл, шай,
Азалий ва оламга шерик.
Бизлар ўлсак – бошқалар келгай,
Ўлган ўрнин эгаллар тирик.

У бор – ҳаёт жонли, сўлимдир,
Ҳар бир ҳолда керакдир ворис,
Ўзни асраш учун, ўлимни
Яратди у иш тутиб холис.

Гўё ўнгган эски бир либос –
Қариликни кўтармас таъби:
Янгию ёш унга хушу мос –
Жўш уради эзгу матлаби.

Бизнинг шахсий дунёвий завққа,
Муҳаббатга етишган завол –
Ўлим шудир, наздимизла, ҳа,
Бор оламга ялпи бу кор-ҳол.

Бу ҳаётда муҳаббат мангу,
Ўликларга ўликдир, бироқ,
Учар ял-ял капалакдай у,
Тирикларга тирикдир ҳар чоқ.

Жонли юрак уриб турганда,
Қайнаганда қон билмайин ҳад,
Гунафшадай отади ханда
Бор оламга тождор муҳаббат.

Тоғ эчкиси сакрар: ўйи – ул,
Ул деб янграр буғу карнайи,
Ошиқона куйлайди булбул,
Тарқалади настарин кайфи.

Табиат ҳам ул деб олар тин,
Унинг амри – барчага ихлос…
Отди ўсмир денгизга ўзин,
Эсу ҳушин еди эҳтирос!

Шон топ, олам бунёд қилувчи,
Не иш – аввал белгилагувчи!
(1895)

Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси