Жансуг Чарквиани (ჯანსუღ ჩარკვიანი) – грузин шоири. 1931 йил 30 сентябрда Тбилисида туғилган. Тбилиси давлат университетини тамомлаган (1953). Илк шеърий китоби 1959 йили “Бир кечанинг сукути” номи билан чоп этилган. 1989 йили ёзган “Ҳурлик мадҳияси” шеъри машҳур бўлган.
ИЛҲОМИМГА
Сен ташлаб кетмассан мени ҳеч қачон,
Оловнинг ичида қолсам ногаҳон,
Сен мени қутқариб қолмоғинг аён,
Фақат сен, мени ҳеч ташлаб кетмассан.
Бозорнинг қизиган дами бу соат,
Сотилар кайфият, имон, диёнат.
Сотилмай қолган бир сен бўлдинг фақат,
Фақат сен, мени ҳеч ташлаб кетмассан.
Бир сенинг эшигинг очиқ мен учун,
Битта сен чорлайсан мени куну тун.
Бир сенга қолгандир ишончим бутун,
Фақат сен, мени ҳеч ташлаб кетмассан.
Русчадан Машраб Бобоев таржимаси