Галактион Табидзе (გალაკტიონ ტაბიძე) – XX аср грузин адабиётида ёрқин из қолдирган шоирлардан бири. Грузия халқ шоири (1933). Унинг “Санъаткорона шеърлар”, “Ватан. Ҳаётим”, “Юзта шеър” каби тўпламлари, “Жон Рид”, “Давр”, “Инқилобий Грузия”, “Акакий Церетели” каби достонлари, айниқса, машҳур.
НУР
Зулматни парчалаб ёғду соча ол,
Жафодийда кўҳна тупроқдан
Тун кетсин, булутни ёриб фориғбол,
Шуъла етиб келсин йироқдан.
Бошқалар қатори нур бер, битсин нур
Менинг юртим манглайига ҳам.
Зулматни парчинла, Ватан бўлсин ҳур –
Бахт-толега арзир чинакам!
***
Ким хаёл қилибди,
Бизларни шундоқ
Буюк ишлар
Кутиб турганлигини.
Инқилобий юртнинг
Равишига боқ,
Кўргунг
Шиддатли
От сурганлигини!
Тун кутар,
Оқ юзли тонгларга интиқ,
Ноёб гўзалликни
Кутган каби зор.
Дўстлар,
Кутмоқликда
Бормикин мантиқ,
Сизга айтадиган
Кўп гапларим бор!
Мана,
Иссиқ жойдан
Негадир кечиб
Учувчи
Тўфонга
Бурар юзини.
Туман, булут эса
Четда қолмай деб
Шамоллар бағрига
Урар ўзини.
Шукуҳли изидан
Борсанг агар сен,
Беомон музларни,
Совуқ ҳавони,
Барча-барчасини
Унутарсан сен,
Бўлса ҳамки шамол,
Қорнинг бўрони!
Аммо бу совуқдан
Тетиклашар онг,
Ана,
Ер яқиндир,
Ой яқин, ана!
Учувчи
Шиддатли вақтга ҳамоҳанг
Янги жаҳонларни
Кашф этар яна.
Худди кенг сув узра
Шувиллаган, тез
Ау-у-у –
Акс-садодай
Елиб ўтар у.
Пастда кўп нарсалар
Қолади беиз,
Лаҳзада
Уфққа бориб етар у.
Ғув-ғув-ғув қилади
Аэроплан,
Ўлкани забт этар,
Ўлкаларни ҳам.
Филу барс маконин
Суронлар билан
Безовта этади
Бепарво, беғам.
Тоғдан ошиб ўтар,
Кесар шамолни,
Уммонлар матосин
Парчалаб ташлар.
Эркин қўйганида
Фикру хаёлни
Оғушига тортар
Рўёлар, тушлар.
Янги оқимларга
Ташнадир қалби,
Зафарларнинг
Олтин сарҳадин тилар.
Гуржистон!
Титратиб урушнинг зарби,
Шаънингга
Қисматнинг ғами ёғилар!..
Йўқ, энди!
Ҳавога жилов солган эр
Ишонч бўлиб кирар
Интиқ қалбингга!
Ўзи осмонларда
Парвоз этай, дер,
Пиёда келади
Бироқ, олдингга…
Муҳаммад Али таржимаси