Шоира ва таржимон Далила Бедианидзе (დალილა ბედიანიძე) 1950 йили Грузиянинг Кварели шаҳрида туғилган. Тбилиси давлат университетини тамомлаган. 10 га яқин китоблар муаллифи. Шеърлари инглиз, венгер тилларига таржима қилинган.
ШЕЪРИЯТ
Сен – менинг ватаним, онам ҳам уйим,
Қарздорингман, илҳом париси, гўзал,
Елкасида кўза кўтарган кўйи
Ҳузурбахш юкидан толмаган азал.
О Шота, Акакий, Важанинг шаъни!
Оқлай умрим, ичган тузимнинг ҳақин,
Буюрсин табаррук ўша дафтарнинг –
Қораламасига қалбда бор чақин.
О шаъним! Шеъримга кирди ой шоён,
Сингди қишдан сўнгги қўриқдай ҳамал, –
О шаъним! – шеърларим, сиз – уруғ, аён:
Дилларда ишқ бўлиб топарсиз амал.
Тўлқин урар дарё қайнаб асаби,
Туя ўркачидай йўллар баланд-паст,
Кўприк чайир, ота қўллари каби,
Тоғ карвони туннинг ороми-ла маст…
Сўз, сени сотса-да номард юз бор, чин:
Сотилмас – қўл етмас сен ўзинг абад.
Жоним ҳам, ҳеч синмас ҳақиқат ҳам – сен,
Сенсан уйғотгувчи бахтга муҳаббат.
Шеърият, онамсан, уйимсан ҳам у –
Кинцвиси яшнаган рангидаги сир,
Қутлуғсан, сен меҳнат самари мангу
Ризқ-рўз – нон,
Ризқ-рўзга айланолган шеър.
МЕҲМОНЛАРГА
Грузия ҳақида сизга не ҳам дей?
Яхшиси, ундан жудо бўлган жонлардан сўранг,
Грузия ҳақида сизга не ҳам дей?
Шунчалик яқиндан кўраманки уни,
Баъзан аниқ-тиниқ кўра олмайман ҳам,
Лекин ҳар гал кетсам ундан узоққа,
Ичдан кемирар азоб,
Гўё юлиб олади уни бағримдан
Кимнингдир қўли.
Мен қайтиб келаман – тарқайди оғриқ.
Сизга, Грузия гўзал деб
Айтишим керак, эҳтимол.
Аммо гўзал-ку ҳар қандай ватан!
Сизга, санъатимиз, тарихимиз ҳақида
Сўйлаб берсам бўлар, эҳтимол…
Лекин бунга не ҳожат!
Музейлар, кўргазмалар, китоблар
Ҳикоя қилишар мендан кўпроқ ва хўброқ.
Қани, дераза ёнига ўлтиринг –
Тингланг, биламан мен шундай қўшиқни…
Сиз айтганингиздек,
Бу уй ва сизнинг уйингиз
Ўхшарми икки томчи сувдек?
Мана, ана шу Грузия демакдир.
У ҳақда сизга не дей?
Сиз уни ўзингиз излаб топа олмоғингиз,
у билан юзма-юз бўлиб қолмоғингиз
айни муддао,
фақат шунда у сизга кўнглини очар.
Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси