Дунёга машҳур юнон шоири Яннис Рицос (Γιάννης Ρίτσος) касодга учраган йирик ер эгасининг оиласида дунёга келган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида юнон қаршилик ҳаракатида иштирок этган. Узоқ йиллар мобайнида қамоқда ўтирган. Яннис Рицоснинг 50 шеърий китоби нашр этилган.
Улардан энг машҳурлари: “Тракторлар” (1934), “Аҳромлар” (1935), “Синглимнинг қўшиқлари” (1937), “Синов” (1943), “Ойдин соната” (1956), “Шаҳодатнома” (1 жилд ,1963; 2 жилд 1966). Унинг юнон миф ва афсоналаи асосида ёзган достонлари (“Орест”, “Филоктет”) ҳам 20 аср юнон адабиётиниг етук намуналари саналади.
КИЧИК ДОСТОН
Қушнинг қанотини ушлаб турар ит –
Тошларга томчилаб тўкилади қон.
(Овчи ўт устида чўзилиб ётар)
О, қандай чиройли унинг ётиши.
Чеккасида алвон тешик. Қон.
Овчи боши узра қотиб турар ит.
Ғамгин нигоҳини узмасдан боқар,
Қушнинг қўйиб юбормай…
ЁЗ
Ёғду жуда ёруғ эди.
Деразадан нари –
Чорбоғда чириллар чигиртка,
Қўлни куйдургудек эшик дастаси.
Стол устидаги танҳо стакан
Ярақлайди бамисли даҳо.
ОҚЛИҚ
Кўрмай деб яланғоч, очиқ оқликни
Қоғозни бекитди қўли билан у
Ва ҳимоясиз қўлини кўрди.
Шунда кўзларини юмди – тинглади:
Улғайиб келарди, ўсиб келарди
Вужудида пинҳон, бепоён оқлик.
* * *
– Мени ушлаб олишинг мумкин,- деди у, –
Сен мени қамаб ҳам қўйишин мумкин.
Ўлдиришинг мумкин сен мени ҳатто!
Аммо сен
Учаётган қушни тутоласанми?
Ўлдироласанми
Тирноғим остида
Яширинган ҳавони?
* * *
– Хато қилдим.
Ҳа, хато қилдим.
Фақат алдамадим.
Менга ёрдам беринг, – деди у, –
Тирноғимни олай.
Қайчи бўлса ўтмас.
– Менга ёрдам берсаларинг-чи! – деди у, –
Ҳақиқатни айтай мен!
Қанақа ҳақиқатни?
Тирноғи ўсади
Мурдаларнинг ҳам.
* * *
Овқатини келтириб қўйдим.
Кейин кетдим.
У келгунича совиб қолмайди.
Мен қўйганимни у англар –
Фақат англармикан
У кетганимни?
* * *
Афсус, бунинг иложи йўқ, – деди у.
– Аҳмоқ, – деди биров, –
Шеъриятда
Ҳамма нарсанинг иложи бор
Ва жуда боплаб қилиши мумкин
Бу ишни.
– Жуда боплаб қилиши мумкин,-
– Қўшиб қўйди биров,-
Шуҳрат келиб жавоб берар,
Шуҳрат келиб қасос олар.
Ҳаммаси учун.
* * *
Гарчи бугун муҳаббатга ишонмасалар-да,
Мен сизга муҳаббатим ишонмоқчиман.
Сизга ёқадиган сўз топмоқ учун
Сиздан яширайми муҳаббатимни?
Тун эшиги олдида турганча ёлғиз,
Сизнинг кўзингизга боқаман,
Чироқларни ёқаман,
Кўчаларни безайман яловлар билан –
Байроқларин ҳилпиратиб,
Бандаргоҳга кириб келаётган кема – менман.
…Одамлар кўчаларда сарсон юришиб,
Сонсиз зиналар устида ҳайрон туришиб,
Панжаралар, симтиканлар ортида
Кишанларни жаранглатиб,
Музлаган қўлларин зўрға қимирлатиб,
Чироқ тугмасини излашиб,
Қора тун деворин пайпаслашади:
— Қайда?!
Ёқсангиз-чи инсон умидининг чироқларини…
ЧИЛИ
Остонага қўйиб ўтинг гўзал йигит тобутин!
Бугун мис қиммати уч ярим центга ошди.
Темир, яна темир, доллар, солдат этиклари.
“Қозон қаерда? – деб бақирди у. –
Қатрон қайнаб турган қозон қаерда?
Михлар тешган, ночор қўлларимни
Кошки тиқиб олсам ўша қозонга —
Бўйнимга арқон сололмаган журъатсиз қўлларимни»
Гўзал йигит тобутини баландроқ кўтаринг!
Остона олдида баландроқ кўтаринг!
Дунёда аччиқроқ нарса борми,
Тарих вайроналари остидан,
Қаҳрамонлар ўлигини қазиб олиб,
Кейин ҳеч кимга билдирмай,
Тамаки қолдиқлари, балиқ солинадиган саватлар
Билан бирга юк вагонида
Олиб чиқиб кетмоқликдан аччиқроқ нарса борми?
Нишони, белгиси кўринмасин деб
Ғижимланган байроқларни ўрамоқдан,
Сўнг уларни мажруҳ гадоларнинг
Ҳасрат тошлари солинган
Тугунлари турган ерга ташламоқдан
Ва ғижим байроқлар устида
Неруданинг кўкракдор гитарасини
Кўриб қолмоқдан аччиқроқ нарса борми?
“Қозон қаерда? – деб ҳайқирди у. –
Қатрон қайнаб турган қозон қаерда?
Тиқиб олай ўша қозонга
Бўйинга сиртмоқ ташлашни
Ўрганишни истамаган бу қўлларимни”.
АЖДОДЛАРИМИЗ ҚАБРЛАРИ
Аждодлар қабрларин асрамоғимиз керак,
асрамоғимиз керак умидларини.
Бўлмаса,
даҳшатли бир сония келар
душман келар, қазиб олар қабрлардан
бизга мерос қолган
аждодларимиз умидларини.
Шунда биз ночор қоламиз.
Ҳеч ким бизга беролмас мадад –
хавф-хатар бошимиз устида турар.
Шундан кейин қандай яшаймиз –
уйсиз, ўчоқсиз, далаларсиз, кўзимиз ўрганган,
бир вақтлари жангда, илмда машҳури замон
аждодларимиз қабрларисиз?
Ёдимизга олайлик,
бир пайтлари спарталиклар Теганда кўмилган
Орест қабрин очиб, сўнгакларин ўғирлашганин.
Шундай экан, душман билмасин
аждодларимиз қабрлари қайдалигини.
Фақат бизлар қайдан биламиз
душман кимлигини ва у қай тарафдан
бостириб келишин қайдан биламиз?
Ёлғиз бир чора бор:
қабрлар устидан қўпоринг ҳашам тошларни,
Ўчиринг тошлардан зарҳол ёзувларни
– улар фақат диққатни тортар.
Аждодларимизга
уларнинг кераги йўқ – уларга бари бир,
улар камтар,
улар абадиян сукутда ётар.
уларни қизиқтирмас зарҳал ёзувлар,
қурбонликлар,
садақалар,
мадҳу санолар.
Яхшиси, оддий тош қўяйлик,
устига қўяйлик бир жуфт ёронгул
ва тағин ҳеч ким билмас яширин белги,
аслида ҳеч нарса бўлмаса яна яхшироқ.
Яхшиси, юракларда асрамоқ керак,
яна яхшиси ўзимиз ҳам мутлақ билмасак
аждодлар мозори қайдалигини.
Лекин бу дунёда ғалат ишлар бўлиб туради —
Тағин ким билади,
балки аллақачонлар жадларимиз қабрларини
биз ўзимиз очиб ташлаб
халос бўлгандирмиз мурдаларидан…
МУҲАББАТ
– Кетаман, — деди аёл. – Кетаман…
Чидаёлмайман…
Қандай чидай бу кечага,
Бу оқшомга қандай чидай!
Эркак қарталарни четга ирғитди,
Ирғитди аччиқ бир надомат билан
Ва янгради зинапоядан
Чопиб тушган қадамлар саси…
Эшик тағин очилди.
Ёғду чинни косадай
Чилпарчин синиб тушди.
Аёл ерда сочилиб ётган
Қарталарни териб олди-да,
Сўнг узатди эркакка секин —
Гўёки орадан йиллар ўтмаган,
Гўёки кетмаган эркак ёнидан.
Аёл ҳеч нарса бўлмагандай
Алмаштирди гулдон сувини.
Фақат айтилган ўша сўз
Хона бўйлаб учар эди худди пашшадай…
Қишнинг совуқ нафасин сезиб
бесаранжом учган пашшадай…
БИЗ ТАЙЁРМИЗ
Чодирлар ўрмалар қояга—
Осмонга қараб.
Чодирлар тошларга михланган,
Йиртиқлари
Чидам билан чатилган.
Чодирнинг кўксида қуёш найзаси,
Уфқ таранг
Худди миршаб камари каби.
Кунлар келиб,
Кунлар кетмоқда.
Фақат қоялар кетмас кўз ўнгимиздан.
Баъзан кема сузиб келар,
Баъзан булут юзиб келар
Бир нарча соясин судраб заминда —
Бу соя,
Бу бир парча соя
Заминда дарахтлар тирик бўлган
Аллақайси замонга
Очилиб турган деразалардир.
Ҳеч нарса ўзгармас —
Тош ҳам, юрак ҳам:
Тўшагимиз тошдан — унда ухлаймиз.
Нонимиз ҳам тошдан — тишни чархлаймиз.
Шамоллар енголмас ҳеч қачон
Бу тошни, бу юракни.
Шамол уфқнинг алвон байроғини
Олисда ўраб олар.
Денгиз нафасини сезиб пешонамизда,
Қояларни тишда қисиб ухлаймиз қаттиқ.
Неки келар бошимизга, келаверсинлар —
Биз тайёрмиз, ўртоқ,
Тайёр турар йўл тўрваларимиз,
Юрагимиз йўл тўрваларида.
Индамас, сас чиқармай,
Дўстлар кўйлагидаги тугмани
бураб ўйнаймиз,
Бу айтишга ҳеч гап йўқлигидан эмас,
Бу дўстимизнинг жуда севгалимиздан.
Демократия олдида қасам ичамиз,
Заминга битамиз қутлуғ исмни.
Фақат бир исмни:
Озодлик исмини.
ЖОЛИО КЮРИГА
Менинг Жолиом,
Аи-Стратисдан сенга хат битмоқдаман.
Бу ерда биз — уч минг маҳбус —
Зиёлилар, меҳнаткашлар, оддий одамлар.
Устимизда йиртиқ жункўрпа,
Беш дона ғўр мева, бпр бош пиёз,
Бир бурда нон олдимизда.
Дарахтлардек оддий одамлармиз,
Гуноҳи йўқ оддий одамлармиз.
Биз фақат сен каби, Жолио,
Барча одамлар каби
Тинчликни, озодликни
Жуда севамиз!
Бироқ, бу бийдай тақир оролда
Нон тугилган тугунни
Ва тугилган юракни кўтариб,
Бир қайғудан иккинчисига ўрмалаймиз, Жолио.
Юракларда ишонч бор фақат!
Гоҳо нонсиз,
Ташналикдан лаблар ёрилиб,
Кишанларни жаранглатиб
Дераза билан,
Дарахт билан
Дўстлашишга улгурмай туриб,
Бир қайғудан иккинчисига ўтиб яшаяпмиз.
Дарахтлардек оддий,
Дарахтлардек енгилмас бўлганимиздан,
Тинчликдан, озодликдан
Кеча олмаганимиздан
Бизнинг қўллар кишанланган, Жолио.
Макронисос оролида узоқ яшадик.
Ўлим билан бир тўшакда ухладик, Жолио.
Кўплар бунда қўлини йўқотди,
Кўплар бунда дилини йўқотди,
Оёғини, сўнгакларини йўқотди.
Кўплар қўлтиқтаёқда судралиб юрар,
Кўплар ҳатто юрмоқдан ҳам бунда бенасиб.
Кўплар бунда кечалари қичқириб чиқар,
Кўплар бунда оғзини ҳам очолмас ҳатто
Ва жуда кўплар абадий кўрмас
Оқшомнинг нимпушти сурати узра
Булутлар сузишин қирмизи қайғуси билан.
Жуда кўплар онасини қайтиб кўрмайди —
Уларнинг гуноҳи
Худди сендай дилдан севарлар
Тинчликни,
Озодликни!
Бизни, Жолио, таъқиб қилишар Ватанимизда —
Уни жуда севганимиз учун.
Севганимиз учун
Бу қадимий зайтунзорларни,
Ғазаби, қайғуси, изтироби билан
Севганимиз учун узумзорларнию
Кечалари остонамизга ёғду сепган
Бурдаланган мармартошларни
Севганимиз учун.
Тунлари бедорлигимиз учун,
Бошимиз узра чироқлар ёққан
Пўртаҳол шохларин севганимиз учун,
Елкасида асрларни, қуёшни кўтарган
Меҳрибон чинорларни севганимиз учун.
Тинчлик ҳаққи ҳурмати
Қадоқ қўлимизга олган кўп қадим
Қуролларимизни севганимиз учун
Бизни таъқиб қилишар Ватанимизда.
Бизни таъқиб қилишар
Бегона этиклар Ватанимизни
Топташига йўл қўймаганимиз учун,
Она Элладани тинчликдан, озодликдан
Айри тасаввур этмаганимиз учун
Бизни таъқиб қилишар.
Қари Вайица ҳақида
Эшитганмисан, Жолио?
У қатл олдидан
Ювиниб таранди,
Бошмоғини бўятиб олди.
Сўнг ажин босган юзларида
Табассум уйғонди,
Жилмайди дарахтлар шохлари аро
Бизга қуёш нурларини
Сочгани каби.
У қўлга қоп-қора рўмолин ушлаб,
Қамоқхона ҳовлисида
«Алвидо, булоқлар» куйи остида
Мириқиб рақсга тушди,
Рўмолини силкитиб.
Қари Вайицани кўрганмисан, Жолио?
Кўрмаслигинг мумкин эмас, ахир, Жолио.
Қари Вайица рақс тушганини
Қўл ушлашиб озодлик ва тинчлик билан?
Биласанми, биродарим, Жолио,
Мария Леонтиадуни?
У оқсоч, камбағал, чўри қиз эди.
Бегона уйларни йиғиштирарди —
Ўзининг уйи йўқ эди, Жолио.
Юварди бегоналар кирини —
Ювишга ўзининг кўйлаги йўқ эди.
Фақат икки қўли бор эди, холос —
Икки меҳнаткаш,
Темирдан, қайғудан дағаллашган
Меҳнатда ҳориб толган,
Оқшомги
Дарахтлардек куйган
Икки қўли бор эди, холос.
Уни ўлдирдилар, Жолио,
Аммо ишонаман, эртага
Тинчлик ва озодлик ҳурмати ҳаққи
Унинг икки меҳнаткаш қўли
Тинчлик ва озодликни эркаламоқда
Қайтади гул бўлиб, сарин ел бўлиб.
Мария яхши биларди,
Худди биз билгандек,
Худди сен билгандек,
Осмон ибтидоси дўллардаги нондадир.
Шундан ўлими олдида қўйганча
Икки қўлиниям кўксига
Кунчиқарга боқиб шивирлади жим:
«Агар одамлар тўйиб нон емоғи учун керак бўлса
(Мен ўзим тўймадим),
Майли, йиғлай,
Фақат оч қолмаса бас, одамлар».
Марияни қайтиб кўрамизми, Жолио,
Тонг нурларин пичан ўрамидек
Қўлида ушлаб турган,
Келажак йўлкаларин супуриб турган
Ва ёки шамолда тўлғанган,
Улкан алвон байроғин тутиб турган
Марияни қайтиб кўрамизми, Жолио?
Марияни қайтиб кўрамизми
Тинчлик ва озодлик
Тантанасида?
Сен, Жолио, онахонимиз Мамалина
Ҳақида эшитганмисан?
Онахонимиз Мамалина
Тўқсон ёшдадир.
Кўзларининг икки четида
Икки ажин дарахти шовиллаб турар,
Ғурур жарлиги бор
Қошларининг қоқ ўртасида,
Эгнида мотамлик қоп-қора либос:
Тўнғич ўғлини италияликлар ўлдирди,
Ўртанчасини — немислар,
Кенжасини эса кеча деворга тираб
Пешонасидан отиб ташлашди…
Онахонимиз Мамалинани эса,
Бечора тўқсон яшар кампирни,
Худди биздек, худди сендек
Тинчлик ва озодликни севгани учун
Умрининг охиригача қамоқхонада
Яшашга маҳкум этишди.
Ҳозир онахонимиз Мамалина
Камерада ўлганларни санаб юради,
Ўлганларга пайпоқ тўқийди
Ва оппоқ кўйлак тўқир
Совуққотган тинчлик учун,
Алвон папоқ тўқир
Келажак навнаҳорга.
Йўқ, таслим бўлмас онахонимиз Мамалина,
У қаҳва қайнатар, Жолио,
Иложини топса,
Кейин меҳмон қилар сопол тўстағонда
Тинчлик ва озодликни иссиқ қаҳва билан.
Жолио,
Бу хатга кўплар имзо қўярди,
Фақат хат-саводи йўқдир уларнинг.
Баъзилар бармоқ босар
Боникро даласин деҳқонларидай.
Аммо, ўша қўл қўйишни билмаганлар ҳам
Юракларин беришга тайёр
Тинчлик учун, озодлик учун.
Шунинг учун
Тинчлик деб,
Озодлик деб
Юракларин беришга тайёр
Турганлар номидан ўзим қўл қўяман.
Жолио, биродарларпмга етказ,
Нерудага, Эренбургга, Арагонга,
Элюарга, Пикассога етказ,
Етказ, ҳамма биродарларимга:
Биз бунда уч минг кишимиз.
Ёниб кетган уйимизнинг чўғини
Елкамизда кўтариб турганимиз учун,
Токи тунлар қўрқмасин деб оналаримиз,
Токи боболаримиз ўлим билан
бир тўшакда ухламасин деб
Катта-катта деразалари кунчиқарга қараган
Янги уй қурмоқчи бўлганимиз учун
Биз бунда маҳбусмиз —
Уч минг кишимиз.
Нима, бўлар, Жолио?
Кун келар — эритиб снарядларни
Болғаларга, омочларга, қанотларга,
Равоқларга айлантирамиз уларни.
Қанотсиз қувонч ҳайкалини эса
Маҳалламиздаги автобус бекатига
Ўрнатажакмиз.
Дарахтларга кўмилган маҳаллага
Тикланаётган хўжалик ҳақидаги рақамларни
Хабар берувчи,
Бахтли муҳаббат ҳақида шеърлар айтгувчи,
Тўғонлар ҳақида,
Дунёни электрлаштирпш ҳақида
Сўзлаб берувчи
Касаба уюшмасининг карнайи осилган
Маҳаллада
Қанотсиз қувонч ҳайкалини ўрнатажакмиз.
Эҳ, биродарларим,
Агар ёндирилган уйлар бўлмаганда эди,
Дунёнинг ўзи улкан уйга айланарди,
Қуёш бўяб чиққан бўларди
Ўша уйнинг деворларини
Ва бу уйни гулдай яшнатарди
Онамиз — озодлик,
Озодлик фарзанди — тинчлик.
Хуршид Даврон таржималари
ЕРНИНГ ТОРТИШ КУЧИ
Ой ойнага ёпишган, худди эскирган марка каби.
Эгасига етмаган мактубдай.
Ёғоч устахонада юмшоқ ўриндиқ, столлар, кўзгу.
Ит ўз соясидан қўрқади, авточироқларга ҳуради.
Қай буюмни қанча баланд отмагин, ҳавода туриб қолмас,
қанот ҳам чиқармас, албатта, ерга қайтиб тушади.
Тушган жойига чилпиллаб ёпишади.
Худди бахтин синаб отилган тангадай,
бошқа юзи тушади,
ният қилган томонинг эмас…
* * *
Ит ҳурди
дарё
тоғ томонда
сўнг жимиб қолди
қачондир
чангал тагига кўмганим
бир қўлли қўғирчоқни тишлаб
пайдо бўлди ёнимда
улар менга тикилишди
кўзлари
бўзарган.
* * *
Қон тўкилар маҳал
Гуноҳинг йўқлигин
оқлаб бўлмайди.
Рус тилидан Рауф Субҳон таржималари
АГАР БИЛГАНИМДАЙДИ
Осмон заҳил. Ой ғамгин
агар билганимдайди
қандай кўйлак кийганинг,
сенинг қайда эканингни
билганимдайди агар,
бошқача бўларди:
довушим ҳам,
осмон ҳам.
Икром Отамурод таржимаси