Таниқли шоир Никифорос Вреттакос (Νικηφόρος Βρεττάκος) — ўртаҳол деҳқон оиласида туғилган. Маблағи бўлмагани учун Афина университетини тугатолмайди. Заводда ишлайди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида қаршилик ҳаракатининг фаол иштирокчиси. Унинг бу пайтдаги сиёсий қарашлари «Қаҳрамонлик симфонияси», «33 кун» номланган шеърий тўпламларида акс этади. 1987 йили Афина фанлар академияси аъзолигига сайланади.
ЁЛҒИЗЛИК БЎЛМАЙДИ
Қўш қўшилса, қўшиқ куйланса, қўл ювилса,
Одам бор жойда ёлғизлик бўлмайди.
Қаердадир дарахтлар япроқларин силкитса,
Ёлғизлик бўлмайди. Қаердадир ҳашаротлар
Гулларга ёпишса, жилғалар югурса,
Сувда ой, юлдуз акси бўлса,
Гўдак қўлчаларин она кўксига қўйиб
Ухлаётган бўлса, ёлғизлик бўлмайди.
ЛАБИРИНТ
Кунларим бир-бирин қўллайди,
қушларга ўхшаб, кимўзарга ўйнаб,
кесиб ўтар чўлни ғира-ширада.
Бир-бирин қувиб ўтиб, қаҳ-қаҳ отар, урилиб кетар, –
бир бутун бўлар, бирлашар. Душанбалар
якшанбани ёриб кирар, ойлар чийланган қартадай.
Март ва бирдан декабрь, ортидан август,
душанбани бозор ортидан, апрелни майдан олдин
қўймоқчи бўламан, бармоқларим музлайди.
Яна бир ҳафтани
кунларга бўлишим керак.
ШЕЪРЛАРИМ
Шеърларим – олтин нурлар чўмган қор,
От кўзида порлар эзгулик,
Мойчечакни салобати босган тонг,
Илк умид ишқидан ёнган юрак
Жим ёмғирда қолган қўй-қўзидай итоаткор.
Рус тилидан Рауф Субҳон таржималари