Сюлли-Прюдом (1839-1907)

Сюлли-Прюдом (Sully Prudhomme; асл исм-шарифи Рене Франсуа Арман Прюдон) (1839.16.3, Париж — 1907.7.9, Шатне-Малабри, Оде-Сен департаменти) — француз шоири. Франция академияси аъзоси (1881). Париж университетини тугатган.
Илк китоби — «Бекат ва шеърият» (1865). «Ҳарбий таассуротлар» (1870) китоби Франция-Пруссия уруши воқеаларига бағишланган. «Беҳуда мулойимлик» (1875) шеърий тўплами ғамгин руҳда бўлиб, ички интим туйғулар билан йўғрилган. «Адолат» (1878) фалсафий достонида адолатни ташқи дунёдан эмас, одамнинг кўнглидан қидириш керак, деган фикрни илгари сурган. «Бахт» (1888) достони инсон бахти, илм, саховат ва фидойилик ҳақида.
Сюлли-Прюдомнинг Лукрецийдан қилинган таржимага «Сўзбоши»си (1869), «Эркин танлов психологияси» (1906) ва бошқа рисолалари, «Паскалнинг ҳақиқий дини» очерки (1905), жамиятшунослик ва санъатшуносликка оид бир қанча ишлари, жумладан, «Поэтик васиятнома» (1901) позитивизм фалсафаси руҳида ёзилган. Нобель мукофоти лауреати (1901).

МEН ЎЗИМНИ ШОИР САНАЙМАН

Қисматимга кўра, шоирдирман мен.
Ким билади, балки бу хато?
Инонгум мен ҳаққа, эзгуликка чин,
Бу умиддан чарчамам асло.

Балки уддалай ҳам олмасман буткул
Юракларга жунбуш солишни.
Балки куйламоғим мушкулдан-мушкул
Қалбимдаги эзгу хоҳишни.

Ҳар қалай, санъаткор йўнаркан ҳайкал,
Заҳматлардан толиқса беҳад,
Юз очмаса унда энг нафис сайқал,
Санъатбозлик бўлмас бу минбаъд.

Ким ҳис этмас менинг орзу, кўз ёшим,
Ҳамма ҳам туяди буни, бас,
Бироқ юракдаги ҳислар талошин
Қоғозга туширмоқ осонмас.

Гоҳ топмам қалбим-чун сўзларни ёрқин,
Илҳом зўр бўлар-у, қудрат оз.
Жулдурвоқи либос остида тағин
Истеъдодимни мен кўмгум боз.

Бисотимда тилло бисёр эрур, ҳа,
Кўтаролгай номимни юксак.
Бироқ улар бари ёмби шаклида,
Мен жилолар бермоғим керак.

Мангулик нимадир? Йўқлик қаърида
Йитмасликнинг имконидир бу;
Яшаб одамларнинг қалбин тўрида,
Ўлмасликни айламак орзу!

Ҳа, бир пайт довруғ деб энтиккан юрак,
Юксалмаса шоирлик шаъним,
Чин шоирга таъзим қилурман бешак,
Ёзиши-чун ёзолмаганим!..

АНА УЛАР

Кўрдим мен уларни — ғамгин нигоҳим
Хандон кўнгилларин қилмади пурғам.
Фақат шивирладим мен ўзимга жим:
— Демак, севмагансиз сиз мени дилдан?

Баҳор бу — настарин атрин сочган пайт,
Кўкда оқ булутлар сузар эди шан…
— Шундоқ ажиб кунга сиз бунча лоқайд?
Демак, севмагансиз сиз мени дилдан?

У сизга дамба-дам қилиб шўх ҳазил,
Қўлингиз тутарди чаққон ва илдам.
— Бундан менинг кўнглим синмасми чил-чил?
Демак, севмагансиз сиз мени дилдан?

Сиз мени овлоқда пайқаб бехосдан,
Сийладингиз ширин табассум билан —
Уқтирмоқ бўлдингиз ёки сиз, ростдан,
Севмаслигингизни мени чин дилдан?

Мирпўлат Мирзо таржималари