Поль Фор (1872-1960)

Поль Фор (Paul Fort, 1872—1960) — француз шоири, символизм вакили. 1972 йил 1 февралда Реймсла туғилган. 1890 йили Théâtre d’Art («Санъат театри») тетрини ташкил этган. 1897—1908 йиллар орасида Les ballades françaises («Француз балладалари») номи билан бир қанча шеърларини эълон қилган. 1912 йили ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, «Шоирлар шаҳзодаси» деб эълон қилинган. Фор 1960 йил 20 апрелда Монлери шаҳрида вафот этган.

ҚЎНҒИЗ ҚЎШИҒИ

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Дагобер дарс тугашин кутар.
Сен-Денини* у барпо этди. Ёз таътилин у яқинлатди.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Шарлемань дарс тугашин кутар.
Римда унга зафар ёр бўлди. Душманлари аламдан ўлди.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Жанна д`Арк сўнг дарсни кутар.
Уни бугун ёқарлар, эсиз. Кетдик, бизлар балиқ овлаймиз.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Решелье дарс тугашин кутар.
Монтобанга** у ҳужум қилар. Халқ иштонин каштанга илар.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Робеспьер дарс тугашин кутар.
Жаллод уни кутар бу палла. Бизларни ҳам кутар тўй, ялла.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Бонапарт дарс тугашин кутар.
Қаршида қиш, Бородино бор. Танаффусга барча интизор.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Жаноб Дюсу дарс сўнгин кутар.
Ўқитувчи – устоз у, аммо… Яшаш – унга жумбоқ, муаммо.

Қўнғиз виз-виз учару кетар. Франция дарс сўнгин кутар.
Бас, димиқма, тур, эй сен, тўнғиз! Эркин-эркин учавер, қўнғиз!

_________
* Сен-Дени – авлиё Денис, Парижнинг биринчи архиепископи. VII асрда қирол Дагобер унга мақбара қурдириб, бу даргоҳни француз қироллари мозорига хизмат қиладиган католик руҳонийлари жамиятига мулк қилиб берган.
** 1621 йилда протестаннларининг Монтобан қалъаси кардинал Решелье буйруғига кўра қамал қилинган.

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи