Марсела Дельпастр (1925-1998)

Марсела Дельпастр (Marcelle Delpastre) окситан ва француз тилларида ижод қилган. У 1925 йил 2 сентябрда Гермонт шаҳрида туғилганю 1998 йил 6 февралда вафот этган.

АРМОН

Биз заминни севолмадик,
Унга лойиқ бўлолмадик.
Бўлса ҳамки барги кўркам,
Севолмадик дарахтни ҳам.
Ер остида илдизларни,
Ер устида биз изларни
Севолмадик.

Севолмадик –
Дарёдаги қуёш аксин,
Денгиздаги тўлқин рақсин…
Дилимизга бўлса ҳам жо,
Севолмадик ишқни ҳатто.
Ер ҳуснию кўк юзини,
Булутларнинг сузишини,
Юлдузларнинг сўнишини
Ва қушларнинг хонишини
Севолмадик.

Севолмадик –
Қояларнинг ғурурини,
Сояларнинг ҳузурини.
Оловларнинг гувиллашин,
Шамолларнинг увиллашин.
Бизни қучмоқ бўлган маҳкам
Садоқатли қўлларни ҳам –
Севолмадик.

Бизлардаги меҳр кучи
Етмас ерда қолмоқ учун –
Биз заминни севолмадик…

Эркин Самандар таржимаси