Хожа Фахриддин Исматилло бинни Масъуд Исмат Бухорий 15 асрнинг машҳур шоирларидан. Маълумотларга қараганда 1365 йилда туғилиб, 1436 йилда вафот этган. Асосан қасида, ғазал, маснавий ва рубоийлар ёзган. Амир Темур ўлимидан кейин Самарқанд тахтини эгаллаган Халил Султон (Темурнинг набираси, Мироншоҳнинг ўғли. 1405—1409 йилларда Самарқандда ҳукмронлик қилган.) саройида — Самарқандда яшаган. Кейинчалик яна тахт учун курашлар бошлангач, шоир саргардонликка учрайди. Улуғбек ҳукмрон бўлгач, Исмат Бухорийни сарой хизматига таклиф этади. Лекин шоир узлатни, дарвешлар орасида бўлишни афзал кўриб таклифни қабул қилмайди. Шоирнинг саккиз минг байтдан иборат шеърлар девони, «Иброҳим Адҳам» номли маснавийси маълум. Унинг тасаввуфий таъсуротлар, суфиёна ҳиссиётлар билан йўғрилган шеърлари халқ орасида машҳур бўлган. Ҳазрат Навоий «Мажолис ун-нафоис»да ёзишича: «Хожа Исматулло Мовароуннаҳр бузургзодаларидандур. Зоҳир илмин такмил қилғондур. Ғоят хуштабълиғидан ўзин шеърға мансуб қилиб девони машҳур бўлди. Ва Халил Султон отиға яхши қасидалари бор. Бу матлаъ Хожанингдурким:
Дил кабобест к-аз у шўр барангехтаанд,
Ваз намакдони Халилаш намаке рехтаанд.
Мазмуни: Юрак кабобдир ундан шўр [ғавғо] қўзғатганлар, чунки у юракка Халил (чин дўст, демакдир) туздонидан туз сепганлар.
Ва Халил Султон ашъорининг девони таърифида рангин қасидаси бор. Матлаи будурким:
Ин баҳри бегаронки, жаҳонест дар бараш,
Ғаввоси ақли кулл набарад пай ба гавҳараш.
Мазмуни: Бу бепоён денгиз жаҳонларни ўз ичига олгандир. Илоҳий ақл ғаввоси ундан гавҳарни пайқай олмайди.
… Ва Хожанинг қабри Бухорода ўз ҳужрасидадур».
Хожа Исмат Бухорий Бухорода зуллисонайн анъанасини бошлаб берди. У ўзбек, форс, араб тилларида ижод қилган. Девони ва ўзбек тилида ёзилган «Иброҳим Адҳам» номли асари бизгача етиб келган.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Хуррам эрдим ул замон, кўнглимда ёре бор эди,
Йўлларида интизорим — шаҳриёре бор эди.
Гарчи юзлар сарғайиб, чекдим хазондай нолалар,
Шод эдим, чунки, умидда навбаҳоре бор эди
Ул санамсиз гарчи ғам дарёси ичра ғарқ эдим,
Ғам емасдим — соҳилида ғамгусоре бор эди.
Эй, рақиб, ҳижронзада ҳолига кулма, негаким,
Менга ҳам бир пайт сенингдек эътиборе бор эди.
Ёрга ҳамдам лаҳзаларда йўқдир ағёрдин хатар,
Гарчи гулга қайраган тиғ—қанча хоре бор эди.
Эсласам ёр ёди бул кун, воҳки, қонлар ичкизар,
Ул ширин кунлар қаёнда, гулузоре бор эди.
Айланиб тупроққа Исмат, эшигидан ўтса ҳам,
Келмагай кўнглигаким, «бир хоксоре бор эди».
* * *
Гул ниқобин тортар эркан шўх сабо айни саҳар,
Хуш эрур соқий лабо-лаб жомн май сунса агар.
Соқиё, тут жоми ишрат, айласин маст ҳар нафас,
Лола ҳасратдан қадаҳга тўлдирар хуни жигар.
Шарбати васлинг қошида беқадр оби ҳаёт,
Лаззати лаълингни тотган истамас қанду шакар.
Шоҳи гуллар кўйлагин йиртар насимнинг дастидан,
Ёр лабидан май симиргай парда йиртган ғунчалар.
Бахтли улдирки, хиром айлаб, нигоҳидан шу он —
Бир табассум ҳадя бирла сарвқад этса гузар.
Собиту сайёра айшда, мутрибо, лутф айлагил,
Нағма чалким, дилдан ўчсин занги заҳмат сарбасар.
Аҳли дилга роҳати жон бахш этар хушбўй баҳор,
Ишқ талабгорин элтгай ёр сари боди саҳар.
Ёндирар мутриб навоси уд каби ошиқ дилин,
Бода айлар жисму жонни борлигидан бехабар.
Мастлигингда топдинг, Исмат, суҳбати аҳли камол,
Боқ бу дам соқий кўзига, йўқса умринг бесамар.
* * *
Ғамзадин гар ўқ отарсан, сийнамда пинҳом айларам, —
Гоҳ жигардан сув берарман, гоҳ ҳамдами жон айларам„
Ҳар дам хаёлинг қошига дилни кабоблар айлабон,
Истасам жон хилватида тунда меҳмон айларам.
Ингранарди қалб аламда, бир йўла қон айладим,
Тобакай васлинг умидин сабри дармон айларам.
Ғамларинг сирин ҳануз дилда сақлардим ниҳон,
Бари фош бўлди бутун, қандоқки пинҳон айларам?
Гар юрак овора мен деб, бўлай пойида хок,
Яхши —бу, то бир умр жонимни сарсон айларам.
Ё раб, руҳидан бер тўзим саргашта дилга, ўзни мен —
Токай кўзию зулфидек масту паришон айларам.
Қийналур Исмат узолмай жон руҳинг ҳижронидан,
Айласанг осон уни сен, мен ҳам осон айларам.
* * *
Ранг берар ёқутга ҳам ул лаби хандонинг сенинг,
Таъм берар шакарга ҳам лаъли суҳандонинг сенинг.
Йўқ дурур ҳуру малакда сендаги нозук бадан,
Сендаги бу қаду қомат, чашми фаттонинг сенинг.
Ё Юсуфдан қарзгами ҳадя этилган, во ажаб,
Бу қадар ҳусну малоҳат жонбахшу пинҳонииг сенинг.
Ўлдирар шавққа этиб ғарқ мени ҳижрон тунлари,
Айлабон хуршидни тутқун чоки гирибонинг сенинг.
Истагай Исмат йўлингда хоки пойинг бўлса кош,
Токи ўтса устидан қадди хиромонинг сенинг.
* * *
Зй ҳажр, раҳм айлаким, ёрдин йироқ ўлдирмагил,
Гар ўзим лойиқ ўлимга, зорим бироқ ўлдирмагил.
Майли тиғ ургилу ўлдир юз дилозорлик ила,
Маҳруми васл айлабон жонда фироқ ўлдирмагил.
Гар раво кўрсанг ўлимни, ўлдир мени ўз олдима,
Илло ағёр олднда хор, боиштиёқ ўлдирмагил.
Қийнаб ўлдир, розиман, лек, ўзлигим қолдир менга,
Булбули саргаштани гулдан узоқ ўлдирмагил.
Исматинг ўлдирма, ё раб, шум балолар ўқидин,
Ки азиз айлаб ўзинг, хор, бесўроқ ўлдирмагил.
* * *
Оқибат кўйингда, эй номеҳрибон, келдик яна,
Сен ила пайваст каби икки жаҳон, келдик яна.
Мисли булбул биз хазон ичра юриб саргашт, ҳазин„.
Чун баҳор келгач чаманга гулфишон, келднк яна.
Қайда бўлсак муҳри меҳрннг кўксимизда бор эди,
Боқ, ҳануз ҳамроҳ ўшал муҳру нишон, келдик яна.
То қиёмат хоки пойинг кўзимизга тўтиё,
Ҳайдама остонаданким, бағри қон келдик яна.
Гарчи юрдик қанча юртда, гўё саргашта сабо,
Эшигингга бош уриб, хор, нотавон келдик яна.
Мисли Исмат гарчи биз зоҳиду порсо эдик,
Қўрқмайин майхона сори замон келдик яна.
* * *
Эй, сенки, поймол айлаган расми равони,
Этдингми фаромуш ишқингга мубталони.
Мен-ку жудо бўлдим оёқдин, бошдин хабар йўқ,
Не бўлғай, ёд айласанг мендек бесару пони.
Тун зулматида зоҳир эрур хуршид зиёси,
Ораздан суриб қўйсанг агар зулфи қарони.
Банд-бандин очиб, кокулларинг мушкини ёйсанг,
Даврангда биров ҳидламагай мушки хитони.
Қошингга кўзи тушса агар бир бор, сармаст,
Мастликдан бошига ёғдиради бори балони.
Меҳрингни туюб, гар бошини чўзмаса сабза,
Тан олмас кўнгул хосиятин меҳригиёни.
Васлинг этагин тутмоқ учун қилдим дуолар,
Йўқми, магар, энди асари шунча дуони.
Исмат, рақиблар гапига айлама парво,
Ки, ризқдин жудо қилди қачон итлар гардони?
* * *
Кетур бода, ки фасли баҳор келадур,
Чамандин ёр ҳиди янглиғ ифор келадур.
Магар май жомидин сув ичди чаманзор,
Ки, лола юзи ол, кўзи хумор келадур.
Қўниб зулфинг уза лоф урган бинафша,
Бу лаҳза ўз лофидин шармисор келадур.
Сабо зулфинг сари эсиб ҳар тун бўстондин,
Ҳар тонг биз томонга мушкбор келадур.
Бу мушкин оламда, магар, сайр этди насим,
Ки, яна ошуфтаву беқарор келадур.
Лабинг лаззатидин гар ҳадислар сўйласам,
Тилимга сўз гавҳари шўълавор келадур.
Хотиранг уммони мавжланса, шу дам, Исмат,
Саргашт кемаларинг соҳилга қатор келадур.
* * *
Гарчи жон қасдидадурсан, мақсади дил ҳам ўзинг,
Зор ўлдирсанг ҳам вале орзудаги малҳам ўзинг.
Қабрим узра ҳар куни келсанг зиёрат этгали,
Мени боз турғизгали жисмимга хос маҳрам ўзинг.
Гоҳида ўлдирганинг сори қиларкансан хиром,
Қисмати шўр ёзиғида толеи бекам ўзинг.
Лаби ширин шакаринг хандасидан жон топсам,
Чашми хунхорингдан омон асраган қалъам ўзинг.
Исматииг қонин ичиб сен, бўлмагин қосиди дил,
Ки ажал кин солса бошга, бошдаги ҳамдам ўзинг,
* * *
Юзини кўрдиму дийдоридин умрим фузун бўлди,
Тозаргай, қайта кўргач, жон, умидга шу сутун бўлди.
Агар бемор яшаш завқин тиларкан ёр хаёлидин,
Ажалга минг шукур айтсин, ки жон осон забун бўлди,
Вужуди нотавон дарддан, унинг ранжи менга кўчган,
Тани жон ранжидан мажруҳ, менинг оҳим тутун бўлди,
Агар мендан бўлак булбул қўнар бўлса бу гулзорга,
Куйиб оташли оҳимдан пару боли кукун бўлди.
Ҳажр тиғи била ҳар дам сўяр Исматни шўх қотил,
Вале боз суҳбатин тинглаб, ҳаётим бус-бутун бўлди,
РУБОИЙЛАР
* * *
Дедим: — Менинг дилим, деди: — Биз сабаб қондир,
Дедим: — Жигарим, деди: — Биз сабаб бийрондир.
Дедим: — Қонимри тўк, деди: — Кетгин йўлингга,
Кимки бизга қарам, унга эрк зҳсондир.
* * *
Шодлигим боиси — сенинг ғаминг, ёр,
Ғаминг мангуликдан азизроқ минг бор.
Ғамларинг дилимга ҳуснингдан мудом —
Тилсизлик тилида роз қилар изҳор.
* * *
Жабринг хушдурур барчанинг вафосидан,
Дашноминг яхшироқ барчанинг дуосидан.
Лутф айлаб, асрагил — бизга бегоналик,
Барча бегонага ошнолик балосидан.
* * *
Ошиқлик биносин этгунча бунёд,
Юз обод бинони этдик нообод.
Ғоратгар ҳусн учун гадодирмиз, лек,
Ишқ учун юз ганжни айладик барбод.
* * *
Агар ҳушёр эсанг, ўтганни унут,
Агар ошиқ эсанг, жон-танни унут.
Замон ғам-шодлиги ўткинчидир, бил,
Май ичу келмаган эртангни унут.
* * *
Эй сен, бойлигидан боши кўкда, пулдор,
Иззат тиласанг, тилама бировга озор.
Минг тиғи сиёсат алам сололмас сенча,
Сен солган аламга чора тополмас ночор.
* * *
Ким ғурур уйқусини тарк этмагай,
Ишқни ҳамдам, ёрни маҳрам тутмагай.
Ҳар дилки ишқ соғаридан ичса бир бор,
Икки дунё кайфи зинҳор битмагай.
* * *
Кетдингу кўзим гирядан хунбор қолдим,
Дил ўтгаю жон ҳажрга гирифтор қолдим„
Чорлашди мени кўплар сафарга, аммо,
Уйимда, ғаминг бўлдию бир дор, қолдим.
* * *
Кимнингким қўлида ишрат чироғи,
Бир куни кул қилар офат қийноғи.
Лойиқмас дардингга осуда — диллар,
Ошиқлар роҳати — ишқнинг фироғи.
Самандар Воҳидов таржималари