Умар Хайём (1048-1131)

Улуғ файласуф, шоир, мунажжим, математик ва табиб бўлган Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий (عُمَر خَیّام نیشابوری) Эроннинг Нишопур шаҳрида туғилган. Аниқ фанлар соҳасида ўз даврининг ягонаси бўлган олим томонидан тузилган тақвим, манбаларнинг якдиллик билан гувоҳлик беришича, амалдаги Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган. Унинг риёзиёт, илми нужум ва фалсафага оид бир қанча асарлари бизгача етиб келган.
Умар Хайём Нишопур, Балх, Бухоро шаҳарларида ўқийди. Ривоятларга қараганда Салжуқийлар вазири Низомулмулк унга Нишопур ҳокимлигини таклиф қилади. Лекин Умар Хайём бунга рози бўлмайди. У 1074 йилдан бошлаб Исфахон расадхонаси ишларига раҳбарлик қилиб, математика, астрономия соҳасида тадқиқотлар олиб боради. Унинг математика, фалакиётшунослик, фалсафага оид бир қанча асарлари ва кашфиётлари маълум.
Масалан, 1077 йилда у юнон олими Эвклид китобига шарҳ ёзиб, бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб беради. 1079 йилда Хайём янги ислоҳ қилинган календар ишлаб чиқаради. Бу календар Европада ундан 500 йил кейин қабул қилинган ва ҳозирги вақтгача қўлланилаётган Григориан календаридан ҳам аниқроқ бўлган. Шунингдек унинг “Рисолатул-кавн ват-таклиф” (“Коинот ва унинг вазифалари”), “Рисола фил-вужуд” (“Борлиқ ҳақида рисола”), “Рисола фи куллияти вужуд” (“Борлиқ умумийлиги ҳақида рисола”) каби асарлари ҳам машҳурдир.
Умар Хайём ўзини сира ҳам шоир деб ҳисобламаган. Рубоийларини илмий изланишлардан чарчаган пайтида турли дафгарларнинг ҳошиясига битган. Қисмат ўйинини қарангки, олим ўз умрининг асосий қисмини сарфлаган фаннинг турли соҳаларидаги буюк кашфиётлари бир чеккада қолиб, у иккинчи даражали ҳисоблаган рубоийлари Хайём номини дунёга таратди.
Умар Хайёмни дунёга машҳур қилган унинг рубоийларидир. Умар Хайём шоир бўлмаган, лекин ҳаёт ҳақида баъзи мулоҳазаларини 4қаторлик шеър қилиб қоғозга тушириб қўяверган. ХVIII асрга қадар унинг рубоийлари ҳақида тадқиқотлар олиб борилмаган. У ҳақда дастлаб Оксфорд университети профессори Томас Гайд, ундан сўнг Фон Гомер Биргестел ва Меме Николослар тадқиқот олиб боришган. 1859 йили инглиз шоири ва таржимони Эдвард ФитзЖералд Умар Хайёмнинг 70 рубоийсини таржима қилиб эълон қилгандан сўнг, бу шеърлар жуда машҳур бўлиб кетган ва инглиз тилидан жаҳоннинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинган.
Хайём рубоийларининг сони турли маълумотларда 11 тадан 1200 тагача эканлиги айтилади. Хайёмга нисбат бериладиган рубоийларни у ёзганлигига ҳам турли шубҳалар мавжуд. Айниқса, замондошлари “катта илм эгаси, мутаффакир, тақводор зот эди” деб улуғлаган шоирнинг майхўрлик, енгил ҳаёт, айш-ишрат, куфр, даҳрийлик мавзуларидаги рубоийлари ишончсиздир. Бундай рубоийлар Исломга қарши баъзи тоифалар томонидан атайлаб тўқиб чиқарилган, деган маълумотлар бор. Ҳатто Лондонда сақланаётган Умар Хайём рубоиёти қўлёзмаси ҳам сохта эканлиги аниқланган.
Умар Хайём рубоийлари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Унинг фалсафий мазмуни теран ва бадиий жиҳатдан пишиқ рубоийлари атоқли мутаржим Ш. Шомуҳамедов таржимасида бир неча марта нашр этилган. Кейинчалик Ж. Камол шоир рубоийларидан бир қанчасини ўз арузий вазни билан ўзбек тилига ўгирди.
Аввал тафаккурда туғилиб, кейин қалб қўрига йўғрилган Умар Хайём рубоийлари, бир сўз билан айтганда, Олам ва Одам ҳақида. Шоир дунё эврилишларига донишмандона босиқлик, таассуф аралаш лоқайдлик билан қарайди: дунёни ўзгартиришки қўлингдан келмас экан, уни деб қайғуриш беҳуда. Унинг учун туғилиш ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ҳалол ва ҳаром — бир хил: ҳаммаси ўз табиий қонуниятига асосланади.
Дунёвий фалсафа вакили сифатида Хайём дунёни ақл элагида элайди — Олам ва Одам муаммосини умумфалсафа мезони билан ўлчайди. Шу маънода, Хайём ижодида биз одамдан ҳам, оламдан ҳам устун турадиган — дунёни қамраб оладиган шафқатсиз фалсафага дуч келамиз. Лекин фаранг файласуфи Ларошфуко: «Фалсафа ўтмиш ва келажак кулфатлари устидан тантана қилади, лекин бугуннинг қайғуси фалсафа устидан тантана қилади», — дегани каби Умар Хайём рубоийлари ҳам буюк мутафаккирнинг фалсафий мезонларига бўйсунмаган, уларни ёриб чиққан залворли фикрлар пўртанаси, беором қалбига сиғмаган оташин туйғулар силсиласидир.
Агар шундай бўлмаганда, Хайёмнинг исёнкор шеърияти ҳам дунёга келмас эди.
Буюк олим, астроном Умар Хайём 1122 йили Нишопурда вафот этади.

РУБОИЙЛАР

Афсус, умр беҳуда бўлмишдир барбод,
Бўлмадим ҳаромдан бир нафас озод,
Буюрганин қилмай юзим қародир.
Амрингдан ташқари ишларингдан дод!

***

Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси – жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи – гавҳари ҳам биз.

***

Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланга фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.

***

Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидан-у, шоҳнинг бошидан,
Кўзанинг бўйни-ю дастасин ясар.

***

Бизлар бўлмасак ҳам жаҳн бўлғуси,
Бизлардан на ному нишон бўлғуси,
Аввал-ку йўқ эдик, етмовди ҳалал
Яна бўлмасак ҳам, ҳамон бўлғуси.

***

Бу ернинг юзида ҳар зарраки бор,
Бир замон бўлмишди ой юзли дилдор.
Нозанинлар юзин гардин аста арт
Гўзал чеҳра эди бир вақт бу ғубор.

***

Дилим илмлардан маҳрум бўлмабди.
Бир сир қолмабдики мавҳум бўлмабди.
Туну кун ўйладим етмиш икки йил.
Онгладим – ҳеч нарса маълум бўлмабди.

***

Сенинг мафтунингман берайин хабар,
Уни икки сўзла этай мухтасар:
Ишқинг тупроқ қилгай, аммо меҳрингдан
Бошимни кўтариб бўлгум жилвагар.

***

Кекса, ёш – ҳаётга ҳар кимки етар –
Ҳаммаси изма-из бирма-бир ўтар.
Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадй,
Келдилар, кетамиз, келишар, кетар.

***

Юрагим қонидан юз хона вайрон,
Уввос тортувимдан қўрқинч юз чандон,
Ҳар бир кипригимда қон дарёси бор,
Киприклар юмулса бошланур тўфон.

***

Афсуски йигитлик мавсуми битди,
Кўклам ўтиб кетди, қиш келиб етди,
Ёшлик деб аталган у севинч қуши
Билмадим, қачонлар келди-ю кетди.

***

Бу кўп эски равот, олам унга ном, –
Тун-кун тулпорига бор бунда ором.
Бу эски базм юзлаб Жамшиддан қолди,
Бу гўрда ётади юз-юзлаб Баҳром.

***

Йўқликдан пок келиб, нопок бўлдик биз,
Шўху қувноқ келиб, ғамнок бўлдик биз.
Кўзимиз тўла ёш юракда олов,
Умр елга кетди, ҳам ҳок бўлдик биз.

***

Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод –
Яхшидир ер юзин қилгандан обод –
Лутфинг-ла бир дилни қул қила олсанг,
Афзалдир юз қулни қилмоқдан озод.

***

Нокасдан сир беркит, дилингно боғла,
Аблаҳдан яширин бўлмоқни чоғла,
Кишилар жонига ўз қилимишинг кўр,
Сен ҳам шунга кўз тут, шуни сўроқла.

***

Бу кун келар экан, қўлингдан, зинҳор,
азизлар хотирин шод эт, эй дилдор.
Ҳуснинг салтанати турмас абадий,
Тўсатдан қўлингдан кетиши ҳам бор.

***

Мол-дунё ҳасрати қилмасин афгор,
Мангу яшар киши қани, қайда бор?
Бир неча нафасинг танда омонат,
Омонатга омонат бўлмоқлик даркор.

***

Аҳил бўлса олов ичра ҳам инсон,
Аҳил кишиларга олов ҳам осон.
Ноаҳил кишилар суҳбатидан қоч,
Ноаҳил суҳбати ёмондан ёмон.

***

Ўзни доно билган уч-тўртта нодон
Эшак табиатин қилур намоён.
Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,
Бўлмаса “кофир” деб қилишар эълон.

***

Бир сўнгакка сордек қаноат қилғон,
Афзалдир нокасга бўлгандан меҳмон.
Нокаснинг шиннилик нонидан яхши
Ўзинг топиб еган бурда арпа нон.

***

Мисоли бир олтин кўза бу днё
Суви гоҳо ширин, аччиқдир гоҳо,
Шунча умрим бор деб керилма асло.
Эгарлоқдир ажал оти доимо.

***

Мени ҳалок этмиш ғаму ҳижронинг,
Этагингни тутдим кетган замонинг.
Кетдинг-у ғамингдан минг кўнгил ўлди,
Қайтдинг, яна минг жон бўлди қурбонинг.

***

Токай пастлар хизматин этасан бажо,
Ҳар емишга пашшадек қилма жон фидо,
Бир нонни икки кун е, тортма миннат,
Ўзга нондан ўз дил қонинг кўп авло.

***

Ғайратинг сарф этсанг киймоқ, ичмоққа,
Арзийди бу ишни маъзур тутмоққа.
Ҳушёр бўл, қолганин бари арзимас
Умрингни сарф этиб, ўтиб кетмоққа.

***

Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром,
Феруза гумбазли осмон остида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом.

***

Бирор киши чиқиб ҳар замон, мана Мен, дейди,
Молу сийму зари бор чунон, мана Мен, дейди.
Иши ривож топиб турганда, бир куни ажал,
Пистирмадан чиқиб ногаҳон, мана, мен дейди.

***

Келолмагач қайтиб ушбу оламга,
Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга.
Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик,
Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.

***

Жонимиз бу танни тарк этиб кетар,
Икки ғишт гўримиз кўзин беркитар,
Кейин бошқа гўрга ғишт қўймоқ учун,
Бизнинг тупроқларни эзиб лой этар.

***

Келолмагач қайтиб ушбу оламга,
Қўрқамен, етмасмиз ёру ҳамдамга.
Бу дамни ғанимат ҳисоб этайлик,
Балки етолмасмиз ҳатто шу дамга.

***

Дилим бўлган эди битта ёрга зор,
У ўзга бир ерда ғамга гирифтор.
Мен ундан ўзумга дору изласам,
Нетай, табибимнинг ўзи ҳам бемор.

***

Ўлик-тирик ишин тузаткувчисен,
Тарқоқ коинотни кузаткувчисен,
Ёмон бўлсам ҳамки, сенинг бандангман,
Мен нима ҳам қилай? Яратгувчи – Сен!

***

Тингланг бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади,
Иккиси бир-бирин топишгунча то,
Ўртада бу дунё адо бўлади.

***

Кулол дўконига ташлади назар,
Икки мингча кўза жим суҳбат қурар:
— Қайсимиз сотувчи, – деди бир кўза, —
Қайсимиз олувчи, қани кўзагар.

***

Бозорда бир кулол кўрсатиб ҳунар,
Бир бўлак хом лойни тепиб пишитар,
Лой инграб айтади: Ҳой, секинроқ теп,
Мен ҳам кулол эдим, сендек, биродар.

***

Кетишдан қўрқмайман мен бу дунёда,
Чунки у дунёда умрим зиёда.
Вақти етгач танда омонат жонни
Топширайин шундай бўлгач ирода.

***

Жаҳон ғамин ема дўстим беҳуда,
Ғам емагил жаҳон тирриқдир жуда,
Бори ўтиб кетди, йўғи ҳали йўқ,
Бор-йўқни ғам қилмай яша осуда.

***

Шуҳрат топсанг, кишилар ҳасади ёмон,
Ёлғиз қолсанг сендан қилишар гумон.
Хизр бўлсанг ҳамки ҳеч кимни билма,
Сени ҳам билмасин майли бирон жон.

***

Сўзимга қулоқ ос, эй дўсти аъло,
Дунё ишларини ўйлама асло.
Қаноат гўшасин айлабон макон,
Олам ишларини қилғил тамошо.

***

Умрим қиймоқдадир, дардим бе илож,
Роҳат қисқа, заҳмат топмоқда ривож.
Худога минг бора шукрки, бало
Ва кулфатга мени этмади муҳтож.

***

Бахтингдан ободлик шохи унса ҳам,
Ҳаётинг либоси бўлса-да, ҳуррам.
Тананг чодирига суянма кўпам,
Тўрттала қозиғи сустдир, эй одам.

***

Қайда камол топдинг, жононам ўзинг,
Ойни уялтирар тунда юлдузинг.
Базм учун юзларим безар гўзаллар,
Жаҳон базмин безар бир сенинг юзинг.

***

Агар мулкинг Миср, ё Рум ёки Чин,
Ё ҳукмингда бутун ер юзин тутгин,
Охир бу бойликдан олар ҳиссанг, бил:
Ўн газ кафан билан икки газ замин.

***

Ўзгартириб бўлмас не битмиш қалам,
Фақат дил хун бўлур тортаверсанг ғам,
Бутун умр жигар қонин ютсанг ҳам,
Умринг узайтириб бўлмас бирор дам.

***

Олма сардафтари ишқнинг имлоси,
Ёшлик қасидасин жилва зиёси.
Эй, ишқ оламидан хабарсиз, билғил,
Ишқ эмасми асли ҳаёт маъноси.

***

Кимсани ранжитма, ранжитма ҳайҳот,
Ғазабинг бировга сочмагил, эй зот.
Ўзинг ранж чеку, ҳеч кимни ранжитма,
Роҳат десанг агар ўзинг ғамга бот.

***

Муҳаббат ўтида ёнмаса кўнгил,
Ҳолига вой дегил бемору заҳил.
Муҳаббатсиз ўтган ҳар би кунинг, бил:
Умрингдан беҳуда кетмиш беҳосил.

***

Бир бурчакда қотган нонга қаноат,
Истамадим ундан ортиқ ҳашамат.
Жону дилдан ҳарид этдим фақирлик,
Фақирликдан ортиқ кўрмадим давлат.

***

Поку, аҳил, оқил кишига ўртқо –
Бўлу ноаҳилдан қочавер йироқ.
Доно сенга заҳар тутса ҳам ичгил,
Қўл чўзмагил шарбат тутса ҳам аҳмоқ.

***

Дардга чалинмиш бу дили вайронам,
Ишқдан уйғонмади сармаст жононам,
Ошиқлик шаробин берганлари кун
Жигарим қони-ла, тўлди паймонам.

***

Ҳикмат чодирини тиклади Хайём,
Андух кўрасида ёнди ул ноком.
Умр ипин кесди ажал қайчиси,
Хизматига охир шул эрди инъом.

Шоислом Шомуҳамедов таржималари.

1

Ҳар зарраки, тупроқ қатида — боқса тузук,
Шоҳ тожи эрур балки ўшал ёки узук.
Гардини сулувлар юзининг аста сидир,
Бўлган эди бир вақт у ғубор кўзи сузук…

2

Менман ўша осий — ризойинг қани?
Кўнглим уйи зулмат — зиёйинг қани?
Жаннатни берар бўлсанг агар тоат учун,
Бул ҳаққим эрур — лутфу атойинг қани?!

3

Оҳ, кошки қазо лавҳига қўл етса эди,
Ўз хоҳишини унга дилим битса эди,
Ғам оти бутун ер юзидан йитса эди,
Шодликни жаҳон бошига тож этса эди..

4

Дунё сири гарчи менга беш қўлдек аён,
Сиртимга чиқарсам уни ўзимга зиён.
Теграмда мени тушунгудай инсон йўқ,
Ҳар сўзни қилиб бўлмас бу элга баён.

5

Ул зотки, замину чарху афлок* тузди,
Доғ солди кўнгилга — уни ғамнок тузди.
Бисёр ақиқ лабу ҳилол юзларни
Ер ичра яширди — бир сиқим хок тузди…*
____________
* Афлок — фалаклар, осмонлар, осмон қаватлари.
* Бу рубоий Паҳлавон Маҳмудга ҳам нисбат берилади.

6

Масжидга магар ниёз учун келганман,
Қилмангки хаёл: намоз учун келганман.
Сажжода* ўғирлаган эдим — эскибди,
Бас, покиза жойнамоз учун келганман.
___________
* Сажжода — жойнамоз.

7

Май ичмас эсанг, мастни маломат қилма,
Ғийбат тўрини тўқишни одат қилма.
Билсанг, сени(нг) қилмишларинг бундан баттар,
Бас, ичмаганингни бизга ибрат қилма!

8

Биздан аввал ҳам бу жаҳон бор бўлган,
Инсон шу фалакнинг қўлида хор бўлган.
Тупроққа оёғингни авайлаб босгин,
Бу тупроқ бир замон сулув ёр бўлган.

9

Жисмимни ювинг бода билан ўлсам агар,
Ёд айласангиз соз яна май бирла саҳар,
Майхонани тупроғига ташлайди назар,
Менданки, қиёматда тилар кимса хабар…

10

Ошиқ ҳамиша масту шайдо бўладир,
Девона, паришон, яна расво бўладир.
Ҳушёр киши ғам-қайғу тузоғига асир,
Хуммор киши дунёга бепарво бўладир!

11

Дунё дегани меҳнат-у, даврон эса ғам,
Тақдир дегани офат, тириклик-чи — ситам;
Филжумла*, жаҳон ҳолига боқсам, кўраман:
Беғам киши йўқ бунда, магар бўлса-да — кам.
________
* Филжумла — хуллас, қисқасини айтганда.

12

Ҳар нарсани Ҳақ яратмиш ўз шакли билан,
Бас, нега бири афзал унинг, бири тубан:
Гар яхши эса, маҳв этишига не сабаб?
Гар бўлса ёмон — унда гуноҳ кимда экан?!.

13

Бир доирага ўхшар бу кўҳна жаҳон:
На боши унинг маълум-у, на сўшти аён.
Ҳеч кимса очиб берган эмас бу сирни:
Қайдан келади одам-у, кетгуси қаён?!

14

Бизларни қўғирчоқ қилиб ўйнайди фалак,
Шул сўздан аён ўрнимиз оламда, малак,
Қилганча ҳаёт саҳнасида жонни ҳалак,
Сўнг қисмат адам қаърига отмоқми палак?!

15

Кўнглим тўла ғам — тут менга бир коса шароб,
Бу бебақо умрим туюлар мисли симоб.
Ут ёшлигинг ўрнида қолар кул беҳисоб,
Чин бахт ўзи йўқ нарса — у уйқую сароб…

16

Бахтим сира кулмайди, ишим ўнгланмас,
Борган сари ғам кўп-у, қувонч оздир, бас.
Оллоҳга шукур, қанча бало бор, мендан —
Бошқа кишига уни муносиб кўрмас.

17

Бутхонаю Каъба — хонаси қулликнинг!
Зангўла чалиш — таронаси қулликнинг!
Меҳробу калисою тасбеҳу салиб,
Ҳақ улки, бари нишонаси қулликнинг!

18

Бир коса шароб юз дилу динга арзир!
Бир қатраи май давлати Чинга арзир!
Йўқ ер юзида май каби ҳеч нарса — унинг
Аччиқлиги минг жони ширинга арзир!

19

Гар мақсади пул бўлмаса-да донони,
Пулсиз эса зиндон кўради дунёни.
Қўл қисқалиги сабаб бинафша мунглиғ,
Хандон лаби гулнинг зўридан тиллони!

20

Эй Тангри, Каримсанки, каримлик бу — карам,
Осийга нечун берк эрур ул Боғи Эрам?!
Эрмас-ку карам тоат учун этсанг афв,
Айбимни кечирсанг, бу — карам, ложарам*.
___________
* Ложарам — албатта, шаксиз, шубҳасиз.

21

Эй дил, бу замондан сира эҳсон тилама!
Тартибни фалак чархидан, эй жон, тилама!
Дармон сўрабон ортади дардинг баттар,
Кўн дардига ҳар лаҳза-ю, дармон тилама!

22

Қорган куни лойимни ўшал кунда Худо,
Феълимда не ҳам бўлса — Ўзи қилди ато.
Гар ҳукми биландир ҳамма айбим бехато,
Кўргай нега дўзах ичра куймоқни раво?!

23

Билгилки, ғариб кўнглини бир шод этмоқ —
Создир нечаким, жаҳонни обод этмоқ.
Лутфинг била айласанг асир бир дилни,
Ҳеч қошида мингта қулни озод этмоқ.

24

Ўлтирса эдим — қўлимда буғдой нони,
Бир жуфт қадаҳ билан шароб, қўй сони,
Вайронада ёрниким бўлиб қурбони,
Топмас бу сафони ер юзин султони!

25

Бул чархи жафопешаки, олий бунёд,
Бир дилни ҳануз айламагандир обод.
Доғдир дили ҳар кимсани кўрсанг, сўзсиз,
Доғ узра қўяр доғ яна чархи бедод…

26

Жон оламида ақл ила иш тутмоқ хуш,
Дунё ишида яхшиси турмоқ хомуш.
То ўрнида эркан кўзу тил ҳамда қулоқ,
Топгайсан уларни унутиб осойиш…

27

Дунёга ишонма, муттаҳамдир пухта,
Даврон оқизар ёшингни лахта-лахта.
Оғзишта магар солса замона ҳалво,
Ютма сира ҳам — унга заҳар омухта.

28

Ишқ асли ҳаётнинг безавол офтоби,
Ишқ асли кўнгилнинг покиза меҳроби.
Ғов кўрдими, бас, нолани бошлар булбул,
Ошиққа писанд эмас бало гирдоби!

29

Қилди бу дилим илми ладунийни ҳавас,
Ўргат, деди, ҳар не сенга маълум бу нафас.
Дедимки: «Алиф». Деди: «Оғиз очма бўлак,
Ҳақ бўлса кўнгилда, бир ҳарф етгуси, бас!»

30

Эй Тангри, асир дилимга раҳмат айла!
Шу ғамзада булбулимга раҳмат айла!
Майхонага чопган бу оёғимни кечир
Ҳам илки қадаҳгиримга раҳмат айла!

31

Таҳқиқ* дарахти ҳали гул қилган эмас,
Ҳақ моҳиятини ҳеч киши билган эмас.
Лекин узатар ҳамма унинг шохига қўл,
Ҳеч кимнинг умиди, чунки узилган эмас.
_______
* Таҳқиқ — нарсанинг моҳиятини билиш, ҳақиқатга етиш. Тасаввуфда банданинг ҳақиқатни кашф этиш учун қиладиган саъю харакати.

32

Бас, бода ичиб, шод юримоқлик — одат,
Фориғ яшамоқ куфр ила диндан — тоат.
Сўрдим: «Қалининг не?» — дея дунё қизидан,
Ул деди: «Қалин — шод дилинг ҳар соат».

33

Дерларки, беҳишту ҳуру кавсар бордир,
Анҳор тўла май, сут, яна шаккар бордир.
Тутгилки, қадаҳни тўлдириб илкимга,
Иўқ насяси, бас, нақди муқаррар бордир!

34

Эрмас эмиш ичмоқ сира шаъбонда раво,
Қўш сўнгра ражаб ойини — ул хоси Худо.
Оллоҳу Расулга қўй бу икки ойни,
Сен ич рамазонда май — бу ой бизники то!

35

«Бас, борми ариқким, суви ортга қайтар?» —
Шундай дея ўрдакка балиқ нақл айтар.
Ўрдак деди: «Бизларки, кабоб бўлсак гар,
Йўқ фарқи, жаҳон — сувми, сароб ё баттар».

36

Гул чеҳрасида насими Наврўз на гўзал!
Кезганда чаман, бўлса дилафрўз на гўзал!
Шод бўлсанг-у ҳар лаҳза бугун завқи билан,
Ўтган кундан ҳеч очмасанг сўз на гўзал!*
___________
* Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

37

Кўнглинг тилаган ёр ила бўл бир умр!
Ишқ шавқи, ҳаёт завқига тўл бир умр!
Йўқлик сари кетмоқ эмиш охир қисмат,
Билмас бу абад уйқуни гўл бир умр…

38

Қабр аҳлики, бўлмишлар, ажаб, хоку ғубор,
Оғушида бир-бирини ҳар зарраки — бор.
Ичган киши, не май бу, қилиб жонни нисор,
Дунёси билан ҳам иши йўқ — шунча хумор…

39

Ул фасли йигитликда шароб кўп яхши,
Зебо юз илан бодаи ноб* кўп яхши.
Бул олами фоний эрур уйқую хаёл,
Бас, бунда яшаш масту хароб кўп яхши.
_________
* Ноб — соф, тоза, пок.

40

Ҳеч кимга насиб ўлмади ул васли нигор,
Тулмай замон ҳасратидан кўнглига хор.
Кўз ташла тароққа: то тилинмай бағри,
Зинҳор яқинлатмади бас, зулфига ёр.

41

Гул тегмаса-тегмасин — хор бас бизга,
Нур етмаса-етмасин — нор бас бизга,
Гар хирқаю хонақоҳу шайхлик бўлмас,
Зангўла, калисо, зуннор бас бизга!

42

Эй соқий, агар кирса қучоғимга санам,
Тутса Май эмас, оби ҳаёт дам-бадам
Ҳам Зуҳра муғаннию Масиҳо ҳамдам,
Шодлик татимас, бўлмаса дил хотиржам.

43

Ёш тўкди келиб ўг узра йиғлоқи булут,
Шод этгали дилни қирмизи бодани тут.
Шул сабза6 каби кўзни қувонтиргувчи
Оромгоҳ ўлур бизнинг-да гулзори вужуд…

44

Айлангучи чархдан улушинг, дилбар, ол!
Илкишта тараб* тахти аро соғар ол!
Бас, тоату айбишта Худо зор эмас,
Дунёда мурод тухмини соч, гавҳар ол!
_________
* Тараб — хурсандлик, шодлик, айшу тараб.

45

Ҳарчанд бахтинг мангу туюлгай, эй дўст,
Жисминг эса соғлом ва гўзал — бекаму кўст,
Сен қаттиқ ишонма бу тананг чодирига,
Тўрт устуни ҳам унинг омонатдиру суст…

46

Соқийки, лаби* гўё фараҳбахш ёқут,
Дилга ғами қувватдир-у, жонимга қут.
Ким ўлмаган эса ғами тўфони аро,
Нуҳ кемаси ўшанга бўлибдир тобут.
________
* Лаб — сўфийлар истилоҳотида маънавият оламидан анбиёга малаклар воситасида, авлиёга эса илҳом орқали нозил бўладиган калом. Шунингдек, пирнинг илоҳий маърифатга кон сўзи ва бу жонбахш каломнинг мазмуни ҳам кўзда тутилади.

47

Тақдирни билиш ўйида банд этди у дам
Лавҳу қаламу беҳишту дўзах мени ҳам.
Бир кун деди устод менга: ўзингда-ку жам,
Билсанг агар, беҳишту дўзах, лавҳу қалам.

48

Ҳақ ганжи қўлигата кирмаса, айлаб дод,
Умрингни гумонлар ила қилма барбод.
Энг яхшиси май жомини қўлдан қўймай,
На маст-у, на ҳушёр бўлайлик дилшод.

49

Биз май ичамиз майкадага* нур киритиб,
Бул ишни қилолмас киши минг тавба тутиб.
Гар менда гуноҳ бўлмаса, раҳмат на қилар,
Бас, кўрсатади раҳматини Тангри нетиб?!
__________
* Майкада — майхона. Тасаввуфда шавқу завқу илоҳий файзга кон комил орифнинг ботини. Илоҳий олам маъносида ҳам келади.

50

Вайронада ёру мутрибу бодаю ман,
Жону дилу жому тўн шароб дарди билан.
Йўқ раҳмат илинжи-ю, азоб ваҳми абас,
Кечдим ўту сув, хоку шамол ташвишидан!

51

Хайём тикар эрди чодири ҳикмат, оҳ,
Ғам кўрасига тушди-ю, ёнди ногоҳ.
Миқрози ажал кесди ҳаёт риштасини,
Даллоли амал текинга сотди, эвоҳ…
_________
* Миқроз — қайчи.

52

Манзилгоҳ экан бизга шу фоний дунё,
Ҳусништа кўп изладим қиёс, эй жоно:
Юзинг каби ой равшан эмасдир — билдим,
Қаддинг каби тик эмас у сарви раъно.*
_________
* Сарв — тик ўсадиган, игнабаргли, ҳамиша кўм-кўк бўлиб яшнаб турадиган хушқомат дарахт. Мумтоз шеъриятда маъшуқанинг гўзал, келишган қадди-қомати сарвга нисбат берилади.

53

Гардун бу эзилган танимиз узра камар,
Жайҳун эса ёшли дийдамиздандир асар,
Дўзах — беҳуда оҳимиздан шарар*,
Жаннат — бир лаҳза осуда вақт магар.
________
* Шарар — учқун, аланга.

54

Куфр оламидан дингача бир лаҳза эмиш,
Шак манзилидан чингача бир лаҳза эмиш.
Бас, сен бу азиз лаҳзани хуш ўтказгил,
Умр ўзи шу — ўлгунгача бир лаҳза эмиш…

55

Инсон умри асли-азал бир тутам,
Бас, шод яша етса-да сенга қанча ситам.
Акл аҳли билан бўл, бу вужудинг асли —
Тупроғу шамолу яна оташ ила нам.

56

Ишқ — боши жаҳон дафтарининг, маъноси,
Ёшлик ғазалин матлаъси — муддаоси.
Эй, англа, хабарсиз юрган ишқ оламидан,
Ишқ бирла яралган бу башар дунёси!

57

Ёшлик деган ул нома ўқилмиш — битмиш,
Умримнинг баҳори қиш томон юз тутмиш.
Билмайман, ўшал бахт қуши — ёшлик отлиғ,
Бошимга қачон қўниб, қачон тарк этмиш?..

58

Наврўз куни лола юзини ювди булут,
Шаҳд айла-ю, тур — қўлишта соф бодани тут.
Қабрингдан унар эртага — ҳеч қилма унут,
Сайр этганинг ушбу кун ҳама сабзаю ўт…

59

Аслида умид донаси хирманда қолур,
Боғ ҳамда сарой на сан-у, на манда қолур.
Бас, сийму* зарингни доналаб йиққунча;
Дўстлар-ла еб-ич, бўлмаса душманда қолур!
_________
* Сийм — кумуш; танга, пул; оклик, оқ бадан.

60

Ҳеч бўлма ривоятга асир, эй соқий,
Мушкулдир у минг ёинки бир, эй соқий.
Хокмиз, барибир, чангни жаранглат, мутриб,
Бодмиз, барибир, бодани бер, эй соқий!

61

Бу ажзу ниёз йўлида бир дил ғанимат,
Суҳбат тиласанг, дўсти комил ғанимат.
Юз Каъба ўтаверсин бир дил қошидан,
Юз Каъбасидан бир дилни бил ғанимат.

62

Соқий, дилим аҳволи ўликдан-да хароб,
Марҳумни безовта қилмагай ранжу азоб.
Ҳар қанча этакни ювса кўз қони билан,
Кўздан кўра этак нам-у, гарди беҳисоб.

63

Топтар тупроқни оёғи нодошпшг,
Балки у қўли ё юзи бир жононнинг.
Ҳар ғишти бу осмонўпар айвоннинг —
Бармоғи вазирнинг-у, боши султоннинг.

64

Умр дафтаридан қайси куни очдим-у фол,
Куйган дилини этди баён соҳиби ҳол:
Бахтли киши улким, туни йилдек чўзилиб,
Қўйнида суюк ёри тўлишса чу* ҳилол.
____________
* Чу — чун; бамисоли, ўхшаш, монанд.

65

Тут бодани — очсин ўша баҳри дилимиз,
Ҳуснинг била ҳал эт яна ҳар мушкулимиз.
Бир кўза шаробни, кел, ичайлик бирга,
Айлангунича кўзага бизнинг гилимиз…

66

Май ичсам агар боис эмас айшу тараб,
Тарк этмак учунмас сира ё дину адаб.
Бир лаҳза сузиш баҳрида бехудликнинг* —
Май ичмагу маст юрмагима асли сабаб.
__________
*Бехудлик — сукр ва ошиқлик мақоми; ўзидан бехабарлик.

67

Ҳусн аҳлига улким, лаби хандон бермиш,
Дард аҳлига ўз юрагидан қон бермиш.
Гар қисматимиз бўлмаса шодлик — ғам йўқ,
Шодмиз, барибир, қайғуни чандон бермиш…

68

Токайгача умринг ўтади ўзни дея,
Ё ташвишини борлигу йўқликни ея.
Ич бодани, қасдида юрар бўлса ажал,
Умр ўтгани соз уйқу ё мастликда-ку-я…

69

Ишқида сулув ёрни дилим зор бўлмиш,
Ул ғамга бўлак ерда гирифтор бўлмиш.
Мен дардима дори истабон этсам саъй,
Ҳайҳот, табибимнинг ўзи бемор бўлмиш.

70

Бул кунки, саодатли у ёшликни гали,
Бордирми сабабдан кўпи май ҳўплагали?!
Айб айлама, аччиқ эса ҳам хушдир ул,
Шум қисматим этмиш уни аччиқ азалий…

71

Оввоза эмиш элда ғамим, эй соқий,
Андозасиз ул маст дамим, эй соқий.
Хаттингдан эрурман қариликда сархуш,
Дил тоза, баҳор ҳамдамим, эй соқий.

72

Гар бодани тоққа берса, тоғ рақс этади,
Ноқис киши майни қоралаб, наҳс этади.
Майдан сира тавба қилмагум — ушмундоқ
Бир нарсаки ул — тарбияти шахс этади!

73

Сабр айла, фалак остида гар бебоксан*,
Май ич, бу жаҳон ўт эса, сен — хошоксан.
Аввал била охиринг, ахир, тупроқдир,
Рад айлама, бир куни бўларсан хок сан…
___________
* Бебок — қўрқмас; бепарво, лоқайд; ситамгар маъшуқа.

74

Қар кимсани бор бўлса ейишга нони
Ҳам ўзига лойиқ уйи-ю ошёни,
Ул қул-да эмас бировга, ҳоким-да эмас,
Бас, қандини урсин ўша — хуш даврони!

75

Ҳар қанчаки менга ҳусни зебо берди,
Лола каби юз, қомати раъно берди.
Ўткинчи жаҳонда менга наққоши азал,
Билмам, не учун бунчалик оро берди?!

76

Ул кўзаниким бодаси йўқ — аҳволи бад,
Тўлдир косани, ўзинг ич-у, менга узат.
То кўзага айлангунича тупроғинг
Умрингнинг ўтар ҳар онини бил ғанимат.

77

Ул чарх қулоғимга шивирлар аста:
«Бўлсайди қазо ҳукми менга пайваста,
Бул бемаъни айланишни тарк этгайдим,
Битганда, башарти, гардишимга даcта…»

78

Ё Раб, не учун май жомини синдирдинг?
Айш истагида эрди кўнгил — тиндирдинг.
Мен ичдиму май, сен қиласан бадмастлик,
Оғзим тўла қум айлаб, нима ундирдинг?!

79

Май кўҳнами, янги — биз харидормиз унга,
Бир арпани ҳайф билгучимиз даҳри дунга.
Сен қайга юбормоқни ўлар чоғ сўрама,
Май бер-у, жўнат хоҳ беҳишт, хоҳ дўзахингга!

80

Ул лола юзини тонгда шабнам тутади,
Бинафша чаманда бўйнини хам тутади.
Яйрайди қўнгил ғунчага боқиб, рости,
Ёймас этагини у сира — жам тутади.

81

Истар эсанг умр асоси маҳкам бўлсин,
Бир дам бу дилинг жаҳонда хуррам бўлсин.
Тарк айлама бир лаҳза шароб ичмоқни,
То лаззати умрингнинг дамодам бўлсин!

82

Бермиш туну қун даҳрга азалдан сайқал,
Чарх айланар эрди сира қилмай маҳтал,
Тупроққа қўй оҳиста қадамингники, ул —
Кўз гавҳари эрди бир гўзалнинг аввал…

83

Қопшмда мудом шароби ноб бўлса, на соз!
Ҳам тинглаганим наю рубоб бўлса, на соз!
Гар кўза ясар бўлса кулол хокимдан,
Ул кўза-да лиқ тўла шароб бўлса, на соз!

84

Биздан ўша Мустафога айтинг-да салом,
Ул дам сўранг ундан айлаб эъзозни тамом:
«Айлаб шариатда аччиқ айронни ҳалол,
Қилдинг нега бизга покиза майни ҳаром?!»

85

Тортиб машаққатни киши ҳур бўлади,
Ул қатра садаф ичра яшаб, дур булади.
Мол кетса, қолур ўрнига бошинг-ку омон,
Жом бўшаса, май-ла яна маъмур бўлади!

86

Бул кўза менингдек ошиқи зор эрди,
Бир сочи узун малакка хуштор эрди;
Бул дастаки, қўза бўйнида — эрди-ю қўл
Ҳам ўрни мудом гардани дилдор эрди.

87

Дедимки: «Бўлак бодаи гулгун ичмам,
Ток қони эрур шароб, етар, хун ичмам».
«Жиддийми сўзинг?» — деб қари ақлим сўрар,
Кулдим: «Э, ҳазил бариси — нечун ичмам?!»

88

Қай дамки, бинафша юзига ранг югурар,
Йиртиш бўлади гул этагин елга ҳунар.
Оқил киши гулшанда сулув ёрни қучиб,
Май ичга-ю, май кўзасини тошга урар!

89

Май ичса магар гадо — амирликка етар!
Теккизса лабини тулки — шерликка етар!
Гар кекса татиб кўрса — яшаргай шаксиз,
Сипқорса йигит шаробни — пирликка етар!

90

Ҳеч кимсани ранжитма илож топсанг агар,
Оғритма бирор дилни — сира сочма заҳар.
Гар мангу фароғатни этарсан тамаъ,
Чек ёлғиз ўзинг учраса ҳар қанча кадар.

91

Шундай ичайин майни — бу қул ўлса эди,
Ҳаттоки гўрим май ҳидига тўлса эди,
Қабрим қошидан ўтар экан ҳар кимса,
Ул май ҳидидан масту хароб бўлса эди!

92

Охирласа умринг сени — аччиқми, ширин,
Бағдодида ўлдинг нима, Балхида у қун?
Ич майни, ҳилол сен била мендан сўнг ҳам
Минг марта бўлур маҳву чиқар боз, тайин.

93

Қушмиз гўиё биз — икки оёғида дом,
Дилхастаи рўзгор, яна ошуфта мудом.
Саргашта бу доирада — йўқ эшигу том,
Етдик на тилакларга, бажо бўлди на ком.

94

Майхонада кўрдим битта чолни — хуммор,
Сўрдим хабарин ўтгану кетганнинг зор.
Сўз қотди у: май ич, сену мендек бисёр,
Тарк этди-ю дунёни — хабар йўқ зинҳор…

95

Бир қўлда қизил май, бирида ёр зулфи,
Ултирса чаманда очилиб дил қулфи.
Май ичса жаҳоннинг ташвишини чекмай,
Ул зот биладир чин айш қилмоқ урфи!

96

Дунёнинг ғами — заҳар, шаробдир дафъи,
Йўқ бода ичувчига заҳарнинг хавфи.
Ич сабзада майни сабзахат ёрни қучиб,
Кўмгунча гўринг сабзага қисмат лавҳи…

97

Гар биз йўқ эсак ҳам, бу жаҳон бўлгайдир,
Биздан на бирор ном, на нишон бўлгайдир.
Мавжуд эмас эрдик кеча — етмовди халал,
Эртан яна йўқмиз — у ҳамон бўлгайдир…

98

Соз дилни мудом бода билан шод этсанг,
Ҳам ўттану келмаганни кам ёд этсанг,
Боз устига, зиндоний омонат жонни
Бир лаҳза ақл илкидан озод этсанг.

99

Туттилки, қадаҳ менга — сухан чоғи, ҳабиб,
Ул писта лабингким, бу кеча бўлди насиб.
Қўлимга юзингдек қирмизи майни узат,
Тавбам яна зулфинг каби кетмиш чувалиб…

100

Сайёди азал дона сепиб, дом қўйди,
«Одам» дея сўнг ўлжасига ном қўйди.
Айлаб ўзи бор яхши-ёмонликни мудом,
Айбин авом устига ҳар айём қўйди.

101

Ҳушёр эканманки, қувонч пинҳондир,
Гар маст эсам, ақлима бир нуқсондир.
Мен бандасиман ул ҳолнинг — мастлик ила
Ҳушёрлик аросинда — ҳаёт шул ондир.

102

Ул кунки, қилувдим кўзагар сори гузар,
Ҳар лаҳза у кўрсатарди хокдан ҳунар.
Ҳеч шубҳаси йўқ, барча кўрар — қилса назар:
Хокини азизларнинг у илкида эзар…

103

Мисру Руму Чин агарда мулкинг бўлгай,
Осмону замин қўлингда тутқун бўлгай,
Бир газ ер-у икки газ кафан, билсанг агар,
Бизларнинг улуш жаҳонда ул кун бўлгай.

104

Бизнинг ўша майхона саҳар берди садо:
Эй, тингла мени, ринди хароботу гадо,
Паймонани ол қўлга — етайлик тагига,
Бўлгунгача паймонаси умрингни адо.

105

Дўстлик уйини ҳамиша бунёд этинг,
Тез-тез кўришиб, бир-бирингиз шод этинг,
Қуйганда шароб косага соқий, мани
Бечорани ҳам дуо билан ёд этинг.

106

Май ички, фалак бизни ҳалок этмоқчи,
Жон қасдида ул, дилни-да чок этмоқчи,
Бас, сабзада ўлтир ва тиниқ майдан ич,
Унсин, дея сабза бизни хок этмоқчи…*
________
* Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

107

Эй чарх, кинангдан бу хароблик мева,
Золимлик эрур сенга азалдан шева.
Кўксингни, замин, кўрса эдилар очиб,
Гавҳар чиқар эрди неча минглаб тева…

108

Дерларки, шароб ичма — балодир бошга,
Маҳшарда дўзах туҳфа бўлур авбошга*.
Ҳақдир бу, бироқ, икки жаҳонга арзир
Ётсанг-да бўлиб маст агарчи тошга…
________
* Авбош — бебош, безори, йўлтўсар, бадкор.

109

Кўнглимки, намоз, рўзага мойил ўлди,
Дедим: дегучи муроди ҳосил ўлди.
Афсус нечаким, елда таҳорат синди
Ҳам қатра шароб-ла рўза ботил ўлди.

110

Қил ошначилик оқилу пок кимса билан,
Қоч бир неча фарсанг*, эса ҳар кимки тубан.
Нўш айла заҳар узатса доно чўчимай,
Лаб урма, шароб турса-да нокас, умуман!
_________
* Фарсанг — тахминан 6 кмга тенг узунлик ўлчови.

111

Тонг чоғида ул гулки, кулиб тўкилади,
Ел бирла ҳикоятни қилиб тўкилади.
Ўн кун ичида гул ниш урар, ғунча тугар
Ҳам очилар ул, ҳидга тўлиб тўкилади.

112

Ол кўза, пиёла-ю, қулоқ бер бу сўза:
Жой танла ариқ бўйи-ю ҳам қўклик уза,
Ой юзли, алиф қадди малакларни фалак
Юз марта пиёла қилди, юз марта кўза.

113

Индиннинг жилови эрмас илкингда сени,
Сиғмас қаричишта дунёнинг бўю эни,
Ойдинда симир майни, эй ой, то бу ҳилол
Топмай сира порлар неча сен бирла мени…*
_______
* Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

114

Гул фасли-ю, сув ёқаси-ю, сабзада шод,
Ҳам улфати чор-у, бир ҳур ошиққа мурод.
Тутсин қўлига қадаҳ — саҳарда ичган
Бутхонаю масжидни сира этмади ёд.

115

Қар дашт аро лолазор ёниб товланади,
У шоҳ қонидан ранг олиб оловланади.
Бинафшанинг ҳар новдаси ердан унган —
Ёр холи ва шунданми у кўп «овланади».

116

Ич бодани — топмоқ тиласанг мангу ҳаёт,
Ёшлик қушига ҳам ўша бергувси қанот.
Гул фаслию маю сархуш улфатлар ила
Шод бўл, ўзи дунёда яшашдан шу мурод!

117

Маҳбуб каби сувратига боққанда бу жом,
Синдирмади ҳурмат юзидан масти авом,
Нақ сарв не нозанинни — дил этгучи ром,
Кимдир у — ясар ва синдирар кимса мудом?!

118

Келди-ю булут, сабза уза йиғлади — боқ,
Бас, бодаи арғувонсиз дил бўлмади чоқ.
Ул сабза бу кун сайру тамошо бизга,
Кимларга бўлар тамошо бизнинг тупроқ?…

119

Асрор эса пинҳон дилида дононинг,
Сир баҳсида лол қолдиради Анқони.
Ул қатра дўнар дурга садаф ичра яшаб,
Пинҳон сири бўлганлигидан дарёнинг.

120

Бўстон сари йўл олди ўшал булбули маст,
Май жоми-ю, гул чеҳрасини топди, абас.
Ул дам унутиб ўзни, қулоғимга деди:
«Қайтмас сира, билгил, ғанимат ушбу нафас!»

121

Минг тавба магар қасд этибон шай бўлса,
Майдан сира қилма тавба, гар май бўлса.
Гул ёқаси чок-у, андалиблар нолон,
Қўи тавбани бул дамда у қандай бўлса!

122

Бегона яқин менга — вафо қилса агар,
Ёт ҳатто қариндош-да, жафо қилса агар.
Гар ёқмаса бол — борми заҳардан фарқи?
Бол ўрнидадир заҳар — даво қилса агар.

123

Бул кунки, саодат гулидир серҳосил,
Жомдан не сабаб айри эрур аммо қўл?
Май ички, замон бир ғаними ғаддор, бил,
Топмоқ бу каби кунни кейин кўп мушкул.

124

Оқил дедиким тушга кириб: — Бахт гули
Очилмади ул кимсани — уйқуни қули.
Ич майни, ажалнинг этагинг узра қўли,
Билмайди абад уйқуни одамни(нг) гўли…

125

Илкингда эрур бугун, бироқ индин йўқ,
Индин ғамини чекингда ҳеч мазмун йўқ,
Ўтказки бу дамни хуш дилинг то хун йўқ,
Ким мангу яшар? Жаҳонда бир устун йўқ…

126

Ул бода сабаб ғамнинг ҳаёти ўзга,
Бош оғриғини май ўзи солгай изга.
Ўртанма, қазо қўлда эмас, бежизга,
Улгур ўтаётган кечаю кундузга.

127

Боқ, тонг елидан гул этаги чок бўлади,
Булбул етишиб ғунчага қувноқ бўлади.
Гул соясида ўтир, у қумга сингса,
Бизнинг-да вужуд эртага тупроқ бўлади…

128

Сенсиз ўқимоқдан неча меҳробда намоз,
Айтилса хароботда на хуш сен била роз!
Сенсиз бари ҳеч: аввалу охирсан — Ўзинг,
Хоҳ ўтга улоқтир мени, хоҳ айла навоз*.
________
* Навоз — сийлаш, меҳрибонлик қилиш.

129

Йўл қўйма, сени олмасин ул ғусса асир,
То ёнмасин андуҳ ўти ичинда бағир.
Ўтказ даме сув ёқаси-ю сабза аро
Девор қўтарилмай ҳали хокингдан ахир…

130

Яйрайди шаробдан бу дили танг, келтир,
Ул бодаи мушкинбўю гулранг келтир.
Мақсад эса ғам лашкарини маҳв этмоқ,
Ёқут каби маю ҳам ипак чанг келтир.

131

Май гарчи ҳаромдир, уни аммо ким ичар
Ҳам қанча ичар ва бўлиб ошно ким ичар?
Ҳар дамда шу уч қоидага қилса амал,
Бас, ичмаса май одами доно, ким ичар?!

132

Соқий, гулу кўкликка назар сол — қувноқ,
Завқ этки, ўтиб ҳафта у бўлгай тупроқ.
Май ичгил-у, гул тер, яна бир боққунча
Гул қумга-ю, хасга айланар ҳар япроқ.

133

Шайх дерки: «Дўзах ўтида ёнгунг бир умр,
Зино-ку ҳаром, маст юришинг динда куфр».
Фоҳиша дегай: «Ҳар нима десанг — ўшаман,
Сиртинг-да ичингдайми ўзингнинг ҳам, ахир?!»

134

Шод бўлки, ҳайит ойи келиш орзусида,
Сози тараб илҳомга тўлиш орзусида.
Ул ой-да беҳол, ориғу дол, ранги сариқ,
Ночор бу азобдан қутулиш орзусида.

135

Тарк айламасингдан бу қадим оламни,
Ич бодани — қувгай у кўнгилдан ғамни.
Оч зулфини ҳурларнинг мудом бандма-банд,
Банд-бандга ажратмай бу чарх одамни…

136

Кўнглим яна юзи гулга пайванд эрур,
Қўл бўлса-чи, жоми мулга* пайванд эрур,
Ҳар жузвки* бор, олай насибам ундан
Ул дамта қадарки, кул(л)га* пайванд эрур.
_________
* Мул — май, шароб.
* Жузв — қисм, бўлак.
* Кулл — бутун.

137

Сипқор неча гул фаслида гул рангли шароб,
Турсин таралиб нолаи най, чангу рубоб.
Айш этсам-у мен май билан, сен ҳўпламасанг,
Ич тошни, нетай, сенга эрур ушбу жавоб!

138

Ул май ила бўлки, мулки Маҳмуд* шудир!
Ҳам тинглаки чангни, базми Довуд шудир!
Келмакни-ю кетмакни бўлак ёд этма,
Бир сония хуррам ўлки, мақсуд шудир!
________
* Маҳмуд — Султон Маҳмуд Ғазнавий (998—1013)

139

Хум оғзидаги ғишт давлати Жамдан* соз!
Майнинг ҳиди минг ғизои* Марямдан соз!
Мастлар дилидан саҳарлаб учган ҳар оҳ —
Ул нолаи Бусаиду* Адҳамдан* соз!
________
* Жам — қадимги Эроннинг афсонавий шоҳи Жамшид номининг қисқарган шакли.
* Ғизо — озиқ-овқат, егулик, таом.
* Бусаид — машҳур тасаввуф шайхи Абусаид Абулхайр Майҳаний.
* Адҳам — машҳур сўфий Иброҳим Адҳам (вафоти — 777 йил). У Оллоҳ йўлида ихтиёрий равишда тожу тахти, оиласи, мамлакатидан воз кечиб, Балхдан Нишопурга келиб, дарвешлик билан кун кечирган.

140

Ишқ домига гар тушмаса кекса бошим,
Бўлгаймиди ҳеч жом ила май йўлдошим.
Ул тавбани ақл берди, малак синдирди,
Чок ўлди тўнинг ҳам чидамай, бардошим…

141

Умринг югуриб зумда, ажаб, ўтгусидир,
Ўлтирма бепарвоки, тараб ўтгусидир.
Ғам чекма, хазон фаслини ўйлаб, соқий,
Ич май, кечалар бода сўраб ўтгусидир…

142

Бермоқ яширин сирдан хабар хоҳлайман,
Қилмоқ вале сўзни мухтасар хоҳлайман:
Ишқинг ила ер қаърига кирмоқни-ю, боз
Меҳринг ила топмоқни самар хоҳлайман…

143

Энг мақбули шуки, дўстни орттирсанг кам,
Соз қурсанг узоқдан гурунг давр аҳли-ла ҳам.
Қар кимсаки, бул ҳаётда маҳрам кабидир,
Акл кўзи-ла боқсанг, ўша душман чинакам.

144

Йиғ ҳушники, умри нозанин ўтмоқда,
Оч кўзники, хору зор, ҳазин ўтмоқда.
Умр ўтди-ю, билмадим недир айшу тараб,
Юз ҳайф у ҳаёттаким, чунин ўтмоқда…

145

Ҳар лаҳза қўлим жом била соғар тутсин,
Минг ҳайф, десам: дафтару минбар тутсин.
Бас, сен — қуруқ зоҳид-у, мен — ҳўл фосиқ,
Ҳеч тингламадимки, ўтга ҳўл бар тутсин.

146

Биз ошиқу ошуфтаю мастмиз бу кун,
Ҳурлар кўйида бодапарастмиз бу кун,
Буткул унутиб ўзни Худо васлини деб,
Пайвастаи даргоҳи аластмиз* бу кун.
___________
* Аласт — азал, аввал (яралишнинг ибтидоси маъносида). Даргоҳи аласт — Худо даргоҳи.

147

Соқийки, юзинг жоми Жамшиддан* хўб!
Йўлингда ўлиш ҳаёти жовиддан* хўб!
Хоки қадамингким, кўзим ундан равшан,
Ҳар зарраси унинг юз минг хуршиддан* хўб!
___________
* Жоми Жамшид (Жам) — шоҳ Жамшиднинг қадаҳи — у бутун оламни ўзида акс эттирар эмиш; умуман, май қадаҳига ишора.
* Жовид (Жовидон) — доимий, абадий, мангу.

148

Кўнглингни қилар замона ғамгин ҳар чоқ,
Пок руҳинг учар худди дарахтдан япроқ.
Бас, бир неча кун сабзада ўлтир, шод бўл.
Ўстирмайин ўт кўксида бизнинг тупроқ.

149

Улсам, мени тупроғими сиз гум айланг,
Ҳолимни менинг ибрати мардум айланг,
Сўнг май била хокимни қориб, ғишт қилинг —
Хум оғзига ёпгали ва ё хум айланг…

150

Ҳеч давру жаҳон — бўлмаса май ва соқий,
Нола қилиб турмаса найи Ироқий.
Аҳволига дунёни неча солдим кўз:
Нақд ишратидан ўзгаси эрмас боқий!

151

Эй чарх, қурумсоққа қарашдинг обдон —
Бердинг унга ҳаммому уйу тегирмон.
Бир луқма таомга зор саховат аҳли,
Яксон эса соз эди бунингдек даврон.

152

Беморман-у, дил имтиҳонимда менинг,
Май ҳўпламасам, у қасди жонимда менинг.
Боқ, турфа экан ҳар нима беморликда:
Майдан бўлаги эмиш зиёнимда менинг.

153

Май бирла хўрокимни мудом бут айланг,
Бу каҳрабо* чеҳрамни-да ёқут айланг.
Кўз юмсам агар майга ювиб жисмимни,
Токнинг чўбидан тахтаю тобут айланг.
_________
* Каҳрабо — сариқ рангли қаттиқ тош; мажозан: сариқ ранг.

154

Сиз — дайру* бут* бирла-ю, биз маъшуқу май,
Сиз — аҳли беҳишт, биз — жаҳаннам эли, ҳай.
Пешонага ул рўзи азал тақдирни
Наққоши азал битса шу хил, мен на қилай?!
___________
* Дайр — оташпарастлар ибодатхонаси; мажозан: майхона. Тасаввуфда «ҳаммаслак покбоз ошиқлар даврасини», шунингдек, «зоти аҳддиятдан ҳузурланишши билдиради.
* Бут — тасаввуфда асосий мақсад, матлаб, яъни маъшуқ тимсоли.

155

Эртан бу нифоқ илмини бас қилгайман,
Оқ сочим илан бодага қасд қилгайман.
Етмишга етибман, мана, шодликни демак,
Мен қилмасам энди, қай нафас қилгайман?!

156

Қуръонники, беқадр калом ўқирлар,
Гоҳ-гоҳ, яъниким, олиб ором ўқирлар,
Бир оят бор пиёла четида бироқ,
Ҳар ерда уни ҳамда мудом ўқирлар.

157

Тўрт кун бу тириклик, басе, нўш айла шароб,
Тўрт кунлик умр қайтмагай — ўтказ беитоб.
Билгилки, жаҳон тутар хароблик сари юз,
Сен ҳам кеча-кундуз яша, бас, масту хароб.

158

Токай бу замон ҳасратидан маҳзунсан,
Кўзлар тўла ёш ҳам дили лим-лим хунсан.
Ич бодани, сур айшни, кўнгилни хуш тут,
Чиқмай туриб ул доирадан бир кун сан…

159

Бу чарх дилим хамиша ғамнок қилур,
Айш кўйлагини тағин у ғар чок қилур.
Ул бодки, биз тараф эсар — ўт айлаб,
Оғзимдаги сувни ҳар замон хок қилур…

160

Ҳақ сўзни дегум, рафиқ, агар берсанг йўл,
Ол1 бодаю оқбадан малак бирлан бўл!
Оллоҳни сенинг мўйлабинг-у ҳамда менинг
Соқолимдан ўзга ҳам ғаму тавиши мўл…

161

Қўй, чекма алам, арзимагай бор ё йўқ,
Лозимми яшаш хуш дея хам ёр ё йўқ,
Тўддирки қадаҳни, ичга ютган нафасим
Қайтиб чиқарарман яна такрор ё йўқ…

162

Олган эдим ул кун кўзагардан кўза,
Очиб неча асрорни у кирди сўза:
«Эрдим кеча шоҳу қўлда заррин коса,
Боқ, энди бўлибман, мана, хуммор қўза».

163

Ҳар сабзаки, сувнинг бўйидан жой олмиш,
Ул талъати* ҳур хаттини ёдга солмиш.
То сабза сари ташла оёғингни аяб,
Ул сабза санам чеҳрасидаги холмиш…*
_________
* Талъат — юз, чеҳра, ҳусн.
* Бу рубоий жузъий тафовутлар билан Нажмиддин Кубро рубоийлари орасида ҳам учрайди.

164

Май ич, очу тўқлик ғами дилдан кетади,
Етмиш икки миллат қайғуси тарк этади.
Майдан сира пархез этма — бир кимёдир ул:
Бир қатрасидан минг дардишта нафъ етади.

165

Осмон булутдан настара* тўкмоқда,
Гулларни очиб, боғ узра шан тўкмоқда.
Савсан* каби жомга майи гулгун қуйгил,
Чун абри бинафшаранг суман* тўкмоқда…
________
* Настаран — оқ ёки қизил тусли хушбўй ва гўзал гул.
* Савсан — гулсафсар.
* Суман — ёсмин гули; хушбўй оқ гул.

166

Кўҳна работ асли олами ғирромнинг,
Оромгоҳ эрур отига субҳу шомнинг.
Бир базмки, қолмиш ўша юз Жамшиддан,
Бир қасрки, такягоҳи* юз Баҳромнинг.
____________
* Такягоҳ — турар жой, дам оладиган жой.

167

Бир лаҳза дилим илмдан маҳрум эмас,
Дунёнинг бирор сири менга мавҳум эмас.
Нақ етмиш икки йил туну кун ўй сурдим,
Маълум бўлди: ҳеч нима маълум эмас*.
_________
* Бу рубоий баъзи бир тафовутлар билан Абу Али ибн Сино рубоийлари орасида ҳам учрайди.

168

Ул бода хаётга ўзга файз бахш этар,
Ич майни агарчи бошга оғриқ етар.
Бас, сен каби меҳрибонни дунё нетар,
Шош, лаҳза ичинда нақди умринг кетар…

169

Ҳар дилки, асир ўлса унинг дардига хуш!
Ҳар бошки, тўлар гар кўйининг гардига хуш!
Ғам тийғини дўст отса ҳечам ранжима — бу
Келгай эмиш ошиқ элининг мардига хуш!

170

Ул нечаки, шоҳи фазлу одоб ўлди,
Бас, жамъи камолу шамъи асҳоб ўлди.
Зулмат кечада юргали йўл топмасдан,
Дегани фасона, қилгани хоб* ўлди…
__________
* Xоб — уйқу.

171

Нафсимга мудом етмади кучим-да, нетай?
Айбим кетидан ғам тўла ичимда, нетай?
Айбим караминг бирла кечарсан, аммо,
Номус ила ўлмоқ эса ишим-да, нетай?..

172

Бойлик ғами-ю, ҳасрати дунё не учун?
Мангу яшаган кимсани кўрдингми бу кун?
Омонат эрур тандаги бул неча нафас,
Дил берма омонатга, эсанг ақли бутун.

173

Билганда адолат нелигин зарра фалак,
Севган бўлар эрди уни ҳар кимса бешак.
Устун эса дунёда адолат расми,
Доно дили асло оғримас эрди демак.

174

Эй дўст, неки сир бўлса, ўзинг огоҳсен,
Бас, нега чекурсан бу қадар кўп оҳ сен?
Юрмас йўриғингдан бу фалак ғилдираги,
Шукр айла тириклигинг учун гоҳ-гоҳ сен…

175

Бир қатра шароб маснади* Қобусдан* хўб!
Ҳам тахти Қубоду* мулкати Тусдан хўб!
Ҳар нолаки, субҳидамда чекмиш риндлар,
Минг тоати ул зоҳиди солусдан* хўб!
_________
* Маснад — тахт; мартаба.
* Қобус — сосонийлар сулоласига мансуб подшоҳ.
* Қубод — сосонийлар сулоласига мансуб подшоҳ.
* Солус — риёкор, фирибгар.

176

Бизларни ҳалок этди ғами ҳижронинг,
Қўлим сира қўйвормас эди домонинг.
Кетдинг-у, ҳалок бўлди ғамингдан минг дил,
Келдинг яна минг жон сенинг қурбонинг!

177

Хайём, гуноҳ деб бу қадар мотам не?
Чекмоқ каму кўп нафъи сабаб алам не?
Гар бўлмаса ҳеч бир гуноҳ — афв нечун?
Гар афв гуноҳ учун экан, бас, ғам не?

178

Ким кетди жаҳондан илгари, эй соқий,
Тупроқ аро йитди бари, эй соқий.
Ҳақ сўзни эшит мендан-у, бор, бодани ич,
Соврулди шамолга сўзлари, эй соқий…

179

То бор экан имконинг қўлингда зинҳор,
Ёд айла азизлар хотирини, дилдор.
Ҳусн давлати ҳеч кимга вафо қилган эмас,
Зор йиғлатиб бир кун сени ҳам кетмоғи бор…

180

Шодлик тилама, умринг давом этмас узоқ,
Жамшид ила Кайқубод хоки бу тупроқ.
Аҳволига бу жаҳонни(нг) боқсанг, кўрасан:
Уйқую хаёлу ҳийладир бошдан-оёқ…

181

Ранжу аламим гарчи менинг кўпдан-кўп,
Айшу тарабинг сенинг туганмас — бир тўп.
Ҳеч битгасига суянма, бу мутриби чарх
Кўрсатар эмиш пардада минг нағма хўп…

182

Ул майки, ҳаёти жовидонийдир — ич,
Сармояи лаззати жавонийдир* — ич.
Оташ каби ёндиргучи ул, лек ғамни
Қилғувчи зилоли зиндагонийдир* — ич.
__________
* Жавоний — ёшлик, ўктамлик.
* Зилоли зиндагоний — тириклик суви.

183

Оҳ, тушди чекимга мени(нг) сархушлигу май,
Қўзғолди ҳам эл ичра маломат талай.
Бўлгандами ҳар ҳаромда майнинг иси,
Топилмас эди жаҳонда бир ҳушёр, ҳай…

184

Кун яхши, ҳаво бўлса на совуқ, на илиқ,
Гулзор юзидан ювди булут чангни тўлиқ.
Булбул-чи, сариқ гул била ўзни унутиб,
Ушшоққа «Шароб ич!» дея бермоқда йўриқ.

185

Эй дил, бу жаҳон ҳақиқатидир мажоз,
Бекор ғаму қайғу чекмагил дуру дароз*,
Тақдир ишига тан бер: у кўпдир ёки оз,
Ҳукмини тузатмас у қилиб сенга ниёз.
________
* Дуру дароз — давомли, нихрятда узун, муфассал.

186

Майдан бўлаги бўлгани кўтоҳ яхши,
Ул майни яна узатса дилхоҳ яхши,
Бўлмоқ яна маст, дарвешу гумроҳ яхши,
Ер бирла фалакдан журъа май, оҳ, яхши!

187

Жом ичра шароб хоҳиши кўнгил, келтир,
Маҳрам ва мунис эрса ўшал гул, келтир.
Яхши биласан, олами хокнинг сўнгги —
Елдир, басе, шош, лаҳзада май — мул келтир!

188

Май ичсам-у, ҳар кимки, чу мен аҳл ўлур,
Олдида хирад* аҳлини бу саҳл* ўлур.
Билгай эди ичмоғими май Ўзи азал,
Нўш айламасам, Тангри иши жаҳл ўлур.
____________
* Xирад — акл, идрок, дониш.
* Саҳл — енгил, осон.

189

Уйюнки, саҳар чоғида озода йигит,
Биллур каби жом ичра тутиб бода йигит,
Қар лаҳза фано кунжида* ўткинчи эрур,
Топмас киши излаб уни сўнг, сода йигит…
_________
* Кунж — чет, бурчак, гўша.

190

Ҳар яхши-ёмонликки, башар табъида бор,
Ҳар шодлигу кулфатки, қадар лавҳига ёр.
Осмонга ҳавола этма, идрок йўлида
Сендан бу фалак ожизу бечораю хор…

191

Наврўзда қўлингга тут қадаҳ лола мисол,
Топсанг яна лолаюз билан айла висол
Ҳам ҳўпла шароб хурраму шод, кўҳна фалак
Бир кун бу алиф қадни эгиб, қилғуси дол.

192

Чарх узра биров зафар тўнин кийган эмас,
Одамни ютиб, замин сира тўйган эмас,
Кеккайма мени емади деб, ҳеч кимни —
У навбати келганда емай қўйган эмас.

193

Тут қўлга шароби лолагун, эй соқий,
Турсин жўш уриб кўзада хун, эй соқий,
Бир ёри мунис жаҳонда йўқ, жом ичра
Ул дўсти асилки яширин, эй соқий.

194

Кўкламда қилиб нозли санам ҳимматни,
Ўтлоқ бўйида тутса майи ишратни,
Уйғотса-да эл ичра сўзим нафратни,
Мендан қўра ит яхши десам жаннатни!

195

Кун бўйи дегум: тунда қилар дил тавба,
Май косасию кўзасидан ул тавба.
Энди эса атрофда баҳор — тавба қаён?
Гул мавсумида тавбасидан қил тавба!*
__________
* Бу рубоий Фаридиддин Атторга ҳам нисбат берилади.

Эргаш Очилов таржималари

1

Ул ҳусни фалак, хуршиди тобондир — ишқ,
Ул қушки, гўзал чаманда сайрондир — ишқ.
Булбул каби ун чекишни сен ишқ санама,
Хар лаҳза ўлиб, чекмаса афғондир ишқ…

2

Карвони умрга боқ, чунун ўтгусидир,
Ҳар лаҳза тараб айлаки, кун ўтгусидир.
Соқий, чекаверма кўп қиёмат ғамини,
Сун менга пиёланики, тун ўтгусидир…

3

Ул майки, шароби жовидонийдир, ич,
Сармояйи ишқ, айши жаҳонийдир, ич.
Ёндиргувчи оташ ул ва дардинг оқизиб
Кетгувчи зилоли зиндагонийдир, ич…

4

Гул бўлмаса бизга боғ аро хор ҳам бас,
Нур етмаса бизга, етмагай, нор ҳам бас.
Гар бўлмаса бизга хонақо, хирқаву шайх,
Ноқису калисо била зуннор ҳам бас…

5

Лойимни ўзинг қорган эсанг, мен на қилай?
Шаклимни ўзинг чизган эсанг, мен на қилай?
Ҳар яхши-ёмонки мен этарман, ё Раб,
Манглайга ўзинг ёзган эсанг, мен на қилай?..

6

Ёшдир-қаридир, жаҳонга юз тутгайлар,
Бу нуктани то кўнгилга жо этгайлар.
Ҳеч кимсага қолмагай абад мулки жаҳон,
Келдик, кетамиз, боз келиб-кетгайлар…

7

Эвоҳки, ёшлик эди — номам, тўлди,
Қиш келдию ул тоза баҳорим сўлди.
Ул мурғи тараб эрди ажаб, исми шабоб,
Билмам, у қачон келди — муяссар бўлди!..

8

Кун ўтса кунингдан, сен уни ёд этма,
Ҳам келмаган ул эртага фарёд этма.
Бу келмаган – ўттан била бунёд этма,
Хўп хайр, дегил, умрни барбод этма…

9

Азм этки, кўнгил, базм қурайлик энди.
Май нўш этибон, айш сурайлик энди.
Сажжодани бир пиёла шарбатга сотиб,
Номусни отиб, ерга урайлик энди…

10

Соқий, гулу сабза бас тарабнок эмиш,
Боқ, ҳафта ўтиб, ўшал бари хок эмиш.
Гул узгилу май симир, шитоб эт, ҳа демай,
Гул хок эмишу сабза ҳам пок эмиш…

11

Ул нечаки, маьни дурига ботмишлар,
Тангри насаби васфида сўз қотмишлар.
Сарриштайи асрор надир, билмасдан,
Аввал неча вайсаб, охири ётмишлар…

12

Бор эрди кулол дўкони, кирдим бир гал,
Дастгоҳ бошида кўзагар ишларди жадал,
Кўрдимки, гадо илкию шоҳ калласидан
Ул кўзага бежирим бўйин, даста ясар…

13

Бир журъа шароб давлати Қобусдан хуб,
Ул тахти Қубоду маснади Тусдан хуб.
Ошиқ дилидан саҳарлаб учган ҳар оҳ,
Зоҳид эли чеккан нолайи муздан хуб…

14

Шоҳ тожими, хон зийнати — биз отгаймиз,
Дастору либосни най учун сотгаймиз.
Тасбеҳки, макр лашкарининг элчисидир,
Ногоҳ уни ҳам май учун сотгаймиз…

15

Бир қўлда тутиб Мусҳафу бир қўлда-чи жом,
Гаҳ марди ҳалолмизу гаҳ марди ҳаром.
Биздирмиз ўша гумбази нилий тагида
На кофири мутлақ, на мусулмони тамом.

16

Эй зоҳиди дин, агарчи май ичгумдир,
Лек менга аён, ғофилу ҳушёр кимдир.
Мен май ичамен, сен эса қон ичасен,
Инсоф била айт, аслида хунхор кимдир?

17

Пок келган эдик адамдин, нопок бўлдик,
Шодон етишиб эшикка, ғамнок бўлдик.
Ўтдик басе дил оташи, кўз ёши била,
Бердик шу умрни елгаю хок бўлдик…

18

Илкимда шароби ноб бўлсин доим,
Қошимда наю рубоб бўлсин доим.
Хокимдан агар кўза ясар бўлса кулол,
Ул кўза тўла шароб бўлсин доим…

19

Эй чархки, нокасга берарсан бешак,
Ҳаммому тегирмон, мол-дунё лак-лак.
Бир бурда нонга зор юрар тўғри киши,
Уч пулга ҳам арзимас демак бўйла фалак…

20

Ул ёрки дилим кўйида кўп зор ўлмиш,
Кўргилки, ўзи ғамга гирифтор ўлмиш.
Мен ишқида дардимга тилармен дармон,
Кўргил, ўша дармон ўзи бемор ўлмиш…

21

Келган кетадир, бир самар — суд қани?
Бу тори вужуддин, ўйла, мақсуд қани?
Чарх оташи ёндирар ва покиза вужуд
Оташда ёниб, кул бўладир, дуд қани?..

22

Асрори азалнн сану ман билмасмиз,
Бу ҳарфи чигални сану ман билмасмиз.
Ҳар нечаки сўзладик, дедик парда оша,
Чу пардаки тушди, сану ман билмасмиз…

23

Дерлар мани телба, майпараст — шундоқмен.
Дерлар яна ман фосиқу маст — шундоқмен.
Сан суврату зоҳиримга кўп солма нигоҳ,
Ботинда нечук эсамки, бас, шундоқмен…

24

Айёми тирикликдан агар он ўтсин,
Азм айлаки, ул ҳуррами шодон ўтсин.
Зинҳорки, сармояи бу мулки жаҳон —
Умр эмиш, ул ҳам гузарон — ўтсин…

25

Ул зотки, санамга лаби хандон бермиш,
Дардмандга жигар қони-ла дармон бермиш.
Қисматки насиб этмади шодлик, ғам йўқ,
Шодмиз, ғам ила қайғунп чандон бермиш.

26

Гар бода ичиб, асиру мастмен, мастмен,
Гар ошиқу ринду бутпарастман, пастман.
Ҳар кимсада бир хаёлу тахмину гумон,
Лек мен биламен ўзимни, шак этмасмен…

27

Мендан чу ажал била ўлим ваҳми йироқ,
Қисматки тирикликни берибди бундоқ.
Жонимни омонатга олибмен, уни ҳам,
Қайтиб берадирмен, муддати етган чоғ…

28

Кўргил, неча рангу рўи зебо бермиш,
Чун лола руҳу чу сарв боло бермиш.
Лек маълум эмас, бизга шу тупроқ уйида
Накқоши азал намунча оро бермиш?

29

Бу кўҳна работки, анга олам номдир,
Тин олгувчи кўксида сабоҳдир, шомдир.
Бир базмдир ул, кўргани юз Жамшиддир,
Бир қабрдир ул, кўйнида юз Баҳромдир…

30

Бир сув бўйида бодаю жоно била мен,
Бўлсам, бу тарабдин не учун кечгаймен?
Бор эрдиму бормену яна бўлгаймен,
Май ичдиму ичмоқдамену ичгаймен…

31

Гар бўлса муҳайё менга буғдой ноним,
Май бўлсаю қўй гўшти — ўшал дармоним.
Ёнимда навозиш этса ул жононим,
Айш менда бўлур, сенда эмас, султоним.

32

Хайём, гуноҳга бўйла мотам не керак?
Чекмак бу аламлар сенга ҳар дам не керак?
Гар бўлмаса ҳеч гуноҳ, маъзур нимадир?
Маъзурки насиб этса, сенга ғам не керак?

33

Эй чарх, дилимни бўйла ғамнок этдинг,
Кўксимни алам тиғи била чок этдинг,
Бағримга шамол уфирса — оташ этдинг,
Оғзимга чу сув олдим, уни хок этдинг.

34

Билгаймисен, оё, саҳарларда хўроз
Фарёд этарда сенга не сўйлар роз?
Ул дерки, аён бўлди саҳар кўзгусида
Тун ўтди умрдин, бехабардирсен боз…

35

Авлоди башар бўйла жигарпора эмиш,
Шодлик била ғам кўйида овора эмиш.
Сен чархга умид бойлама, ул чархи фалак
Сендан-да ғариб эрмишу бечора эмиш.

36

Олам ишиники мен чунон кўргайман,
Оламни ўшанда ройгон кўргаймен.
Субҳоноллоҳ, ҳар неки кўрсам унда
Чун манглайи шўрлигим аён кўргаймен…

37

Кўргилки, замонда не шитоб, эй соқий,
Бергил менга бир жоми шароб, эй соқий.
Очгил у эшикниким, сабуҳий кирсин,
Май сунки, кўринди офтоб, эй соқий.

38

Ғам беҳуда чекмагил, мудом шод яша,
Бедод иўлида айлама бедод, яша.
Кўргилки, жаҳоннинг охири йўқликдир,
Йўқлиқ ғамини ўйлама, озод яша.

39

Ҳар чандки биҳиштда юз каромат бўлгай,
Мурғу маю ҳури сарвиқомат бўлгай.
Соқий, менга тўлдириб майи гулранг бер,
Май бўлмаса, бошимда қиёмат бўлгай.

40

Моҳи рамазон ўтдию шаввол келди,
Ғам кетди йироққа, бизга бир ҳол келди.
Келди магар ул елкада май меши ила,
Пўшт, пўшт, – дегайлар, яна ҳаммол келди.

41

Май асли надир — бодапарастлар билгай,
Қандоқ қилиб ул бағри қафаслар билгай?
Рофил киши ғафлатда экан, маъзурдир,
Бу завқу сурур гаштини мастлар билгай.

42

Май бирла ўтирки, мулки Маҳмуддир бу,
Чанг розини тингла, рози Довуддир бу.
Кетган киму қолган нимадир, ёд этма,
Шод бўлки, жаҳонда сенга мақсуддир бу.

43

Ул қасрки, Баҳром қулига жом олмиш,
Оҳу кўпайиб, тулкилар ором олмиш.
Баҳромки умр бўйи қабр қизмишди,
Кўргил, мана, не қабрни Баҳром олмиш.

44

Бу даҳрки, бир муддат орур манзилимиз,
Бўлди бари ғам бирла бало ҳосилимиз.
Эвоҳки, ҳал бўлмади бир мушкулимиз,
Кетдик, вале минг аламда қолди дилимиз.

45

Десангки, умр асоси маҳкам бўлгай,
Кўнглинг бу жаҳонда неча ҳуррам бўлгай.
Май косасини ўзингдин айру тутма,
То лаззати жон сенга дамодам бўлгай.

46

Бир журъаи май у мулки Чиндан афзал,
Бир қатра шароб юз дилу диндан афзал.
Афзал нима бор эмиш шаробдин, айтгил?
Аччиқ мазаси жони шириндан афзал…

47

Май ичсанг, уни оқилу доно била ич,
Ё нозли санам, бир гули раъно била ич.
Оз-оз ичу гаҳ-гаҳ ичу пинҳона симир,
Кўп ичма, ружу айлама, маьно била ич…

48

Шундоқ ичайин шаробки, то бўйи шароб,
Чиқсин у қабрданам, эсам хоки туроб.
Қабрим бошига етса агар махмуре,
Бўлсии у шароб бўйидин масту хароб…

49

Паймона каби бир куни тўлсам, не ажаб,
Бошимга ажал етшпса, ўлсам, ве ажаб.
Май кўзасини қўшиб кўмингиз зинҳор,
Ул бўйи шароб ила тирилсам, не ажаб…

50

Дўстлар уюшиб, кўнгилни обод айланг,
Дийдор кўришиб, бир-бирингиз шод айланг.
Соқий тўлатиб илкига олганда қадаҳ,
Бир дам мени бечорани ҳам ёд айланг…

Жамол Камол таржималари