Маждиддин Бағдодий (1150-1217)

Мусулмон оламида машҳур шайх Нажмиддин Кубронинг иқтидорли шогирди ҳамда улуғ авлиё ва оташнафас шоир Фаридиддин Атторнинг устози бўлган Маждиддин Бағдодий турли манбаларнинг хабар беришича, Хоразмнинг Бағдодак деган қасабасида туғилган. Тўлиқ исми ва кунияти — Абусаид Маждиддин Шараф ибн Муайяд ибн Абулфатҳ Бағдодий. Машҳур табиб сифатида ҳукмдорлар саройида катта мавқега эга бўлган.
Маждиддиннинг кўнглига кутилмаганда илоҳий ишқ учқуни тушиб, Нажмиддин Куброга мурид бўлади ва унинг қўл остида 15 йил риёзат чекиб, «сулуклар қилди, олий маротиб ҳосил қилиб, буюк мақомларга қадам қўйди» (А.Навоий таърифи). XIII аср тасаввуфи тараққиётига катта таъсир кўрсатган бу буюк шайх ва шоир Марказий Осиё ва Шимолий Форс ўлкасида шуҳрат қозонган. «Сафар рисоласи», «Туҳфат ул-барара» («Яхшилар совғаси») каби тасаввуфга оид асарлари ва сўфиёна рубоийлари мавжуд.
Ривоятларга қараганда, ҳусну малоҳатда ўз даврининг Юсуфи бўлган Маждиддин Хоразмда ваъз айтар экан, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси гўзал Туркон хотун ҳам унинг ваъз мажлисларида иштирок этар, баъзида шайхнинг зиёратига ҳам борар экан. Бу ҳол одамлар орасида малика ва шайхнинг бир-бирига муҳаббати ҳақидаги ғийбатларнинг тўқилишига сабаб бўлган. Маждиддиннинг ўзи эса султоннинг маҳбубаларидан бирини севиб қолиб, унга ошиқона рубоийларини юбориб турган. Бир куни Хоразмшоҳнинг мастлигидан фойдаланган душманлар ўз мақсадларига эришадилар: «Онанг Имоми Аъзам мазҳаби билан шайхнинг никоҳига кирган», — деб туҳмат қиладилар. Маҳбубасига кўнгил қўйгани учун Маждиддинга кек сақлаб юрган шоҳ уни Амударёга чўктириб ўлдириш тўғрисида фатво беради.
Ўзбек китобхонлари Маждиддин Бағдодийнинг ҳаёти ҳақида ҳам, ижоди ҳақида ҳам бирор маълумотга эга эмаслар. Адабиётимиздаги ана шу кемтикни бир оз бўлса-да тўлдириш мақсадида биз шайх-шоирнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида мухтасар маълумот берган ҳамда унинг Е.Э. Бертельс турли қўлёзма манбалардан топиб, ўзининг «Тасаввуф ва тасаввуф адабиёти» китобида келтирган рубоийларгага таржима қилиб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган эдик. Эрон сафарида қўлга киритганимиз «Рубоийнома» тўпламида Маждиддин Бағдодийнинг яна 20 та рубоийсига дуч келдик. Улардан 8 таси Е.Э. Бертельс келтирган рубоийлар ичида учраса, 12 таси янгидир. Шундай қилиб, шайх-шоирнинг 26 та рубоийсига эга бўлдик. Бу рубоийлар Маждиддин Бағдодийнинг оташин шоир бўлганлиги, ишқу маърифатни юксак пардаларда тараннум этганлигидан далолат беради.

1

Шам бўлса юзинг, кўйида парвона ўзим,
Дардингга қариндош дил-у, бегона ўзим.
Бўйнингда узалган ўша соч занжирини
Ташла мени гарданимга — девона ўзим!

2

Ишқ шабнамидан хоки башар гил бўлди,
Юз фитнаю шўр* жаҳонда ҳосил бўлди.
Жон томирига урдилар ишқ наштарини,
Томди-ю бир қатра, оти — дил бўлди*.
_________
* Шўр — ғавғо, тўполон.
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга хам нисбат берилади.

3

Кўнглимда фироқ туфайли минг қайғу бу кун,
Умр иггига чарх солди тугун узра тугун.
Ғам устига ғам қўшма бузиб аҳдни яна,
Кўнглимда фироқ туфайли минг қайғу бу кун.

4

Ул баҳри муҳитга кирмак истар кўнглим,
Ё чўксам-у, ё инжуга тўлса қўйним.
Этсайдим адо — ишинг хатарли гарчи,
Ишқ рангига эврилса юзим ё бўйним…

5

Дунёси тугаб, қоронғулик келса сиқиб,
Бошлар кўтарилганда мазорларни йиқиб,
Бечора шаҳид таним ҳам ўз қонига ғарқ,
Тўзони қиёмат ичра келмасми чиқиб…

6

Ёр кокилининг куфридан* иймон ёғилар
Қам нўшлабидан* чашмаи ҳайвон* ёғилар.
Ул каклиги хушхиром каби раъносан,
Юрсанг, қадамингнинг чангидан жон ёғилар!*
___________
* Куфр — тасаввуфда бу дунё зулмати. Яна: ваҳдатнинг касратда маҳв бўлиши. Ҳақиқий куфр абадий фанодир хам дейдилар.
* Нўшлаб — ширинлаб; маҳбуба.
* Чашмаи ҳайвон — тириклик булоғи, оби ҳаёт.
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга хам нисбат берилади.

7

Эй, ўзини ишқ ичра билувчи якто,
Таън этма кўриб тириклигимни, зеро,
Мавжудлигим ишқ туфайли, жонни этдим —
Ул ёрни мушоҳада қилай деб пайдо.

8

Зулфи* дея минг дилда қиёмат қўпди,
Бир торини ким топди-ю, тутди, ўпди:
Ҳар кимсаки, топди — топди давлат буюк,
Ҳар кимсаки, топмади — ўшал дард топди…
___________
* Зулф — ишқдаги энг юқори имкон даражаси, эришиш ниҳоятда қийин бўлган илоҳий хақиқат. Зулф яна куфр зулматига ишора.

9

Ёр хаста кўнгилни бегумон хоҳлайди.
Сўрдим: не учун ўшал чунон хоҳлайди?
Ул дамки, кўзимни йўлига тиксам зор,
Келтирдики мужда: ўша жон хоҳлайди…

10

Ишқ йўлида ким бошни фидо деб билмас,
Мот этмаса ушшоқни — ўшал комилмас.
Кўйингда аниқ рутбаси* бўлмас кишининг,
То бошдан-оёқ амалларингни қилмас.
__________
* Рутба — унвон, мартаба, даража.

11

Пок этгали тийнатимни* машғул эсаме,
Кўк кийгучиларга* бошу бедил эсаме,
Майхўрга бўлибман энди бир дўсти асир,
Май сотгучиларга кошки бир қул эсаме!
___________
* Тийнат — хулқ, феъл.
* Бу ерда кўк кийгувчилар деганда тариқатда муайян даражага етишгани белгиси сифатида кўк хирқа кийиб юрадиган сўфийлар кўзда тутилган.

12

Бир тийғи жафо қолган эмас, зебо ёр,
То урмаган ўлса уни дилга минг бор.
Мен тавба этарман ишқидан ҳар лаҳза,
Минг тавбани бир ноз ила айлар бекор.

13

Сўйла, эй кўнгил, англамиш асрорини ким?
Сўйла, эй қулоқ, тингламиш гуфторини* ким?
Кўрсатса-да маъшуқ кеча-кундуз ҳуснин,
Сўйла, эй нигоҳ, илғамиш дийдорини ким?*
__________
* Гуфтор — сўз, сўзлаш, гапириш.
* Бу рубоий Абу Али ибн Синога ҳам нисбат берилади.

14

Чарх, ойу кун орзуйи висолингда сенинг,
Сарву гулу лола қулдир олдингда сенинг,
Покиза малакларнинг арвоҳи мудом
Абжад ўқишар лавҳи хаёлингда сенинг*.
__________
* Мисранинг маъноси: Ҳар лаҳза ошиқлик дарсини ўқишади.

15

Эй, нусхасисан илоҳий номани ўзинг,
Ҳақ ҳуснининг ойинасидир нурли юзинг.
Йўқ ҳеч не жаҳрнда сендан ташқарида,
Ҳар не тиласанг, ўзингдадир — кўрса кўзинг.

16

Гар ёр мени ўз итим, дея лутф этар,
Ё инидан учган ўз қушим, деб атар.
Ҳар ном ила тилга олса-да, хушҳолман,
Ўзимники деган шу сўзи менга етар!

17

Ишқ олди мендан дилни ҳам, дунёни ҳам,
Ақлим-ку йўқ эрди, қўймади савдони ҳам.
Дедим: дилу дунё бўлмаса, дин бордир,
Ўлим сели оқизди-ю-кетди они ҳам…

18

Собит кишиларки, остонингда яшар,
Йўлингда шаҳид бўлишса, жонингда яшар.
Ул оби ҳаёт ҳам бу қадар тиргузмас,
Ишқингдан олиб жон, дўстлар ёнингда яшар.

19

То жоним бор — бўлай сенинг посбонинг,
Манзилу макон менга азиз остонинг.
То бир куни содиқ итларинг зумрасида
Олсанг мени тилга, бас, бу жон қурбонинг!

20

Ёр зулфи аро тушса агар битта тугун,
Юз битта жароҳат пайдо дилда шу кун.
Ул дилда-ю, дил қони кўзимда қотмиш,
Ул бахт гули куксимда юз очмайди нечун?!

21

Эй ёр, биласанми, дедим, ошиқлик ила:
Бечора кузим менинг нега ёшга тўла?
Пайдо бўлади икки кўзимнинг қаъридан
Ширин лабинг орзусида дарё бир йўла.

22

Ҳар кимсаки, бўлса бандаликдан озод,
Бўлмас ғамдан ғамгин-у, шодликдан шод.
Кўнгилни назаргоҳ, айлаган Оллоҳдан —
Айри тушиб, у умрини этган барбод.

23

Ким бўлса агар яхши-ёмондан огоҳ,
Ҳар яхши-ёмондан қўлини тортар, оҳ.
Дил бор эди-ю илгари, минг андиша,
Энди бариси «ло илоҳа иллаллоҳ».

24

Лутфингдан эмасдир ноумид ҳеч инсон,
Ким топса сени мангу ҳаётдир эҳсон.
Қай заррага бир лаҳза лутф этган эсанг,
Юксалди у зарра минг қуёшдан чандон*.
____________
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

25

Зар хавфи йироқдир бу жаҳон дарвешидан,
Тиғ даҳшати лозим эмас ошиқ кишидан.
Эй, бош олишимдан чўчийсан мунча —
Қақ ошиғи холимасми бош ташвишидан?!

26

Жон ичра мен ишқингни ниҳон қилганман,
Дардингни севиб, маҳрами жон қилганман.
Дунё ғамндан кечмаса, бу дил бирлан
Сен ҳақда мусоҳиба қачон қилганман?!

Эргаш Очилов таржималари