Захариас Топелиус (1818-1898)

Захариас Топелиус (Zacharias Topelius) – Финляндия адабиётининг атоқли намояндаси, шоир, адиб, драматург. Миллати – швед. Унинг романтик руҳдаги лирикаси табиат билан уйғунлашиб кетган, табиат ранглари шоир қаламида тиниқ, рамзий тарзда акс этади.
Топелиуснинг бетакрор, мусиқий, жарангдор шеърияти: “Рангин арчагул” (1844–1854), “Янги барг” (1870), “Арчагул” (1889) тўпламларида жамланган.

КАНСАЛА ЁЗИ

Тебранаман баланд бутоқда
Кўзим қири етгуни қадар.
Яшил тоғдан боқгум, узоқда –
Шуълаланар мовий кўл дилбар.

Лэнгельмэнвеси кўрфази соф
Пўлатдайин товланар йўл-йўл.
Тўлқинлари ўйноқ ва шаффоф,
Гўдак каби тиниқ, оқкўнгил.

Болаликда бўлгани янглиғ
Осмон кўм-кўк, Весиярви – нур
Сочқилайди кундузлар ёруғ,
Унинг очиқ, кенг бағри – ҳур-ҳур.

Гуллаётир ороллар шодон,
Табиатнинг ўйлари зангор.
Тўлқинланар янги бегумон
Қарағайлар қирғоқда қатор.

Тинглаётир мўйсафидлар жим
Болаликнинг шўх эртакларин.
Болалар – гул, гулгундир, сим-сим
Кўл юзида беланчаклари.

Ёз шамоли сарин ва бетин,
Чайқалади ўтлоқ гуллари.
Финляндия, нақадар ғамгин
Кенгликларинг, сўқмоқ, йўлларинг!

Жилоланар олтин, кумушдай
Кўлларининг нуқра сувлари!
Фин торлари ўнгимда, тушда –
Қайғу, қувонч, ишқ ғулувлари.

Бир маромда таралар қўшиқ,
Рақс тушар тўлқин мавжлари.
Мен бир ошиқ қушчаман, ошиқ,
Қанотимда – қалбим авжлари.

Агар кучли бургут бўлсайдим
Учар эдим самога хушҳол.
Парвозимдан кўнглим тўлсайди
Етар эдим аршга, эҳтимол…

Тиз чўкканча Тангри қошида
Ўтирардим узоқ ва қизғин.
“Кўк эгаси, азал бошидан,
Қудратингдан яралмиш замин!

Қудратингдан намоён хилқат!
Қуш кўнглимнинг туйғулари пок.
Ярқирасин меҳру муҳаббат –
Беғубордир кўзларимга боқ.

Бизни шунга ўргат эрта-кеч,
Юрт севгиси тарк этмасин ҳеч!”

АРҒИМЧОҚЛАР

Арғимчоқда мен-ла уч бир бор,
Оппоқ дурра ўраган гўзал!
Шом чоғида келиндай ифор
Таратади табиат азал.

Арғимчоқлар, учинг баландроқ,
Ҳилпирасин қизлар дурраси
Ҳаволарда майиндан-майин!

Қара, қара, пойимиз узра
Ярқирайди зумрад майсалар.
Осмон тиниқ нурланар – нуқра
Водий бўйлаб – шамол, найсонлар.

Жарангдордир қушлар овози,
Қанотида саболар салқин.
Кузатаман олис парвозин,
Куйлар, куйлар бор олам – оқин.

Арғимчоқлар, учинг баландроқ,
Ҳилпирасин қизлар дурраси
Ҳаволарда майиндан-майин!

Бахтнинг кумуш салтанатида
Қир-адирлар ясси, мафтункор.
Учар эдим ишқ қанотида
Кун шафағи бу кеч бетакрор!

Арғимчоқлар, учинг баландроқ,
Ҳилпирасин қизлар дурраси
Ҳаволарда майиндан-майин!

Бир томонда мудроқ қайинлар
Елкасида яшил кўйлаги.
Далалар кенг, қияликлар зар,
Ёнбағирда елдай ўйнагин.

Арғимчоқлар, учинг баландроқ,
Ҳилпирасин қизлар дурраси
Ҳаволарда майиндан-майин!

Водийларни қучган далалар,
Кўклам, яшил ўтлоқлар кўркам.
Оқшом ширин-ширин аллалар,
Сариқ гуллар тебранар эрка.

Арғимчоқлар, учинг баландроқ,
Ҳилпирасин қизлар дурраси
Ҳаволарда майиндан-майин!

Тонглар чиқар тонгларга пешвоз,
Вақт абадий кечади унда.
Шиддаткордир, югурик овоз
Отиладир – унутиш бунда.

Учинг, учинг, арғимчоқларим,
Йироқларда зулмат оралаб
Оқаради қизнинг юзлари…

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси