Касимир Лейно (Kasimir Leino) – фин шоири, адиб, театршунос, адабиётшунос, санъат назариётчиси. Хельсинки университетини тугаллаган (1888), фалсафа фанлари доктори. Илк шеърий тўплами – “Шеърий тажрибалар” (1886) фин шеъриятида ўзига хос реализм мурожаатномасига айланди. “Кесишган тўлқинлар” (1890), “Кенгликлар” (1893), “Шеърлар” (1899) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.
БЎРОНҚУШ
Тўрт тарафда бўрон ғувиллар, долға
Қайнаб тошаётир, денгизда чақин.
Қарсиллар, чайқалар улкан қайинлар,
Мармар қояларни қайрайди тўлқин.
Кўкка учаяпман шодон, ҳайқириқ
Булутларни ёриб, сувда ярқираб.
Шарафлайман сени, азиз она ер,
Шарафлайман сени, денгиз, нур тараб.
Шарафлайман – инсон, ҳаёт ва кураш!
Толиққан мачталар ғижирлар базўр.
Довул титратади сим арқонларни,
Жўр бўламан қуюқ пўртанага, жўр.
Қўрқитолмас асло тубсиз гирдоблар,
Ёйиб юборади бўронни сиқиқ
Булутлар хўмрайиб қарамас энди,
Шамоллар тиниққан, осмон ҳам силлиқ.
Бўрон қанотидан куч оламан, куч,
Пўртаналар эса борган сайин пуч!
Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси