Йоханнес Барбарус (1890-1946)

Йоханнес Барбарус (эст. Johannes Barbarus; асл исми Йоханнес Варес, эст. Johannes Vares) — эстон шоири ва ёзувчиси, сиёсий арбоб. Эстония ҳукумати Бош Вазири (1940).

ЭСТОН ЮРАГИ

Душманлар талади сени неча бор,
Жонингга қасд қилиб, ёқангдан ушлаб.
Энг сўнгра фашистлар, эй азиз диёр,
Бор-йўғинг олдилар қириб, қиртишлаб.

Аммо бор сенда бир кўҳна хазина,
У яшар умрбод, йўқолмас мангу;
У қасос чоғида душман кўзига
Ўқ бўлиб қад алур, қалбига оғу.

Бу кўҳна хазина – эстон юраги,
Севишда – улкан-у, нафратда – даҳшат.
Боболар қони ҳам унда юради,
Бу кунга бахш этиб мадор, муҳаббат.

Бу юрак ҳамиша мағрур, улуғвор,
Жанг чоғи зафарга чексиз ишончи.
У жангга киради дадил, шиддаткор
Ва ёвни ташлайди эзғилаб, янчиб.

Ҳеч кимса, ҳеч қачон енгмаган уни
Асрлаб тарихлар кечган бўлса ҳам.
Халқ топди у билан ўз иқболини,
У асло енгилмас, ҳамиша бардам.

О, юрак! Бугун ҳам ҳар қачонгидай
Мағрурсан, улуғвор, шиддаткор ғолиб.
Рухсат эт шеъримга сени киритай,
Сен уни иситгин бағрингга олиб!

Шуҳрат таржимаси