Фурўғ Фаррухзод (1935-1967)

Фурўғ Фаррухзод (فروغ فرخزاد) 1935 йил 5 январда Теҳрон шаҳрида дунёга келди. Отасининг каттагина кутубхонаси борлиги сабабли Фурўғ кечикликданоқ китоб билан танишди, китоблар орасида яшаб улғайди.
Фурўғ 13-14 ёшиданоқ шеър ёза бошлади. Унинг “Асир” номли биринчи шеърий тўплами 1952 йилда, яъни 17 ёшида нашр этилди. Шу йили унинг “Гуноҳ қилдим, тўлиқ лаззат гуноҳи” номли шеъри бир журналда босилиб, анча шов-шувлару оилавий жанжалларга сабаб бўлди.
1957 йили “Девор” номли иккинчи шеърий тўплами босилиб чиқди. Бу тўпламдаги шеърлар унинг бой тажрибаларга эришганидан, шеърнинг янги чўққиларини забт этганидан хабар берсада, мазмун жиҳатдан “Асир” тўпламининг давоми эди.
У 1958 йилда “Бир олов” номли қисқа метражли ҳужжатли филмини монтаж этди. Бу филм 1962 йили Италияда қисқа ва ҳужжатли филмларнинг 12-фестивалида олтин медалга сазовор бўлди. Аммо унинг ажойиб ва мангу иши – моховлар ҳаётию орзулари ҳақида яратган “Уй қорадир” номли қисқа метражли ҳужжатли филмидир. Бу филм 1963 йили Германияда “Энг яхши ҳужжатли филм” мукофотини олди. Филмнинг таъсири шунча кучли эдики, дунёнинг нуфузли фестивалларидан бири “Vorschau” 14-фестивали ўзининг энг катта мукофотини “Фурўғ Фаррухзод” деб номлади ва шу мукофотнинг шиор сўзини “Уй қорадир” филмининг сўзларидан танлаб қуйди.
У 1964 йили ўттиз ёш арафасида “Қайта туғилиш” шеърий тўпламини нашр эттирди. Бу тўпламдаги шеърлар ҳақиқатан ҳам шоиранинг шеър дунёсида қайта туғилганидан, инсоний баркамоллигию санъатдаги такомилидан далолат берарди.
Фурўғ Фаррухзод 1967 йил 13 феврал куни автомобил ҳалокатидан вафот этди.

ҒАМСЕВАР

Мен фақат куз бўлсам, сўлғин куз бўлсам,
Саси йўқ куз бўлсам, ғамгин куз бўлсам.
Орзу япроқларим бирма-бир сўлса,
Кўзларим қуёши музлайин сўнса,

Кўксим осмонлари ғамга тўларди,
Кўнглим совуқ долғали бўларди
Ва кўзим ёшлари ёмғирга дўниб
Этакларим шибба ҳўл қилар эди.

Не гўзал бўларди агар куз бўлсам,
Завқдан, шавқдан рангларга тўлсам,
Куз бўлсам, ёш тўла кўзимда маним
Шоир осмон шеърин ўқирди ғамгин.

Ва қаршимда улкан чўғ товланарди —
Бир ошиқ юраги оловланарди.
Ўтли дардларимнинг учқуни каби
Қўшиққа айланиб учарди қалбим.

Қаноти қирқилган шамол нағмаси
Ғам атрин сочарди хаста руҳларга,
Ўнгда ёшлик қишин совуқ чеҳраси
Ортда ёздай қайноқ ишқнинг нафаси.

Кўксимдаги дарду умидсизлик, ғам,
Бошпана топарди агар куз бўлсам…

УЛ КУНЛАР
Парча

Ул кунлар кетдилар —
Ул мароқ ва ҳайрат кунлари,
Ул уйқу ва бедорлик кунлари…
Ул кунлар ҳар сояда бир сир бор эди,
Ҳар боғлиқ қутида бир хазина яширин эди.
Пешин сукунатида омбор ичида
Бир дунё бор эди.
Ул кунлар кетдилар —
Ул кунлар Қуёшдан қуриган гиёҳлар каби
Қуёшнинг ҳароратидан қуриб битдилар
Ва акатсиялар атридан маст бўлган кўчалару
Қайтиб бўлмас йўлакларнинг тўполон
Издиҳомларида йитдилар.
Ва яноқларини рангин бўёқлар ила
Бўяган ул қиз ҳам, оҳ.
Энди ёлғиз бир хотиндир,
Энди танҳо бир хотиндир.

ҚУШ ФАҚАТ БИР ҚУШ ЭДИ

Қуш деди: » Не гўзал ифор бу,
Не гўзал Қуёш бу, оҳ, майин.
Навбаҳор келибди.
Энди мен дўстимни излаб топайин».

Қуш айвон қанотидан учди,
Бир хабардай учиб кетди қуш.

Қуш кичкина қуш эди,
Қуш фикрлашни билмасди,
Қуш газета ўқимасди,
Қушнинг қарзи йўқ эди,
Қуш одамлардан хабарсиз эди…

Қуш фақат бир қуш эди.

САВДОЙИ

Мани тарк эту кет, ман бир дилозор,
Ожизу заифу сусту гуноҳкор.
Кўксимда девона дилим бор ёлғиз,
Дилимнинг ичинда минг бир ҳавас бор.

ИШҚ ТОНГИ

Осмон юрагимнинг саҳифасидир.
Уни ёритади ой сочган шуур.
Кечалар уйқумни қуваман, ахир,
Хаёлинг уйқудан ширинроқ эрур.

Толнинг даҳшат тўла сояси тушиб
Қордек оқ тўшакда ётурман тағин,
Кўксимдан сеҳрли нағмалар учиб
Бошимни қўярман дафтарга ғамгин.

Юзлаб тароналар ўйнар, рақс этар
Овозимнинг зариф, биллур торида,
Номаълум лаззатлар, рўё ҳасратлар
Қон каби югурар дил томирида.

О, гўё дилимнинг мақбарасидан
Тункезар ой руҳи учдию кетди.
Наҳот унут, овлоқ йўллар устидан
Учган ел этагин ёсмин ҳўл этди?

Лабимда товланиб бўсанг шуъласи
Армоннинг гулидек очилар, ёнар,
Хаёлимда сирли розлар эгаси –
Порлоқ юлдузларнинг нури товланар.

Юрагимнинг мендан пинҳон қаъридан
Етиб келар гоҳ чанг, гоҳ руд фарёди,
Уларга қўшилиб мунгли нағмалар
Таратиб янграйди ошиқ уд доди.

Оҳ, қандай ишонай, менинг дилимга
Пайваст эканига сенинг сўзларинг?
Бир умр қошимдан кетмай, йўлимга
Нур сочиб турарми сенинг кўзларинг?!

Ишондим, бу рўё жаҳонда Зуҳра
Муҳаббат кўзидир, юмилмагай у,
Ёзарман қадрдон дафтарим узра:
“О ишқим тонги сен мангу бўл, мангу!”

АСИР

Сени кутаману биламан, асло
Мен сени бағримга боса билмасман,
Сен – зангор, беғубор самосан, само…
Мен-чи, қафасдаги қушман, асирман.

Сарғайган даштлардан ҳасратга тўлиб
Умидсиз боқарман, боқарман ҳайрон.
Кутарман, қандайдир қўл пайдо бўлиб
Қафасни очару йўллар сен томон.

Кутарман, ўша он ғафлатда қолиб
Кетмасман – учарман осмонга шодмон,
Боқарман зиндонбон кўзига кулиб
Ва сенинг қошингда яшарман омон.

Шундай ўйлайману биламан, бироқ
Тарк эта билмасман асло қафасим,
Зиндонбоннинг қўли бўшатгандаям
Учиб кетмоқ учун етмас нафасим.

Сарғайган дашт аро ҳар субҳи азон
Менга боқар гўдак нигоҳи ила,
Қувонч қўшиғини бошлаганим он
Лабларим қовушар дудоғи ила.

Агар-да, эй осмон, дил истаб бирдан
Зиндонни тарк этиб осмонга учсам –
Бу бола кўзига қандай қарайман?
Яхшиси, қўй, мени… Мен асир қушман.

Мен шамман, бу шамнинг ёғдуси тушса
Чароғон бўлади вайроналар ҳам,
Агар мен учишни истасам, учсам,
Паришон бўлади кошоналар ҳам.

Хуршид Даврон таржималари


ДЕВОР

Совуқ лаҳзаларнинг учқур бағрида
сукунат ичра ваҳший кўзларинг
атрофимда девор тиклайди, сендан
қочарман тонг каби сокин бўзариб.

То кўрай даштларни ой ғуборида
то нур чашмасига чулғаб танимни
иссиқ саратоннинг рангин тонгида
энг маъсум, саҳройи чечаклар билан
тўлдириб-тўлдириб этакларимни,
эшитай хўрозлар қичқириғини
деҳқон кулбасининг пасқам томида.

Сендан қочиб саҳро этакларига
оёғимни тираб танига, ичай
совуқ шабнамини алафзорларнинг.
Сендан қочиб денгиз соҳилларига
Қора булутларнинг сояси ичра
йўқолган қоялар қароргоҳида
назар солсам денгиз тўфонларининг
далли, деворангиз ўйинларига.

Олис ғурубдаги кабутар янглиғ
далаларни ҳамда дашт-довонларни,
пурвиқор тоғларни ва осмонларни
қанотим остига олиб тинглайин
қуриган буталар илтижосидан
саҳройи булбуллар қўшиғин майин.

Сендан олисларга кетарман қочиб,
синдириб орзулар тор қафасини.
Сендан олисларда қоларман очиб,
рўёлар қасрининг тош тамбасини.

Бироқ, таъқиб этиб сенинг кўзларинг,
йўлларни кўзимга айлаб тангу тор,
жисмимни қаърига яшириб тинмай,
гирду атрофимда тиклайди девор.

Мунофиқ кўзларинг домидан озод
бўларман бир куни охир-оқибат.
Таралиб рўёлар гулин атридай
осилиб тунги ел қанотларига,
бораман то қуёш қирғоғигача
мудроқ жаҳон, мангу сукунат ичра.

Қаҳрабо булутлар тўшагида бот
ширин энтикаман қайғулар ариб,
ёйилар ҳур осмон кифти узра шод
бетимсол, ғаройиб нур кокиллари.

Мен ўшал маъвода сархуш ва озод
қарайман, фусункор, маккор кўзларинг
кўзимга йўлин тор этган дунёга.
Қарайман, фусункор, маккор кўзларинг
зулмат пардасига чирмаб пайдар-пай
атрофини девор этган дунёга…

ЁЗНИНГ КЎМ-КЎК СУВЛАРИДА

Танҳо сени айро этиб битта япроқдан,
ҳижронимнинг шод, залворли юки қаърида
рихлат этгум
ёзнинг кўм-кўк сувлари ичра
мамот юрти,
кузак ғами соҳилларига.
Сояларда авайладим ўзимни ночор,
бебок, бесуд ва бесамар ишқ соясида —
сурурлардан, саодатдан тонган тунд, беор
нобарорлик, нопойдорлик ҳимоясида.
Нафаслари қайтиб кетган тор самоларда
шаббодалар тентираган зулмоний тунлар,
томирларнинг кўкмак, бебош кўчаларида
сўйилган ой сарсон кезган тул, фоний
тунлар —
танҳо.
Руҳим ларзалари билан қўшилиб
танҳо қолди бетасалло тун, субҳи содиқ
ҳатто томир зарбалари билан кўпириб,
бедаво дард балосига гирифтор борлиқ.
«Бир асрор бор дарраларнинг интиқлигида…»
Бу битикни кимдир тоғлар бағрини ўйиб,
зилу замбил тошларига ёзиб ташлаган,
тошларгаким,
сукутининг сурони ичра
бир тун тоғлар сукутини аччиқ ва тахир
илтижолар билан тилка-пора айлаган.
«Тўлиб-тошган кўлларнинг ланж изтиробида
бўм-бўш кўллар халовати бўлмагай зинҳор,
Оҳ, гўзалдир сукунати вайроналарнинг…»
Бу битикни ёзнинг кўм-кўк сувлари ичра
куйларди бир аёл вазмин тароналарда.
Ўша аёл яшар эди вайроналарда.
Оташфишон нафасимиз билан белаймиз
бахтиёрлик тақвосидай
бир-биримизни,
Ногаҳонда кезган дайди шамол шарпаси
ваҳимага кўмиб ташлар гоҳ дилимизни.
Шубҳаларнинг соясида сарғайиб-сўлар
бўсаларнинг ҳур боғлари
бад-балолардан.
Меҳмон бўлиб биз ҳар нечук нур масканида
зор-зор қақшаб-қалтираймиз гўр садолардан.
Энди менинг бағримдасан,
тонг палласида
сарвигулнинг атри каби ёйилган озод
сочларимга кўмилганча ўзингдан кетиб,
юрагимда тош қотарсан энди умрбод.
Алланечук чўнг ва ғамгин тийра мавжудот
олисларда ёришгувчи кун садосидай
пароканда қароғларим аро чарх уриб,
ёйилади гоҳ паришон,
гоҳо осуда.
Балки тиниқ чашмалардан симирадилар,
Балки шохдан узадилар мени сўрмасдан.
Балки мени эшик каби сўнгги лаҳзада
кўрадилар, балки…
Балки, бошқа кўрмасман.
Қора ерда яралганмиз
бемаврид, бесас
қаро ерга тўкилгаймиз…
Ўша роҳларда
«ҳеч»ни кўрдик
у ўзининг қанотли, сариқ
тулпорини миниб борар шаҳаншоҳлардай.
Биз хушбахтмиз, осудамиз бироқ, водариғ
биз бадбахтмиз, осудамиз азалдан-абад.
Биз хушбахтмиз,
зеро, севиб яшаймиз мангу,
Биз бадбахтмиз,
нафрат эрур зеро, муҳаббат.

СОЯЛАР ДУНЁСИ

Туннннг рутубатли йўлакларида
қувғинди бўлганда сояларимиз,
Биздан йироқларда,
ой ёруғида
дийдираган узум новдаларидай
бир-бирин пинжига тиқилар улар.

Туннинг рутубатли йўлакларида
муаттар тупроқнинг сукути ичра
беқарорлик билан чирмашар гўё
шабнам шаробидан сармаст гуллардай
сояларимиз…
Айрилиқ онида гўёки улар
биз ҳеч чоқ куйламай
Қаҳр-ғазаб билан
ичимизга ютган тароналарни
завқ билан баралла куйламоқдалар.
Бироқ соялардан йироқ-йироқда
бехабар аҳд нла паймонларидан,
висолу айрилиқ, армонларидан
бурканиб латтаю путталарига
яратарди хаста, хор вужудимиз
тирикликнинг шаклу шамойилини.
Туннинг рутубатли қаърида қолиб,
ўз-ўзимга айтдим такрор ва такрор —
«Ё соямиз сийратидан борлиқ ранг олар
ё соямиз сингиб кетган сийратимизга…»
— Эй, зулматнинг мавжи ичра зор, мотамсаро
атрофимда ўралашган саргардон руҳлар
соям ҳайда?
— Ваҳшат нури порлаётир, боқ,
сокин, хомуш фарёдимнинг биллур бағрида.
Соям қайда қолди,
кўланкам қайда?
Истамайман
ундан ҳатто оний айрилсам,
Истамайман
ё йиқилса сирғаниб беҳуш
йўловчилар оёғининг остига мулзам.
У ахтарган ўз йўлига келсин юзма-юз.
Эшикларнинг қимтиқ лабларига у
бошин суқар нечук баҳона билан?
Етти ёт бегона юрт аро нечук
ҳар уйнинг нотаниш остонасига
ноумидлик билан қўяркан қадам?!
Оҳ, офтоб,
оҳ, офтоб, беҳол жисмимдан
не учун соямни айирдинг-а, айт?!
Айтгил, қоронғилик шодликми ё дард?
Айт, вужуд зиндонми ё эрк саҳроси?
Тун зулмати надир?
Бу зулмат кимнинг
юзидаги қаролиғнинг сояси?..
Нима деркин у?
У нима деркин?—
Дея тентирайман саргаштаю зор
сўровларнинг — бировларнинг кўчаларида…

ЖУФТ

Тун қуйилар…
Ва тундан кейин
тунд зулумот
ва ундан кейин
қароғлар, дастлар
ва нафаслару нафаслару нафаслар.
Сув қуйилар…
Қатра сизиб жўмракдан
қатра-қатра бўлиб тўкилар нолиб.
Ва икки чўғ —
икки ёниқ сигара,
Соат чиқ-чиқи
Ва икки қалб —
икки танҳолик…

УНГА НИСОР АЙЛАНГ

Унга нисор айланг:
аҳён-аҳёнда
сабил қолган дардманд, хор вужудини
кўлмак сув ва бўм-бўш чуқурлик билан
пайванд айламакни унутган, бироқ
бошида чарх урса тентак бир хаёл,
яшамоққа ҳакқим бор деган.

Унга нисор айланг:
Ёвуз тажовузнинг бефарқ қаҳридан
юксак эзгу орзу аъмоли
эриб битса қоғоз дийдаларида.

Унга нисор айланг:
нур тараб тобути узра сарсари
кезиб ўтар бўлса қирмизи ойлар
ва туннинг беқарор муаттар мушки
танининг минг йиллик мудроқларини
ўзига ошуфта айлаган бўлса.

Унга нисор айланг:
Сийрати вайрон
аммо ҳанузгача кўз пардалари
куйиб кетса тола нур хаёлидан
ва бебок, ноумид зор кокиллари
қалтираса оний ишқ нафасидан.

Эй, хушбахт маъвонинг тирик жонлари,
ёмғирга дарича очган одамлар
унга нисор айланг,
унга нисор айланг!
Зеро, у — афсунгар,
тириклигингиз
томирлари буткул кетса кўмилиб
унинг заҳар-заққум тупроқларида
ва сизнинг гўл-гумроҳ юрагингизни
ҳасрат доми билан маҳв этар бўлса
кўксининг зулмоний пучмоқларида..

ВИДО

Кетарман ложарам,
Кетарман нолиб
Тағин вайронадан вайроналарга.
Кетарман дарбадар,
Кетарман олиб
Бу дарё дилимни девоналардай.

Кетарман йироққа,
Қалбимнинг қора
Гуноҳини ҳамда ишқ доғларини
Ювиб
Халос этсам дилимдан зора
Хароб истакларнинг дудоқларини.

Кечирмадим.Кечдим сендан,умидим,
Бенаво қалбимнинг тинглаб додини,
Тириклайин гўрга олиб кетдим жим,
Қўмсамасин дея висол ёдини.

Янграйди андуҳлар,ашклар нағмаси,
Кетарман саргашта,
Кетарман бадар,
Сиздан,гуноҳларнинг қайноқ чашмаси,
Шояд ўшал ондақилсайдим ҳазар.

Маъсумгина фараҳ ниҳоли эдим,
Шохимни қайирди ишқ панжалари.
Кулфат ёғдусига айландим-қолдим
Лабим у лаблардан тушганда айри.

Оқибат,
Пойимга ташлади каманд
Сафар арқонлари.
Жигархун,жимжит
Кетарман,кетарман,
Торт юрагимдан
Ночор қўлларингни, бесамар умид.

БИЗНИ ОЛИБ КEТАР САБОЛАР

Нораста тун аро шивирлар сабо
Қартайган дарахтнинг япроқларига.
Ораста тун аро тўзғиб бемажол
Паришонлик ётар оғриб,оғриниб.
Тингла,
Эшитдингми тун ингроғини?

Мен – бадбахт,
Фараҳга қарайман тўнб,
Ҳазинг ўйларимни алқаб,соғиниб:
Тингла,
Эшитдингми тун ингроғини?

Тун бағрин нимадир ўтади тилиб –
Олланган ой кезар ёлғиз паришон.
Булутлар – азадор издиҳом бўлиб,
Тўкилмоққа гўё мунтазир,
Ҳар он
Йиқилмоқ хавфини туйган осмонда.

Дераза олдида қалтирайди тун,
Замин айланишдан тўхтайди ночор.
Дераза ортида қандайдир қувғин
Иккимизни кутар интиқ,интизор.

Порлагин,
Чорлайди бизни самолар
Қўлларингни аччиқ хотира каби
Очиқ қолган ошиқ қўлларимга тут.
Қайноқ лабларингнинг ҳароратини
Ошиқ лабларимнинг кўзларига сурт.

Бизни олиб кетар маъюс саболар,
Бизни олиб кетар маъюс саболар.

* * *

Назар солгил,
қароғимда қайғулар эриб,
парча-парча бўлар юрак ушоқларидай.
Қора саркаш кўлкаларим
озурда, ғариб,
Банди бўлар Момо Офтоб кучоқларида.
Узоқлардан-узоқлардан
оқ, ойдин нурдан
ва хуш бўйлар халқатидан бўлиб ҳар садо,
оқликлардан,
булутлардан
ва оқ биллурдан
яралган оқ қайиқларга этиб жобажо,
шеърлар маъвосига олиб кет мени,
шўрлар маъвосига олиб кет мени.
Юлдузларнинг шуъласидан
куйиб, кул бўлиб,
сирли, ғужғон юлдузларга боқиб ёруғ юз,
ол-қирмизи балиқлардай соддадил, сўлим
денгиз янглиғ тун қўйнидан терарман юлдуз.
Нечоғ олис эди хоксор замин қаърининг
басти ушбу самовотнинг кўк гумбазидан.
Энди аён эшитаман садоларингни
қор қанотли фаришталар ўт нафасидай.
Назар солгил,
етиб келдим олис маконга —
бепоёнлик
ва мангулик
ва қаҳкашонга.
Мени чулғаб кўмиб ташла мавжлар созига
етиб боргунча то ўшал чўққилар сари.
Мени буркаб бўсаларнинг ноз либосига,
мени кутгил беҳаловат ялдо тунлари.
Ҳароратга, ҳаловатга мени чирмагил,
зинҳор ўшал юлдузлардан жудо қилмагил.
Назар солгил,
йўлимизда туннинг қуйқаси
буткул эриб, қатра-қатра сув бўлаётир.
Дурдларингдан дийдаларим қўнғир косаси
уйқу шаробига лиммо-лим тўлаётир.
Баётларим гаҳворасин осори бирла
сен кўпирсанг борлигим ҳам соб бўлаётир —
офтоб бўлаётир…

ЁЛFИЗЛИК FУССАСИ

Дераза ортида қор ёғади жим,
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дилим сукутига кимнингдир қўли
Қайғу уруғини сочар бетиним.

Аввал-охиримни кўриб, қайғуриб,
Сочларинг оқариб кетди-ку, эй қор.
Фақат, юрагимга ёғдинг, эҳ афсус,
Мозорим бошига ёғмадинг бир бор.

Совуқ урган ниҳол янглиғ қалтираб,
Ёлғизлик дастидан руҳим қақшади.
Қалбим зулматида кўтаради бош,
Ёлғизлик дунёсин ваҳми, ваҳшати.

Сен энди ҳарорат этолмассан бахш,
Эй ишқ, эй, музлаган қуёш танаси.
Кўнглим – умидсизлик саҳроси, яйдоқ,
Хастаман, қалбимда ишқнинг яраси.

Шавқнинг ғунчалари кетди қовжираб,
Эй, шеър, эй, жодугар шайтон, эй золим.
Уйғонди, уйғонди охир-оқибат,
Дард элтган уйқудан уйғонди жоним.

Сўнг… қайга юз бурмай, қаерга боқмай,
Сароб афсунига дуч келдим ногоҳ.
Неки, мен ортидан эргашдим, чопдим,
Уйқу сувратига айланди, эй воҳ!

Эй, Худо,
Бир лаҳза айлагин зоҳир,
Дўзахнинг дардини, даҳшатларини.
Қачонгача дилга қамайман, ахир,
Дўзахнинг оташин ҳасратларини?!

Кўрдим, бот-бот ўшал мен кўрган қуёш,
Уфқнинг ортига кўмилди маъюс.
Уфқсиз қуёшим жануб кўксига
Жим ботди сўлиб ва сарғайиб, афсус.

Нима ахтараман бундан сўнг ундан,
Бундан сўнг не кутай ундан интизор?
Совуқ кўз ёш тўкиб, яратмоқ учун,
Тупроғи совимай турган бир мозор.

Дераза ортида қор ёғади жим,
Дераза ортида қор ёғади жим,
Дилим сукутига кимнингдир қўли,
Қайғу уруғини сочар бетиним.

ГУНОҲ

Гуноҳ қилдим, лаззат кўпирган гуноҳ,
Қайнаб турган иссиқ оғуш ичра маст.
Гуноҳ қилдим, темир билак сиртмоғи
Жисмимга, жонимга айлаганда қасд.

Қоронғи ва жим-жит ул хилватгоҳда
Боқдим сеҳр тўла кўзига беҳол.
Кўксимда юрагим титради зир-зир,
Истак тошиб турган нигоҳидан лол.

Ўшал жим-жит, тийра хилватгоҳ ичра
Тўзғидим, бағрида туйиб эҳтирос.
Шавқ тўкиб лабларим юзига лаби,
Телба дил ғамидан айлади халос.

Мен ишқ қиссасидан сўйладим бир-бир,
Сени истаюрман қадимдан-қадим.
Сени истаюрман, эй жонбахш оғуш,
Фақат, сени, телба ошиғим маним.

Унинг кўзларида порлади ҳавас,
Жон чайқалди гулгун шаробга тўлиб.
Майин тўшак узра менинг вужудим,
Кўксида титради маст-аласт бўлиб.

Гуноҳ қилдим, лаззат кўпирган гуноҳ,
Бир бағирда титраб, ҳушдан айрилдим.
Ул қоронғи, жим-жит хилватгоҳ ичра,
Қайдан билай, Тангрим, мен нима қилдим?!

КУЗ

Афсунгар табиат юзидан олдим,
Fам йўғирган нури дийдаларимни.
То кўрмасин дея оташ нигоҳим
Ҳасрату мотамнинг жилваларини.

Куз, хокка беланган йўловчи, надир
Кўйлагинг остида қаппайган бўхча?..
Дунё орттирмадинг дунёда, ахир,
Қурғаб, хазон бўлган япроқдан ўзга.

Шоир қалбига ғам, алам бахш айлар,
Кунботаринг кўзи, —
Айланган тошга.
Ўртанган жонимга не ҳам бахш айлар,
Оғушинг, рутубат, ғуссадан бошқа?!..

Мудраган қийноқлар бостириб келар,
Қайғуга лиммо-лим сукут қаъридан.
Бедарак йўқолган орзулар елар,
Пинҳона тасаввур қанотларида.

Куз, эй, меҳнат юкин хуш таронаси,
Куз, эй, ўйчан қўшиқ – хаёлга маҳкум.
Афсунгар табиат чеҳрасидаги
Аянчли табассум…

ҚАЙТИШ

Иброҳим Гулистонга

Жисму жоним қоронғилик ояти, эй воҳ,
Сени такрор-такрор айлаб жисму жонимда
Олиб кетай барқарор барқ саҳаргоҳига.

Бу оятда ёниб сенга оҳлар айтдим, оҳ,
Бу оятда сени буткул пайванд айладим
Дарахт насли, сув насаби, олов зотига.

Ҳаёт, балки, бир кeчадир, узундан-узун,
Бу кeчадан ҳар куни бир исмсиз аёл
Кўтарганча ўтаверар тўрхалтасини.

Ҳаёт, балки, бир арқондир, ушбу арқонга
Ҳар куни бир эркакмижоз эркак, бемажол
Елкасидан осиб қўяр ўз гавдасини.

Ҳаёт, балки, бир боладир, мактабдан қайтган
Ё йўловчи, бемаъни бир табассум билан
Бошқа битта йўловчига «Хайрли тонг» дер.

Ёки ҳаёт – кулоҳини бошидан олиб
Илжайганча «Хайрли тонг» дер экан, гангиб
Кетаётган йўловчининг боши оққан ер.

Ҳаёт, балки, сарҳад ичра ўртанган лаҳза…
Қароғингда тўзғиб кетар банди нигоҳим
Дош беролмай бу ҳудуднинг қутқуларига

Ва бу лаҳза ичра шундай туйғу бор, гўё
Бу туйғуни билмай қўшиб юборгандайман
Қоронғида ойни англаш туйғуларига.

Бутун бошли танҳоликка баробар уйда
Термулар жўн бахтиёрлик баҳонасига
Бутун бошли муҳаббатни қамраган қалбим.

Гулдондаги гул заволи, мўъжаз ниҳолга
Ва овози даричани буткул тўлдириб
Куйлаётган бир қушчага термулган каби.

Ҳиссам шулдир,
Ҳиссам шулдир,
Ҳиссам шулдир,
Оҳ…
Осмон маним улушимдир, юз тўсар чоғда
Мендан олар юзидаги пардаларини.

Улушим шул – тарк этилган пиллапоянинг
Тағин битта поясидан қулаб, уласам
Чириб кетган ғамгин ғурбат жандаларини.

Улушим бу – маҳзун-маҳзун кезинган хаёл,
Хотиралар хиёбони узра чарх уриб
Хотиротнинг хаёлотга қовушганидир.

Ва уларнинг азоб билан жон бераётиб
«Қўлларингни суяман» деб айтган лаҳзада
Томоғида қалтираган товушларидир.

Қалдирғочлар тухум қўяр бармоғим аро
Ва биламан, кўтараман чорвоқларингга
Қадар бўлсам бўялган бeш бармоқларимни.

Қулоғимга исирғалар осиб, қирмизи
Ва қўшалоқ гилослардан, тирноқларимга
Қадагайман ёронгулнинг япроқларини.

Бир кeча бор, менга ошиқ-беқарор бўлган
Сочи пахмоқ, бўйни нозик, оёғи ориқ
Ўғлонлар бор бу кeчада, юраги – ярим.

Улар бир тун шамол ўзи билан обкетган
Қизалоқнинг маъсумгина табассумини
Ёд этарлар танҳоликда, ёд этарлар жим.

Бир кeча бор, менинг ярим-ёрти юрагим
Бу кeчани қачонлардир, қўрқиб-қалтираб
Ўғирлатган болалигим маҳалласидан.

Замон йўли узра кечган сафар – бир мааром
Зиёфат еб қайтаётган, тақдирдан огоҳ
Ҳодисотдир мудроқ замон бачадонида.

Биров ўлар,
Биров қолар,
Мана – ҳодисот.
Чуқурчага қуйилгувчи ариқ тубидан
Марварид, зар овламайди ҳеч қайси сайёд.
Мен танийман кичкина бир паризодани,
Бир уммонда ватан тутган, ёғоч най чалиб
Юрагини аллалайди сокин, сумбода.

Ўша ғамгин ва ғаройиб, кичкина пари
Тунда битта бўса бирла дунёдан қайтар
Ва тонг чоғи бир бўсадан қайтар дунёга…

ҚЎFИРЧОҚ

Бундан-да кўп
Жимжитликнинг зормонда қурби.

Ўликларнинг нигоҳидай нигоҳ билан лол,
Бир сигорнинг дуди ичра
Ва битта жомнинг
Қаърига жим чўкиб кетса бўлар бемалол.
Патгиламнинг рангсиз гули,
Девор юзида
Эгри-бугри чизиқ янглиғ бўзариб туриб,
Қуриган қоқ панжаларнинг кўмаги билан,
Деразадан пардаларни бир ёнга суриб,
Кўрса бўлар: Кeча узра ёмғир ёғар тез,
Бир дўппили, варрак тутган болакай – маҳзун.
Ва ҳайоҳуй шитоб билан, бўм-бўш майдонни
Тарк этганин, бесўнақай жилпанглаб файтун.

Қолиб кетса бўлар битта жойда бир умр,
Қолиб кетса бўлар сабру тоқатлар тўлиб,
Қолиб кетса бўлар ўшал парда ортида
Қолса бўлар, аммо, кўру
Аммо, кар бўлиб.

Беҳудага оҳу фарёд айласа бўлар,
Мафтунликда сабил қолиб кетса жону тан.
Сохта садо, ёлғон товуш, ёт овоз билан
Кимгадир ишқ изҳор этса бўлар:
«Севаман».
Супрасимон бадан билан,
Бадҳайбатсаро
Бир эркакнинг тошдай қаттиқ панжаларида
Тошдан қаттиқ сийналарнинг жилвати билан
Дўнса бўлар офатижон манжалақига.
Бир пок ишқнинг номусини топтаса бўлар,
Нишон тугул, ном қолдирмай урвоқларидан,
Қай бир телба,
Қай бир пиён,
Қай бир саёқнинг
Fор комидай ютоққан сард қучоқларида.
Ҳар жумбоқни
Тўғри чизиқ мисоли ечиб,
Калаванинг уч-учидан ушласа бўлар.
Ҳар таъбирни беш ё олти сўз билан шарҳлаб,
Беҳудага кўнгилни ҳам хушласа бўлар.
Бир умр тиз чўкиб эгик,
Йўқласа бўлар
Худони ҳам номаълум бир лаҳад қаърида.
Имон топса бўлар ожиз садақа билан,
Зиёратхон пирдай
Масжид ҳужраларида.
Кўпайтириш, қўшиш билан, айириш билан
Қолдирмасдан номдан ному нишондан нишон,
Жамланган ҳар йиғиндининг натижасини
Бир нафасда этса бўлар вайрону яксон.
Ўз чоҳида қуриб кетса бўлар сув каби,
Чўкса бўлар чуқурликнинг тубсиз қаърига.
Fазабланган кўзларингни ўхшатса бўлар,
Ранги ўчган эски ковуш тугмаларига.

Бир лаҳзалик гўзалликка,
Оний қувончга,
Фурсат соя солганда дил ғашласа бўлар.
Бир лаҳзалик гўзалликни, хижолат тортиб,
Сандиқнинг туб-тубида ҳам асраса бўлар.
Тиқса бўлар бўшаб қолган кун ғилофига,
Маҳкум, мағлуб ё бир мохов сувратин малул.
Девор дарзин сувратчалар билан беркитиб,
Кетса бўлар сувратларга қўшилиб буткул.
Қўғирчоққа дўнса бўлар,
Абадул абад
Боқса бўлар дунёга дун оралиғидан.
Сомон тиқиб тўлдирилган тан билан мангу,
Қути ичра, шиша кўзнинг қорачиғидан.
Зебу зийнат илинжида йитиб ложарам,
Қўғирчоқдай
Қўл текизса бир суюқоёқ,
Ва шунчаки фарёд солиб ҳиссиз, бесабаб
Айтса бўлар:
«Оҳ, мен жуда бахтлиман бу чоғ».

БЎСА

Гуноҳ кулар эди икки кўзида,
Юзида куларди тўлган ой нури.
Ўша сокин лаблар узра куларди,
Шуъланинг бепаноҳ сеҳри, сурури.

Уялиб кетарди гунг бир истакдан,
Порлаган нигоҳи – мастликка мойил.
Боқиб унинг икки кўзига, дедим:
Кўтармоқ керакдир бу ишқдан ҳосил.

Соянинг устига эгилди соя,
Сеҳрли хилвати эди қоп-қора.
Гуноҳнинг юзида сирғалди нафас,
Бўса порлаб кетди икки лаб ора.

ДЕВОР

Ўткинчи дамларнинг совуқ бағрида,
Жим-жит нигоҳларинг беун, беомон,
Атрофимда девор тиклар,
Қочарман
Сендан
Йўллардаги йўлсизлик томон.

Дашту даманларни кўргунимча то
Ойнинг рухсорида, ойнинг доғида,
Чангу ғубор қўнган баданимни ҳам
Ювгунимга қадар нур булоғида,
Этагимни ёзнинг илиқ тонгида
Саҳройи чечакка тўлдирай юриб.
Эшитай хўрозлар қичқириғини
Деҳқон кулбасининг томида туриб.

Сулув саҳронинг кенг этакларига,
Мен сендан қочарман, қолдириб ғамни.
Ё ичай танига оёғим тираб,
Ўша майсадаги совуқ шабнамни.

Қочаман,
Булутнинг сояси тушган
Бўм-бўш қирғоқдаги тош узра маҳзун,
Ўйинқароқ денгиз тўфонларининг
Рақсини томоша айламоқ учун.

Токи, ўшал олис кунботардаги
Йиртқич ва ёввойи каптарлар янглиғ,
Даштларни, тоғларни ва осмонларни
Бемалол бағримга босайин қаттиқ.

Токи, қовжираган ул бутоқларнинг
Узилиб кетмасдан сўнгги нафаси,
Келсин илтижога тўлган сасидан,
Саҳройи қушларнинг шодон нағмаси.

Мен сендан қочаман,
Сендан олисда
Қўярман орзулар шаҳрига қадам.
Шаҳар ичра…
Очиб, олтин қопланган
Ёлғон қасрин маҳкам қулфларини ҳам.

Лек, кўзларинг сокин фарёди билан,
Барча йўлни айлаб кўзларимга тор,
Сеҳрли зулматин ёйиб бетиним,
Менинг атрофимда тиклайди девор.

Бир куни қочаман охир-оқибат,
Мунофиқ дийдалар сеҳридан тайин.
Бир куни таралиб кетаман ногоҳ,
Ёлғонлар гулининг атридай майин.

Қўзғалиб кетаман, тунги шамолнинг
Сочи тўлқинида беғам, беқайғу.
Бораман қуёшнинг қирғоғигача,
Жаҳонда мудроқ
Ва оромда – мангу.

Қаҳрабо булутнинг тўшаги ичра
Ширин энтикаман, дилдан кетар ғам.
Тўкилиб кетар шод осмон юзига
Нурнинг кокиллари –
Оҳангсиз олам.

Мен ўша оламда сархуш ва озод
Кўзимни тикаман кетган дунёга.
Афсункор кўзларинг менинг кўзимга
Йўлларни буткул тор этган дунёга.

Кўзимни тикаман ўшал дунёга,
Афсункор кўзларинг такрор ва такрор
Сеҳрли зулматин ёйиб беқиёс,
Унинг атрофида тиклайди девор.

ТУПРОҚ УЗРА

Ҳаргиз ҳавас қилмаганман,
Кўк саробида
Узоқ-узоқ ялтираган юлдуз қисматин.
Ё олқанган руҳлар каби фаришталарнинг
Сирли, беун суҳбатини орзу қилмадим.
Мен ҳеч қачон мушфиқ ердан айро тушмадим,
Мен ҳеч қачон замин қолиб, юлдуз қучмадим.

Тупроқ узра яшаяпман, тупроқ устида
Ўт-ўландай шимиб нурни, шамол ва намни.
Тупроқ узра яшаяпман, кўтариб бошга
Ўт-ўланлар поясидай мўъжаз танамни.

Истакларим юки ерда қолди, кeтардим,
Дардларимнинг руҳи ерда қолди, кeтардим.
Тупроқ узра яшаяпман, билъакс, чўкардим,
Олисдаги юлдузлар ҳам олқасин дедим,
Шаббодалар менсиз йиғлаб қолмасин дедим.

Даричадан мўралайман, тароналарнинг
Навосидай, ноласидай абасман, абас.
Ва барҳаёт эмасдирман, биргина қўшиқ
Садосидан бошқа садо менга керакмас.

Fамнинг ғариб жимлигидан кўра бокира,
Бир лаззатнинг ноласию фиғони аро
Танам узра шабнам каби қўнган бадандан
Мен қўналға ахтармайман, мен – бахтиқаро.

Кулбам – умр, йуловчилар ундан ҳатлади,
Ёдгор қолди муҳаббатнинг қора хатлари,
Яраланган юракларнинг маломатлари,
Эзғиланган шамнинг куюк маҳобатлари,

Телбаликнинг қинғир-қийшиқ имлоси узра
Имиллаган сўник тиниш аломатлари,
Ёдгорликлар дарёсининг харобатлари
Соҳилида тентираган ул кечаларда
Лабларимга етишган лаб ҳаловатлари…
Ҳаммасини ёруғ ёдгор – юлдуз билгайман,
Нечун энди юлдузларни орзу қилгайман?
Менинг мавзун таронам бу, тароналарим
Бурунгидан кўра баланд янграйди тағин.
Менинг маҳзун таронам бу, самовий, сўлим,
Юрагимга ошно, ошно юракка яқин…

ТУШ

Сокин хилват қолди,
Мен қолдим тағин,
Олис хотирлардан қолди ёлғиз ёд.
Ҳасрату дард билан ўтиб гўр сари
Риҳлат этган ёрсиз ишқдан бир фарёд.
Шам ёқди умидим вайронасига,
Кимнингдир афсунгар бармоқлари жим.
Тўқинди бу гўрда ётган жасаднинг
Ўтли нигоҳига тумтоқ нигоҳим.
Бўзладим, бу – ўша…
Зор юрагимда
Ўтли нигоҳидан қолди ваҳм, дарз.
Лабларида заҳар ханда урди барқ:
— Мени эсладингми, эй сен, булҳавас?..
Титради қайғуга лиммо-лим қалбим,
Вой шўрим, девона бўлган эканман.
Вой шўрим, уни мен ўлдирдим, унга
Ўшанда бегона бўлган эканман…
Менга юрагини олдирди, бироқ,
Ишқимдан қалбида eйилди доғлар.
Топтадим бу юрак остонасини,
Кўзимни кўр ғурур ташлади боғлаб.
Унга азоб бердим, озорлар бердим,
Уқубатлар кўшдим оҳу зорига.
Вой шўрим, вой Худо, вой худойим-эй!
Уни бериб қўйдим ўз мозорига.
Лабим сукутида синграйди нола,
Шам нури қалтирар марқад қаърида.
Бир қатра ёш кўрди сўқир кўзларим,
Жасад кипригининг қабатларида.
Пойига чўкай деб боладай чопдим,
Сўрай деб пушаймон қалб иллатини.
Дегайман: – Мен гумроҳ, бир бечорага
Тилагин Оллоҳнинг махфиратини…
Этагим ҳилпираб, қулаб тушди шам,
Қоронғилик ичра йўқолди кўзлар.
Ортидан ёлвордим: – Кетма, сабр қил…
У кетди сўз демай, у кетди бўзлаб.
Вой шўрим, бунча шўр пешонадирман?
У ётибди топиб тупроқда тўзим.
Вой шўрим, бунчалар девонадирман?
Уни қаро ерга берган Мен Ўзим…

ҚУЁШГА АЙЛАНАР

Қара,
Қароғимнинг ичидаги ғам
Нечук қатра-қатра сув бўлар бир-бир!
Қандай қилиб,
Саркаш, қоп-қора соям
Қуёшнинг қўлига тушмоқда асир?
Қара,
Хароб бўлар борлиғим маним,
Қандайдир аланга тортар комига.
Мени авжлар сари кетгайдир олиб,
Мени тортиб кетар тубсиз домига.
Қара, менинг олис осмоним – гўзал,
Дурахшон юлдузга тўлмоқда ҳар гал.

Олислардан келдинг, олис-олисдан,
Атр, нур юртидан келдинг,
Порлайсан,
Оқликдан,
Булутдан
Ва шаффофликдан
Ясалган қайиққа мени жойлайсан.
Олиб кет, умиднинг салтанатига,
Олиб кет, шеъру ғам мамлакатига.

Юлдуз тўлган йўлга кетарсан бошлаб,
Порлайман юлдуздан кўра баландроқ.
Қарагин,
Юлдузлар ёндирар мени,
Тунги юлдузларга тўлиб кетдим, боқ.
Қизил балиқлардай сода, бесабр,
Тун кўлидан юлдуз тергайман бир-бир.

Олис эди кўм-кўк дарчали осмон,
Бундан олдин ер ҳам эмасди яқин.
Эшитаман энди фаришталарнинг
Қорли қанотининг садосин тағин.
Қара,
Етиб келдим ўшал маконга,
Мангулик, чексизлик ва каҳкашонга.

Энди,
Етиб келдик авжлар авжига,
Мавжлар шаробига чўмилтир тағин.
Ҳарир либосига ўраб бўсанинг,
Энг узун тунларда мени қўмсагин.
Мени ҳеч қаерга йўллама, эй ёр,
Мени юлдузлардан айирма зинҳор.

Қара,
Йўлимизда эриб, энтикиб
Тўкилар тун муми, туннинг азоби.
Кўзим косасига,
Қайноқ аллангдан,
Ногоҳ тўлиб кетар уйқу шароби.
Ашъорим бешигин ҳидидай сара,
Сен тошиб, қуёшга айландинг, қара.

ИШҚ ТОНГИ

Кўнглим саҳифаси янглиғ осмонда
Ёруғ ой ёғдуси қолдирар изин.
Бу кеча кўзимдан ширин уйқуни
Қуваман, хаёлинг – уйқудан ширин.

Қолдим толнинг қуюқ сояларида,
Жимлик тўшагига чирмаб лошимни.
Марғуб нағмаларга эргашаман жим,
Дафтарим юзига қўйиб бошимни.

Рақсга тушар юзлаб тарона, сасим
Биллур жарангидай янграган онда.
Қандайдир нотаниш, хаёлий лаззат
Томиримда елиб-югурар қондай.

Оҳ, гўё юрагим дахмаси ичра
Ой арвоҳи кезар тентираб, санқиб.
Ё дайди шамол у, кир этагидан
Келар ёсуманнинг ҳидлари анқиб.

Лабимда лоладай, бўсанг шуъласи
Яшнайди, бир истак қўзиб қонида.
Ногоҳ мен эслаган бир ёруғ юлдуз
Ёришар сеҳрли ой хирмонида.

Кўксим ичра қай бир нотаниш кимса,
Берилиб чангу руд чертгани сайин,
Ҳамроҳ бўлиб мавзун қўшиқларига
Хушбўй ёғоч ҳиди таралар майин.

Оҳ, бундай ҳолатга ишонгим келмас,
Бундай ҳамроҳликдан кетмасман тониб.
Ўшал бир жуфт кўзнинг мафтун нигоҳи,
Наҳот, турган бўлса қаршимда ёниб.

Ўзга дунё ичра мен томон боққан
Зуҳра юлдузининг кўзлари ёнди.
Дафтарим бетига ёзаман масрур:
«Умринг боқий бўлсин, эй ишқ, ишқ тонги!»

ҚАЙFУ ГУЛИ

Масрурман, оловинг ёндирар мени,
Масрурман, ёдингда йиғлайман бедор.
Масрурман, васлингдан кейин эзилиб,
Безавол ишқингдан йиғлайман зор-зор.

Орамизга тушган айрилиқдан сўнг
Бошқа ўйламайди, деб қилма гумон.
Фақат, сенинг ўтинг ёндирар мени,
Сенинг оловингда ёнгайдир бу жон.

Тунлар дарахтзорнинг бир чеккасида
Ўз ғамидан Корун кетганда тошиб.
Гўё ҳасратимнинг фарёди келар,
Тинган тўлқинларнинг бўғзидан жўшиб.

Ошкор бўлган дардим бўлар намоён,
Бир зум қирғоқ узра ўтирсанг тунда.
Ўшанда соянгга ташласанг назар,
Беқарор руҳимни кўрарсан унда.

Тонг шамолин совуқ лаблари билан,
Сен учун тарона ўқийман ҳар он.
Мен ўша юлдузман, порлаган ҳар тун,
Саройинг осмони узра дурахшон.

Мустаҳкам қалъадай, иккимиз аро
Ястанса бепоён саҳролар, не ғам.
Мен ўша каптарман, қанотин ёйган,
Дарё кенглигида, танҳоликда ҳам.

Масрурман, қуриган шох янглиғ тағин,
Жабринг шуълалари ёндирса маъюс.
Шаҳринг қуёшидан қизиб, ловиллаб,
Ёнаётган қайноқ вужудман ҳануз.

Сени қандай қилиб унутай, ахир,
Ёдинг илк муҳаббат ёдидай ширин.
Ёдинг таъсирчандир кузак сингари,
Минглаб жозибаю жило яширин.

Мени атаб расво, радди маърака,
Иғвогар зоҳидлар устимдан кулар.
Номимни булғайди ўшалар, зеро,
Одаммас, шайтондан яралган улар.

Аммо, мен қайғунинг гулиман ўша,
Ёдинг шохларидан яралган бедор.
Ёлғизлик уйида, тунларда сени
Қидираман, ёдинг бўлганида ёр.

МЕНДАН КЕЙИН

Ажал яқинлашар менга ўша кун,
Нур мавжидан порлаб кетганда баҳор.
Ё ғубор қоплаган қаҳратон қишда
Ё кузни тарк этган чоғда оҳу зор.

Ажал яқинлашар менга ўша кун,
Бундан-да аччиғу шириндир бундан.
Ичи бўм-бeш бошқа кунлар сингари,
Қолган бир соядир кеча, бугундан.

Дийдаларим менгзар тор йулакларга,
Гуноҳларим – совуқ мармарлар янглиғ.
Халос бўлгим келар ғамлардан ногоҳ,
Мени уйқу элтиб кетганда қаттиқ.

Шеърнинг афсунидан фориғ қўлларим,
Дафтарим юзида ўрмалар аста.
Эслайман, шеър қони менинг қўлимда
Нурдай сочиларди ҳар бир нафасда.

Тупроқ чорлар мени ўзига ҳар дам,
Йўл босиб, тупроққа қўймоқ-чун малул.
Балки, ошиқларим ярим кечада
Fамгин гўрим узра қўйиб кетар гул.

Мендан сўнг бир ёнга сурилар ногоҳ
Умримнинг қоронғи пардалари ҳам.
Ўрмалар нотаниш кимса нигоҳи,
Қоғоз, дафтарларим юзида у дам.

Мендан сўнг, ёд айлаб қай бир бегона
Мўъжаз кулбам узра қадам қўйган чоғ,
Қолиб кетар кўзгу четида алҳол,
Сочинг толалари, қўл изи, тароқ.

Ўзимдан қутилиб, қоламан ўздан,
Тартиб бузилади бунда дод солиб.
Руҳим шамолдаги елкан мисоли,
Уфқлар ортида кетар йўқолиб.

Бир-бирин изидан чопар бесабр,
Шитоб билан кунлар, ҳафталар, ойлар.
Номага интизор, интиқ кўзларинг
Йўлларга термулиб, йўлимни пойлар.

Совуқ жасадимни асрайди тағин,
Қабрнинг тупроғи чуқур бағрида.
Қалбинг зарбасидан олисда сенсиз
Қалбим чириб кетар тупроқ тагида.

Сўнгра шамол, ёмғир менинг номимни
Тошларнинг юзидан ювиб кетар жим.
Унутилиб кетар йўлда, ном-номус
Эртагидан фориғ менинг мозорим…

Одил Икром таржималари

ҚИЗИЛ ГУЛ

Қизил гул, қизил гул, қизил гул,
У мени қизил гул боғига
Олиб кетди ва изтиробли
Сочларимни ароларига
Бир қизил гул тақди қаро тун.

Сўнгра қизил гул япроғида
Бўсаларни тамини тотди.
Қизил гул, қизил гул , қизил гул,
Япроғида мен билан ётди,
Ўтли, ўтли боқди қаро тун.

Эй оёғи оппоқ каптарлар,
Эй бевақт кесилган дарахтлар,
Эй кўр деразалар юрагим,
Энди остида тонг қадар
Ишқ оташин ёқди қаро тун.

Қизил гуллар сурон қилганда,
Қизил гуллар қонли бир байроқ,
Бир мен учун бош кўтарганда,
ОҒИР ОЁҚ ЭДИМ ОҲ ОҒИР ОЁҚ
Гуллар охи оқди қаро тун.

Қизил гул
Қизил гул
Қизил гул

* * *

Ҳар уруғ заминин севгани каби,
Пайкаллар севгани каби шамолни,
Қайиқлар тўлқинни севгани каби,
Қушлар севганидай мовий самони,
Севаман уни.

Бу ишқ нима бирла абадий бўлар,
Қандай ўпич билан, қандай лаб билан.
Қайси бир замону, қайси бир тунда
Йўқ бўлиб кетган у мендай қалб билан.

Кунлар каби кечган мавсумлар каби,
Уйлар томидаги қорлардай гўё,
У хам охирда соялар ичра
Тўзондай йўқликка кетганмикин ё.

Эски сурат каби қайси бир қўлда,
Уни кимдир йиртиб ғижимлаб ташлар .
Қайси бир юракда қайси бир қалбда
Ишқ абадий яшар

Муслимбек Мусаллам таржималари