Витезслав Незвал (1900-1958)

Витезслав Незвал (Vítězslav Nezval; 1900-1958) — таниқли чех шоири, чех адабиётида сюрреализм оқими асосчиларидан бири. Болалигида мусиқа мактабида таълим олган. Биринчи жаҳон урушидан кейин Прагага келиб, Карлово университетида фалсафа бўйича таҳсил олган. Аммо, адабиётга бўлган қизиқиши туфайли университет дипломини олмаган. 1921 йилда «Девятсил» адабий-бадиий гуруҳига қўшилган, поэтизм оқими асосчиси ва чех авангард адабиёти етакчиларидан бирига айланган. 30-йилларда Парижда Бретон, Элюар билан танишгач, чех сюрреалистларининг ғоявий етакчиси сифатида фаолият юритган. 1938 йили бу гуруҳни тарқатиб юборган. Унинг шеъриятида янги замон руҳи, инқилобий ғоялар, экзотик мавзулар асосий ўрин эгаллайди. Бу айниқса шоирнинг «Ғаройиб сеҳргар», «Эдисон», «Замон чорлови» , «Тарихий манзара» достонларида, «Пантомима», «Қайтиш чиптаси», «Праганинг ёмғирли бармоқлари» каби дастлабки шеърий тўпламларида ёрқин намоён бўлган. А. Рембо, П. Элюар, Г. Гейне, А. С. Пушкин шеърларини чех тилига таржима қилган. Истеъдодли композитор ва мусаввир сифатида ҳам из қолдирган.
Витезслав Незвал ХХ аср шеъриятида салмоқли ўрин тутади. Унинг шеърлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Нозим Ҳикмат, Иосиф Бродский каби таниқли шоирлар унга бағишланган шеърлар ёзишган.

ОРЗУЛАРИМ

Урушлар нимадир — билмасин очун,
Ранги бўлаверсин қонсиз ҳам ёрқин!
Шеърларимни сутли чой қилиб ичинг,
Пиёла юборай барчангизга мен!

Сопол овозларда куйласин ҳар дам
Кулол ертўласи сингари олам.
Шеърлар турсин гулдор тақсимчаларда,
Ҳар кун эрталаб енг иштаҳа билан.

Ҳали тўла бўлса дунё ташвишга,
Ҳали эрта бўлса оромнинг пайти,
Майли, шеърларимдан бир-икки тишланг,
Жанг олдидан асло зиён қилмайди!

Қорнингиз оч бўлса, эгнингиз юпун,
Муҳтожликдан бўлса кўнглингиз ярим,
Майли, овқат бўлсин ё бирон буюм,
Далда, умид бўлсин сизга шеърларим.

Бу замин зулматга бўлмасин маҳкум
Фикрим шеърда баён қилмоқдир ишим.
Хўроздай уйғотай юртимни ҳар кун,—
Ўзимга ёқади бу ўхшатишим!

ПИЧОҚ ЮТҚИЧ

Тош қотиб бормоқда юрак, кўз, меҳр,
Ва яна кўп нарса — замона зайли.
Лекин, баридан ҳам нон қаттиқроқдир,
Уни орзу билан ивитолсайдик!

Саҳро ҳувиллаган, бўм-бўш, кимсасиз,
Нигоҳлар бўм-бўшдир саҳро сингари.
Қиёфаларда йўқ ҳеч нарсадан из,
Ҳувиллаб ётибди қалб даҳмалари.

Орзу керак, орзу! Тоқат бўлди тоқ,
Орзу деб бўғизга тақалди-ку жон!
Темирни чайнадик биз жуда узоқ,
Энди ютоламиз пичоқни осон.

ЙЎЛ БЎЙИДА

Ҳансирарди йўлчи ишчилар,
Қуёш оташ ёғарди бешак.
Йўл четида бундан бехабар
Ётар эди бир калтакесак.

Бири деди унга шу топда:
«Биз-ку, бунда терлаяпмиз хўп,
Сенинг эса, фақат офтобда
Тобланишдан бўлак ишинг йўқ».

Шу заҳоти бўлди бу гапни,
Қатъий деди кексароқ одам:
«Тинч қўйинглар калтакесакни…
Тинч қўйинглар… шоирларни ҳам…»

ХЎРСИНИШ

Рангсиз китобларга кетган
Дарахтлар ҳайф.
Қуриган бутоқка ёғилган
Қуёш нури ҳайф.
Ифлос денгиздаги қайиқлар ҳайф,
Ёмон одам тўккан кўз ёши ҳайф.

АЛОМАТ

Парвона келиб қўнди
Қўлёзманинг устига.
Нурга талпиндими у
Ва ёки зулматгами?

ТУШ ПАЙТИДАГИ ЎЙЛАР

1

Қачонлардир
Бир ҳикоя ўқиган эдим
Номи эсимда йўқ
Исмсиз бир шаҳар
Ёз пайти экани
Ҳовлида турган ёғоч столгина
Хотирамда қолган
Ҳозир
Мана шу пайтда
Кафе айвонида ўтирарканман
Қайтадан эсладим ўша манзарани
Кўмир ортган аравалар ўтиб бормоқда
Томорқада кўза ерга тушиб синди
Лекин онам нонуштага чақирмайди
Инглиз сигаретлари ҳидининг
Қуршовида барча аёллар
Мен
Яъни
Унутилиб кетган ҳикоядан чиқиб келган бола
Ботаётган қуёшнинг нури
Кафенинг ойнаванд эшикларига
Ўт қўяётганини
Кузатиб ўтирибман жуда берилиб

2

Ўрмонда
Бир булоқ бор
Каштан япроқлари сузиб юрадиган
Фонтандан сув ичишга ўрганган ҳабаш
Ўша булоқ устига энгашиб турар

3

Шеър ёзиш учун
Ҳаётни унутиш шарт эмас
Аёлни ўпаётганда унутган каби
Сеҳрли чироқ ёғдусига
Расмларни алмаштириб тутгандай
Ўзим ҳам билмасдан
Имзо чекаман-да
Бир ҳаётни қўяман бошқа ҳаёт устига

4

Орзу қилмоқ
Булутларга қарамоқ ва яшамоқ демакдир
Менга
Ҳатто болага халақит бермасдан
Яшайдиган олам керак

5

Табиатан
Маъсумликка
Эзгуликка мойилман
Мағрур чорлайман сени инқилоб

6

Олам ўзгаради
Лекин одам
Ўзида,
Ўзининг вужудида
Эзгу бир дўст топмас экан
Мунис бир ёр топмас экан
Шоир ва бола топмас экан
Ҳасратлари тугамайди унинг

ИЛТИМОС

Мен сендан кўп нарса сўрамайман, йўқ,
Зоғорабалиқни чизиб берсанг, бас.
Ҳам кўзим, ҳам қорним бўлсин доим тўқ,
Ҳам менга бошқалар қилсинлар ҳавас.

Менга қадаҳларни чизиб бер кейин,
Қашшоқ умидларим кадаҳларини.
Токи эрталаблар ичиб юрмайин
Гуллардаги шудринг садафларини.

Булутни чизиб бер, сояни чизгин,
Аёлни чизиб бер — бир моҳипайкар.
Худони чизиб бер (худосиз қийин),
Ҳеч бўлмаса унга сиғиниб юрай.

Шайтоннинг расмини чизгин эшикка,
Тезроқ олиб қочсин у бадкор мени.
Сендан илтимосим бор яна битта:
Деворга чизиб қўй сиртмоқ расмини.

* * *

Такрорлагин ўша эртакларингни,
Такрорлагин ахир, қолсин ёдимда.
Юпатгин мен ғариб, кўнгли яримни,
Бўламан деб айтгин доим ёнингда.

Ўпка-гиналарни такрорла, майли,
Гиналарингдан ҳам бўламан мен шод.
Ахир, ўтиб қолди умрнинг зайли,
Болалик ҳам ортга қайтмайди, ҳайҳот!

Огоҳ килиб турсин овозинг ҳар дам:
Умрим мақсадини унутиб қўймай,
Болалигимга завқ, ҳарорат берган
Бешикни унутиб юборганимдай.

Майлига, гоҳида елка ўгирсанг,
Маслаҳатларингни дариғ тутсанг ҳам,
Мен каби бечора бир ношудингдан
Юз буриб, бутунлай тарк этма, эркам.

Такрорла барини, такрорла, жоним,
Ҳатто тушларимда ёнимда тур сен.
Такрорла барини, такрорла, жоним,
Ҳар доим нафасинг сезилиб турсин.

ВИЛЬСОН ВОКЗАЛИДА

На бирон хат,
На бир телеграмма…
Тақдир бекинмачоқ ўйнар сен билан.
Амин бўлаверки,
перронга чиқсанг,
Кимдир келган бўлади албат.

Икки киши бўлиб, унинг юкини
Кўтариб кетасиз…
Ёки аксинча,
Улар икки киши бўлиб кетади,
Сен эса, борасан орқаларидан —
Учинчи,
Бутунлай ортиқча бўлиб.

* * *

Чорраҳага келиб, нега қарайман ортга,
Ва ташлайман маъюс назар ўтмиш ҳаётга?
Сен — шоирсан, барча кулфат сеникидир, ҳа,
Она деган нисбатинг бор барча жонзотга.

* * *

Гоҳо айтиш ҳам қийин — ким ким билан ўйнайди:
Мушук қуёш биланми ё қуёш мушук билан,
Шу ажойиб мўъжиза ҳам йўқолса мабодо,
Сендан нима қолади унда, айтгин, ШЕЪРИЯТ?

Машраб Бобоев таржималари

ТУБСИЗ ДАРЁ УЗРА

Сувлар тарам-тарам – эгил-да, қўл чўз,
Боғбон каби бу мевани уз.

Ол-да тафти қайноқ кафтингга шу он,
Етилсину пишсин – бер имкон.

Боғлар узра ёғду таратиб хушбахт,
Шафақ аста қанот ёйган вақт,

Бу кўк оловига кўз тикар экан,
Кафтинг ёзиб юборақол сан.

Шиша фонус кўкка чиққани маҳал
Олис йўлни ёритсин тугал.

Қара, тубсиз дарё узра у қалқиб,
Тўлин ойга айланар балқиб.

ҚЎШИҚ

Ҳурккандек, қўлларинг клавиш бўйлаб
Титраб чопар ойдин нур аро.
Сенинг узун олтин сочларинг пойлаб
Бошинг узра ёйиқ тўр аро.

Муҳаббатим, тафтим, қайғу-зорларим,
Тин олади баёт.
Сукунат чўзилар – шавқи ила жим
Теграда бор ҳаёт.

Нозик қўлга лабим тегинди, рўё –
Ичра унга эгилган сайин,
Ўпмайман – каптарни силайман гўё,
Йўқ, силашмас – ундан ҳам майин!

Клавиш салқини лабимга аён,
Билингандек дудоқ талхи ҳам.
Кўзингда тун ўт-ла хайрлашган он
Боғ бўшади-қолди ўша дам.

Мен қорачиғингга чўкдим; дарёнинг
Энг тез оқар еридагидек.
Бутун олам билан авж парвоз онинг
Мен, мен қаърда ётгандайман тек.

* * *

Тамаю манманлик, нафси наҳанглик
Кўр қилганлар, сизни мен маъзур кўрай.
Сизнинг бўйнингизда бадфеълу танглик,
Мен бўш вақтим ўтда ағнаб ўй сурай.

Настарин остида ястаниб ётсам,
Чиму кўкат анқир, иси қанотдай.
Энг оддий нарсани эсга олсам ҳам,
Сезаман ўзимни соппа-соғ, отдай.

СВРАТКА ДАРЁСИ БЎЙИДА

Чумчуқкўзлар қийғос очилган бир гул фасли
Қирғоқларни ўт-ўлан, қамиш қоплаган қалин.
Бу ерда чўмилиш – соз, кезиш ҳаловат асли,
Свратка қирғоғи бу, чумчуқкўзлар, гул фасли,
Сувлари муздек дарё ўйнар қорамтир ёлин.

Ёз бунда соя-салқин, тангадек офтоб тушмас,
Шундай тасвир бор: бир уй деворида, расмда.
Бу ер зира, мойчечак, ёвшан ҳидларидан маст,
Ёз бунда соя-салқин, – у расм ёддан чиқмас,–
Бир боғ ҳовлида кўрдим – болаликдан эсимда.

Бўлса бордир шод-шодмон гўзал ерлар бундан ҳам,
Дарёлар бор, эҳтимол, Свраткадан мастона,
Лекин бунда туб қўйиб, оила яшайди жам.
Бўлса бордир ободон, гўзал ерлар бундан ҳам,
Балки унда яшашга рози бўлмаган она…

Жаҳон ичра ажойиб давлатлар бор, эмас сир,
Дарёси, даласида зангор, яшиллик кўпроқ,
Моравия суюклигим бўлиб қолар барибир.
Жаҳон ичра ажойиб давлатлар бор, эмас сир,
Фақат бу мени туққан, менга жонажон тупроқ.

Серҳашам мозорлар бор – тенглаша олмасмиз биз,
Прагада Вишеград уч карра виқори кўп,
Брнодаги ул мармар даҳмалар менга азиз.
Серҳашам мозорлар бор – тенглаша олмасмиз биз.
Брно ёдгорликлари мен учун юз бор матлуб.

Чумчуқкўзлар барқ урган Свраткада, боқ, кўклам,
Ёзда бу ёнбағирни маккажўхори қоплар,
Қадрдон Брнони тарк этиб, пушмонмиз ҳар дам.
Чумчуқкўзлар барқ урган Свраткада, боқ, кўклам,
Минг марта кезса олам, бундай жойни ким топар…

Ажиб, гўзал жойлар бор, эҳтимол, Свраткадан,
Инкор этмайман асло – бўлса бордир чиндан ҳам,
Аммо мен ҳеч ким билан алиштирмасман ватан.
Ажиб, гўзал жойлар бор, эҳтимол, Свраткадан,
Бироқ бу менинг ерим, менинг жонажон онам.

ТОВУШ ОҲАНГИ

Сиёҳ, қалам, телпак расми-ла ёдда
қолган алифбени юнон ҳали билмасди,
йўқса, Ҳомер бунча кўтаринки келмасди.

Ҳомер – устоз, кимки шонни изласа,
бу, мен севган шеърият эса,
алифбедан олган андоза.
Бахтли дамларимда сўзларим содда.

ТАҚДИР

Барин, тақдир, о насиб,
Ташлаб кетганим дамда,
Қолувчи изим босиб
Бўлмас бутун оламда.

Унинг ё, бунинг ёки
Нарсаси, чиқари бор.
Сўзлар чайир, ҳаттоки
Қочиримлар ҳам тагдор.

Билар фикр этувчи:
Далилмас чала-ярим.
Рости, учиб ўтувчи
Ғозлар – менинг шеърларим.

Бир қисм шеър – буюргани
Йўлларда беради жон.
Ўзин билиб юргани
Сўнгида қолгай омон.

ЁШЛИК ҚАНДАЙ ГЎЗАЛ

Куйдирар гўзал ёшлик
Ишқу меҳри сабаби.
У сезгир ва қуёшли
Аёл бадани каби.

Ёшлик гўзалки, туйғун
Ўйнар ва отар ханда.
Ғижжак қиллари уйғун –
Лўли қўл тегизганда.

Гўзал ёшлик, ўтар у
Ёздай тез ҳам бесадо.
Бир боқсанг, тушган совуқ,
Қўшиқ ҳам бўлган адо.

КЕКСАЛИК ҚАНДАЙ ГЎЗАЛ

Кексалик гўзал қандай
Адоғидадир умр.
Чарчоқ – ажин манглайда,
Чаккада бўртган томир.

Кўнгилда сақлаб сирин,
Сокин ишқ боқар зимдан.
Яшаб бўлган яшарин –
Қўрқармиди ўлимдан?

ДАМ

Тоғларда уйғондим, жимликка ғарқ тун.
Қудуғу бошпана – юлдуздай узоқ.
Билдим, дайди суймас шаҳарни нечун,
Бунда қадам дадил, кўнгил эса чоғ.

Касалдан тургандек, шод дилда долға.
Бир шох кесиб олиб, силаб баргларин,
Бораман, сирли куч етаклар олға,
Қўлим мушт, оламан чуқур-чуқур тин.

Соф ҳаво симирдим, шудринглар кечиб,
Юлдуз муз сукути, минг қирра очиб,
Сайқал берди фикр шаффофлангунча.

Ўзи фақат расмда кўрган чўпонни
Куй аро, яйловда учратган они –
Ағдарилган қирол севинмас шунча.

РУҲ АЙНИШИ

Қабиҳдир одамга одам эгалик қилувчи олам,
Лекин қабиҳроқдир бу билан
муроса қилган инсоният,
Бундан ҳам қабиҳроқ мен учун – ўзим,
шахсан ожизлигим ўзимнинг.

Гапнинг сираси, оламнинг душманлари
уларни битта-биттадан бўғиш
мумкин бўлмаган қадар кўп эмас,
Уларни битта-битта бўға олмаган
Доктор каби бу ишдан қўлни ювиб,
Тартибга келтириб ўзимни сал-пал,
Ёза бошлай мен ҳам шеъримни.

Қабиҳдир одамга одам эгалик қилгувчи олам,
Қабиҳроқдир бу билан
муроса қилган инсоният.
Лекин бундан ҳам қабиҳроқ мен учун
ўкинчли сатримга кулаётган аҳмоқ.
Мен эса якунлай олардим
бу сатр билан
Ўзимнинг барча китобларимни.

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржималари

АФРИКАГА

Мен ҳеч хафа бўлмайман,
Ёғоч отни тутаман.
Апельсин ейиш учун,
Африкага кетаман.

Отим кишнаб ўйнайди,
Йиғлагани қўймайди.
Овутаман ўзимни,
Соғинмайман ҳеч кимни.

Қачонки андуҳ бўлса,
Нигоҳларга ёш тўлса.
Жаннатдан учиб келар,
Камалак капалаклар.

Ва бизга бўлар эрмак,
Тушга киргандай эртак.

ТОҒЛАР

Тоғлар, тоғлар,
Асал булоқлар йўлда.
Дарёлар денгизларга
Сузади эртак-солда.

Тоғлар, тоғлар,
Бешафқат, метин тимсол.
Пастда қишлоқлар нақши,
Уйлар оққушлар мисол.

Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси