Станислав Костка Нейман (1875-1947)

Станислав Костка Нейман (Stanislav Kostka Neumann) чех шеъриятининг атоқли вакилларидан бири: ХIХ аср ватанпарварлик шеърияти, жумладан, К. Гавличка-Боровский, Я. Неруда, С. Чех каби шоирларнинг ижодий меросхўри, айни пайтда улар ижодини ХХ аср чех шеърияти билан боғловчи жонли ҳалқа бўлиб ҳисобланади. Адабиётга ХIХ аср охирларида кириб келган. Империяга қарши ҳаракатда қатнашгани учун қамоққа ташланган ва илк шеърлар китобини ҳибсда эканида ёзган. Символизм оқими таъсирини бошдан кечирган (“Мен – янги ҳаёт хабарчиси”, 1896 ва ҳ.к.), сўнг ишчилар ҳаракати билан яқинлашган (“Ноумидлар оломони ҳақида туш” тўплами (1903) ва бошқа шеърлари), чех анархист шоирлари гуруҳига бошчилик қилган. У, айниқса, Биринчи жаҳон уруши арафасида, ватанпарварлик руҳидаги асарлари – “Чех қўшиқлари” (1910), пейзаж лирикаси – “Ўрмонлар, тепалар ва сувлар китоби” (1914) ва “Янги қўшиқлар” (1918 йилда нашрдан чиққан) тўпламлари билан довруқ қозонган. ХХ асрнинг 30-йилларида чех ва словак маданиятларининг фашизмга қарши ягона жабҳасини яратишда қизғин иштирок этиб, “Юрак ва булутлар” (1935) тўплами ва бошқа шеърларида фашизмга қаршилик руҳини бадиий ёрқин ифодалаган. Ишғол йилларида яратган асарлари “Тубсиз йил” (1945) ва “Ўлат теккан йиллар” (1946) тўпламларида жамланган. Ушбу қайдларнинг ўзиёқ шоирнинг ҳаёти ва ижоди қанчалик бой, шу билан бирга, қарама-қаршиликларга тўла бўлганини, энг муҳими эса, фаол ва самарали кечганини билдириб туради.
Бундан аввал ҳам Нейман шеъриятидан намуналар ўзбек тилига ўгирилган. Қуйидаги шеърлар шоирнинг “Ўрмонлар, тепалар ва сувлар китоби”дан таржима қилинди.

ҚИШ КЕЧАСИ

Йўқ, бу – рўё, эмас бу дунё,
у – тунларнинг нурли афсуни,
дала бахмал мавжлари аро
қора осмон болқитган уни.

Йўқ, бу дунё эмасдир – бу, йўқ,
у – йўлларнинг куйлари кумуш,
сокин жилва қуйиб қаърга кўк,
берган юлдуз нурига юмуш.

Йўқ, бу дунё эмасдир – бу; у –
Поёнсизлик атаган тортиқ.
Мен – бир онман, чўнг аёз – мангу,
Тилсим бўлмас бундан ҳам ортиқ.

АПРЕЛДА

Жигарранг гил, бўз тупроқ асли –
Водий узра, қовоғи уюқ;
Нишабларни босиб кўлкаси,
Тек қотади булутлар қуюқ.

Лекин қуёш яшнайди тағин,
Тўпдай бориб булутга тегар,
Олтинларин қуяди сахий,
Ўрмон гули кувачасига.

Гул гилами, оққайин пўсти,
Тепаларнинг равон тўлқини,
Мовий қубба – дарахтлар усти
Завқ-шавққа ғарқ қилади мени.

Улкан кема ичра жон фидо –
Юнгадек мен лол турай, сўнгра
Этай бутун водийга нидо:
“Қаранг, замин кўринди ўнгда!”

БЎРОН

Бўронга дуч келдим май ойи,
Кўз югуртсам, сўнарди осмон,
Свитава – водий чиройин
Тўсиб қўйди бадқавоқ бир он.

Қияликлар аро тирқираб,
Ҳар ён урди ўзин синган нур.
Милтиллар кўк, жони зирқираб,
Порлагали қайтадан бир қур.

Тўнглагандек сувлар зилоли,
Тўрт тарафда ухлар – неки бор,
Эмас исён ўйидан холи –
Фақат қора тик қарағайзор.

Ана, чақмоқ чақди-ю, алҳол
Икки бўлди зимистонни, боқ,
Ерга чўккан туманни дарҳол
Кўкка отди момақалдироқ.

Жала қуйди. Кўрдим, дарада
Савалар у ерни – ҳеч толмас.
Ким нур эммиш кундан, орада
Бўрондан ҳам бенасиб қолмас.

КАШТАН

Бўш вақтлар оламиз салқинида дам,
Лек у болаларга кўпроқ қайишар,
Ўйнасин, қувнасин дея майишар,
Изласин деб, тўкар мевасин кам-кам.

Бу намчил саҳарда яшнаб, гуркираб,
Кўксин эркин кериб, ёқлаб ҳар онни,
Боғга яқинлатмай шовқин-суронни,
Жим ўйлар у бошин булутга тираб.

Ғарбдан эсганида хуш ёқар салқин,
сизиб чиққанида кўздан бахтли ёш,
Қувноқ чирилдоқлар қилгандек талқин,
Гуллаганда каштан, бу – бизнинг қардош,
Шом вақт боғга бир қиз келиб кўз солса,
Хиёбонда ҳайрон, лол қотиб қолса.

БАҒИШЛОВ

О аёл, ер тути – бу, сир қафаси,
Ўрмон, чакалакзор ичра унгандир.
Қуёш саломлари, шамол нафаси
Қип-қизил мазага бунда дўнгандир.

Унга лабинг тегиз. Юракка сингсин
Бу тоту нафосат бўлиб жону тан.
Бил, ўпяпсан ҳозир қуёшни сен, чин,
Оғзинг бўяяпсан ер қони билан.

Ер тути келтирдим, боқ, эътибор қил,
Бу олтин нақшларни берган нур бўлиқ,
Бўл сен шу мевадек, шаффоф нур бўлгил,
Бўл еру қуёшнинг тафтига тўлиқ.

ЯЛАНҒОЧЛИККА МАДҲИЯ

Дарахтзорда июнь ёнар, осмонлар узоқ,
Солар ўрмон саслари-ла сукунат шовқин.
Гуллар аро шўх капалак учар, қўнар гоҳ,
Мудроқ босган япроқлар-да – гўё олмас тин.

Ўрмон зумрадлари узра олтин сочар кун,
Набототнинг тўй нафаси эсади бу дам,
Таратар ер қўзиқорин исини бутун,
Қарағайзор ҳид зулмати аро ғарқ нур ҳам.

Июнь ёнар шавқ-ла, ўша кўм-кўк ўрмонда…
Бирдан сачрар нам, деб: “Жиға чиқарсам зора”,
Сув юзига томчи томчир – у шўх бу онда,
Бор бу қилдек оқимларда кумуш фаввора.

Аммо бу ҳеч фавворамас, қуш саси эмас,
Мана, тинар товушлар ҳам, тинглар дуб, лекин, –
Фақат жимлик типирчилар ичи куйиб – маст.
Бормисан, Улуғ Пан? Ўтлар эгилиб секин,

Ёш қизларни чорлай бошлар сивизға куйи.
Ёнар ўтга солар бу он, июнь оташи…
Ё қиз чорлар дарахтзорда ўртанган кўйи –
Олмос порасидек сайқал берилган саси?

Ҳеч бўлмаса, уқубатли кунлар мумкинми –
Орзуламак: пайдо бўлур яланғоч бир қиз
Ҳув, этакда, қорақайин сояси-тими
Остларида ўтлар майин қалин, бўлиқ кез.

Ҳеч бўлмаса, барҳам топсин кўзлари очлик,
Кўнгилга ҳам орзудаги жазава тўлсин,
Бизни ишққа бошлар гўзал қипяланғочлик –
Инъом сиймоси-ла уйғунлик муборак бўлсин.

Ҳуснига нуқс, этагига кир илашмаган
Бу ижоддан гўзалроғин топмоқлик маҳол;
У юлдузлар, тонг шафағи нурига гулшан,
Яшнар унда қадим сўзлар мисоли ниҳол.

Тилла васфи кўнглимизга солар васваса,
Ҳар маънога бургудек иш, сирли ҳол – қизиқ.
Айёрлик – бир аянч нарса, азиз ҳам баъзан,
Бут йўлида не кас жонин берар демай “иҳ”.

Яланғочлик, бу – ҳаёт! У нондек арзанда,
У – тунлари бизга ёруғ ташлаган яшин,
Еру кўкни яраштирган у отган ханда,
Ҳар недан ҳам қадри баланд, у – пок, оташин.

Ҳавас қилгунг, учса шитоб – ғайратига мос,
Завқлантирса – кўклам сели каби куй билан,
Шавқлантирса – уйқусираб тўкилган гилос,
Тоғ сувлари жазб этгувчи минг бир куй билан.

Орзу қилсанг, бир ваъдани олиб бўйнингга,
Яланғоч бир қиз ўрмонда бўлсаю пайдо,
Қуёш нури билан бирга кирса қўйнингга,
Баҳоси йўқ туҳфа янглиғ айласа шайдо,

Ер сутига тўйган вужуд кучин тан олиб,
Ҳаёт юксак маъносини жон билган аъмол,
Моддий, нурли камалакдай умидга толиб,
Қўшиқчининг қучоғида касб этса камол.

ЖЎКА

Кўринмас эзгу руҳ – асалга ҳамда
Билгисиз, букилмас қувватга тўла,
Шох оралаб чиқиб келгандек бўлар,
Об-ҳаво жўнашиб кетгани дамда.

Кўк атри таралган бир вақт, кўлкада
Толиққан йўловчи тин олиб ётар,
Ўйлар: эрта олам гулларга ботар,
Ажиб ўзгариш рўй берар ўлкада.

Одамлар юрагин оғриқ-аламмас,
Қуйилиб тўлдирар донолик боли.
Меҳнат азоб эмас, қувонч бўлар, бас,

Кўҳна қаср устунларидек уйғониб,
Жўка хиёбони, тиниб хаёли,
Жуфт рақсдагиларни чорлагай ёниб.

ЗАМИНГА МАДҲИЯ

1

Замин, нам тупроғингга бармоқларни ботириб,
Қумингга кафтни босиб турмоқда шавқ бор.
Мен аёл қучоғини тарк этаман сени деб,
Гарчи улар танида ҳар нуқта менга дилдор.

Замин ҳаёти мени сир қўли-ла банд этди,
Унинг ҳидларин тамом симиргим бор мастона.
Замин буғдойранг кўксин гўёки менга тутди –
Эркакка хотин бўлиб, болага бўлиб она.

Титрайман, ҳовучимда тупроғинг жондай сақлаб,
Эркак қучоғидаги қизнинг аҳволидай бу,
Мен сени севаман, бил, маҳбубам бўлгин хоҳлаб,
Маҳкам боғласин бизни нигоҳ, сезги, ақл, туйғу.

БИР ДАСТА ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ

У ер, ўтлоқ – чалғи жарангу журинг,
Бу ер, дала – йилт-йилт марварид шудринг,
Бўридек йўртдим жим далалар бўйлаб.

Мен овдан сўқмоқлаб қайтган маҳалда,
Тиканли бутазор бергандек далда,
Гуллар томон имлар ненидир сўйлаб.

Лекин четлаб ўтдим – бермай эътибор,
Лолақизғалдоққа қўл чўздим ҳар бор:
“Шу тонгда туғилган гулларим, салом”.

Кўк гул дасталашга ёнимга тушди,
Ловуллаган, алвон, ёрқин, шўх, пушти –
Юксакдан термулар кўз узмай олам.

Қишлоқ одамлари куйманиб ишга,
Ишчилар отланиб борар юмушга,
Қизил гулдастага боқишар кулиб.

Ғира-шира тонгда қувнатсин кўзим –
Уни солдим гулдор кўзага ўзим,
Дарчамда чақнайди у шуъла бўлиб.

Лолақизғалдоқлар – қўшиқ! Шавқ келса,
Насроний Мария, яҳудий Эльза –
Унга парвонадай термулар, қонар.

Қарар муаллимлар, шаҳарликлар ҳам,
Деҳқонлар ҳам кулиб боқади ҳар дам.
У мажусий нур-ла пориллаб ёнар.

ХОТИМА

Дарахтзорлар алвон шаршара –
Ловуллайди кузга ҳамнафас.
Таралмоқда водийлар аро
Намчил пичан иси ҳар нафас.

Ўрим тамом. Нишаб шипшийдам.
Шамол қўпар, ўзин ўнглар-да,
Кулар, куяр эртакдай бир дам,
Ҳамма ёқда, яланг дўнгларда.

Қияликлар – аланга лов-лов…
Чор атрофни ёқмоқдадир куз.
Истардимки, ақл, юрак бирров –
Ухлаб олса эди юмиб кўз!

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржималари