Иржи Волькер (Jiří Wolker; 29 март 1900, Просниц (ҳозирги Простеёв, Чехия) — 3 января 1924, Просниц) — чех шоири.
БИР ЗАРБ БИЛАН ЙИҚИЛМАЙДИ БУ ЭМАН
Кўздан беркитди бу қари эман,
дўстлар, кўкдаги гўзалликлару
тонгларни манфур шохлари билан:
кўм-кўк боғимиз бўлди қоронғу.
Зиндондагидек қоронғу бу ер —
ҳеч нур тушмас бир зулматли олам;
Ҳар гулу чечак тонгни кўрсам дер,
аммо кўролмас бирортаси ҳам.
Бас! Бу эманни энди йиқамиз!
Ойболталар бор ахир ҳар қўлда!
Мардлик пичоғин қайраб чиқамиз —
фаҳшу ёвузлик чекилар йўлдан!
Бу пўлат тиғни қонимиз билан
Чархламади-ку бекорга ахир,
дўстлар, ишонинг, йиқилар эман —
тинмай зарбалар берсак бирма-бир!
Биргина зарб бу сершох, сервиқор
эманга таъсир қилмас ҳеч маҳал,
биз унга зарба берамиз минг бор!
Бундай яшашдан ўлган ҳам афзал —
сояда писиб яшашдан кўра,
қоронғуда мушт қилиб қўлларни!
Ким жасур бўлса, у олға борар,
толега туташ қилар йўлларни!
Сояда қолсак, қувраб, сўламиз!
Олға босамиз! Ғолиб бўламиз!
Юз минг бор зарба берамиз, чиркин —
қувроқ бу эман тагдан йиқилсин!
Яхши кишилар қувончи учун
Сиз бу дарахтни ерга йиқамиз,
сўнг арғувонлар соясида тин —
олганча қуёш сари боқамиз!
АКАС ДАРАХТИ
Қаҳратон қиш, қорлар қаърида
акас барги ҳамон барқарор,
қор уради менинг ортимдан,
кўчалар жим, маҳзун, ғуссакор.
Одамлар ҳам оппоқ зулматга
кириб, ғойиб бўлмоқда бир-бир,
бенаво барг, ким кўрар сени,
қор остида ётибсан, ахир.
Йўқ, сен томон ҳеч кимса, ҳеч кас
бир назар ҳам ташламас, бироқ,
Термуламан сенга доим мен —
туман ичра ёлғиз шамчироқ.
XОТИМА
Ёпурман мен сени, дафтарим,
тўлган юрак каби тўлдинг сен —
пинҳон тутиб севинч, кадарим,
ўз-ўзингча сўзлар бўлдинг сен.
Ҳаяжоним, дил ғалаёним
ҳар саҳфангга этилди рақам,
шавқимни ҳам, қайғумни ҳам жим
турганингча тингладинг ҳар дам.
Энди чекил! Бари бир бир кун,
ҳориб, белим букчайиб, кериб,
ғамдан кулиб, шодликдан маҳзун
тортиб, қайтиб келгум она сен сари.
ҚУШЛАР УЧИБ КЕТДИ
Қушлар учиб кетди, кўр,
жанубга учиб кетди.
Чексиз кўкка қараймиз,
етимлик бошга етди.
Улар учар юксакда,
етолмаймиз қувсак ҳам —
кўзу қўлларимизни
толиқтирган меҳнат, ғам.
Қушлар кетди жанубга…
Шундай келар айрилиқ,
юраклар эса маҳзун
кулгу, сукутга тўлиқ.
ТУТҚУН
Яромир Беракга
Тўрт деворли хочга банд этилган кун.
ўртанар, бағрига санчилмиш тамба.
Сув билан қон томар
жароҳатидан,
сув билан қон томар,
етти кунки, осмондан.
Бу — зиндон.
Бундадир минглаб ночорлар,
бундадир ўнлаб бўйсунмаганлар ва
менинг дўстим: ёши нақ йигирмада —
шунинг-чун тушмиш у дунёдан айро.
Бир маҳбуслик хона.
Жим бу ер.
Алдоқлидир бу ер.
Биқиқдир бу ер.
Лазаретдаги ярадор аскарлардек
уйлар оқсоқланиб кезар юракда.
Лазарет — мўъжаз, ёруг шифохона,
қўли синган она эса — менинг янги очилган ярам.
Оналар ишонади — бордир Шафқатли Руҳлар,
азобкор оғриқ ҳам бор, шерик бўлсалар агар.
Қуёш,
зарб ур ойнага нурларинг билан!
Бу тутқун — заминга экилган бир дон.
ДАЛИБОР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Бир замонлар ботир Далибор
Бу дунёда умр қурганди,
У эрйигит фақат ўзининг
кўнглидаги гапга юрганди.
Қирол черик тортибди, ботир
эрйигитни маҳв этмок учун;
Уни асир олиб, минора
зиндонига этибди тутқун.
Берк эшикни очмаса ҳам гар,
яхши йигит экан зиндонбон:
нон, сув билан бирга бандига
бир ғижжак ҳам берибди пинҳон.
Жўшқин қалби устига қўйиб,
сайратибди банди чалғуни,
фазоларда қушдай учмоққа
ўргатибди тутқун қалбини.
Зиндонминор остида бир халқ
яшар экан ҳақиру фақир,
эшитаркан ғижжак навосин,
дилларига кирмиш шодон нур…
Оғзига сув томизмай ҳеч кас,
Далибор ҳам ўлмиш бир куни.
Ўлим олди зиндондан қушдай
учирмиш у ўз юрагига.
У юлдузлар олами ичра
самоларда парвоз этармиш,
майхонада қўноқларга бир
нағма бўлиб қўшиқ айтармиш.
Қўноқ берган бир мири учун
унга нохуш-хуш дақиқада
доим куйлаб берармиш ўзин
озодлиги, эрки ҳақида.
ҚАБРТОШДАГИ ЁЗУВ
Бунда Иржи Волькер кўмилган — жаҳонсевар бир шоир.
Ҳақ йўлида у ташна бўлди,
аммо қалбни яланғочлаб у, жангга киргунга довур,
йигирма тўрт ёшида ўлди.
Тоҳир Қаҳҳор таржималари